Ислом Нури

 

Фиқҳий масалалар

 

Назрга доир ҳукмлар ҳақидаги боб

  • Назр луғатда вожиб қилиш маъносида бўлиб, назр қилиш деганда ўзига бирон ишни вожиб санаш тушунилади. Шаръий истилоҳда эса назр деб мукаллаф (оқил ва болиғ киши) ўзига Аллоҳ учун бирон ишни лозим қилишига айтилади.
  • Назр ҳам ибодат турларидан бўлиб, уни Аллоҳдан бошқага қилиш жоиз бўлмайди. Ким Аллоҳдан бошқага, яъни, масалан, қабрга, фариштага, пайғамбарга, валийга ё бошқага назр қилса, диндан чиқарувчи катта ширк билан Аллоҳга ширк келтирган бўлади. Чунки, у бу билан Аллоҳдан бошқага сиғинган бўлади. Ҳозирда ҳам азиз-авлиёлар ва солиҳларнинг қабрларига назр қиладиган кишилар Аллоҳга катта ширк келтираётган бўладилар, улар бу ишларидан Аллоҳга тавба қилишлари ва ҳазир бўлишлари, қавмларини ҳам бундан огоҳлантиришлари лозим бўлади.
  • Аслида назр қилиш макруҳдир, бир тоифа уламолар уни ҳаром санаганлар. Чунки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам назрдан қайтарганлар ва: «У бирон нарсани қайтармайди, фақат шу билан бахилдан (пул-мол) ундирилади», деганлар (Бухорий (6608), Муслим (1639), Абу Довуд (3287), Насоий (3801), Ибн Можа (2123) ривоятлари, Термизий ҳам шу маънода (1538) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Чунки, назр қилувчи шахс шариатнинг аслида лозим бўлмаган нарсани ўзига лозим қилади ва бу назри билан ўзини қийнайди, елкасига оғирликни олади. Мусулмон киши назрсиз ҳам яхшиликни қилиши матлубдир.
  • Лекин, агар тоат амалини қилишга назр қилса, назрига вафо қилиши фарз бўлади.

-                Аллоҳ таоло айтади: «Инфоқ қилган ҳар бир нафақангиз ва назр қилган ҳар бир назрингизни шубҳасиз Аллоҳ билади» (Бақара: 270).

-                Аллоҳ таоло яхшилар васфида айтади: «Улар (ҳаёти-дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонлик-даҳшатлари кенг ёйилувчи бўлган (Қиёмат) Кунидан қўрқурлар» (Инсон: 7).

-                Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг назрларини (яъни зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини) тўла адо қилсинлар» (Ҳаж: 29).

-                «Саҳиҳ»да Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилса, итоат қилсин! Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилса, осий бўлмасин!» (Бухорий (6696) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган).

Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳга тоатни лозим тутган кишининг Аллоҳга илтизоми тўрт қисмдан холи бўлмайди: ё фақат қасам билан бўлади, ё фақат назр билан бўлади, ё назр билан таъкидланган қасам билан бўлади, ё қасам билан таъкидлаган назр билан бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Уларнинг орасида: «Қасамки, агар (Аллоҳ) бизга Ўз фазлу карамидан (мол-давлат) ато қилса, албатта биз камбағалларга садақотлар қилурмиз ва солиҳ бандалардан бўлурмиз», деб Аллоҳга аҳд-паймон берадиган кимсалар ҳам бордир» (Тавба: 75). Бу киши унга вафо қилиши лозим бўлади. Акс ҳолда: «Бас, (садақотлар берурмиз), деб Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва (иймон келтирганмиз) деб ёлғон гапирувчи бўлганлари сабабли (Аллоҳ) уларга то Унинг Ўзига рўбарў бўладиган Кунгача дилларида нифоқ бўлишини оқибат қилиб қўйди» (Тавба: 77) ояти остига дохил бўлади» (Иъламул-муваққиъийн: 2/122).

Фуқаҳолар зикр қилишларича, назр боғланиши учун назр қилувчи болиғ, оқил ва ихтиёри ўз қўлида бўлиши шарт қилинади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қалам (яъни савоб ё гуноҳ ёзилиши) уч кишидан кўтарилган: ухловчидан то уйғонгунига қадар; гўдак боладан то балоғатга етгунига қадар; мажнундан то ақли жойига келгунига қадар», деганлар (Абу Довуд (4398), Насоий (3432) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Ҳадис далолатига кўра, бу уч кишидан қалам кўтарилгани боис назр лозим келмайди.

  • Кофир кимса агар ибодатни назр қилса, назри дуруст бўлади, Исломга кирса, ўша назрига вафо қилиши лозим бўлади. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши айтадилар: «Мен жоҳилият пайтида Масжидул Ҳаромда бир кеча эътикоф ўтиришни назр қилгандим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Назрингизга вафо қилинг», дедилар» (Бухорий (2032), Муслим (1656) ривоятлари).
  • Саҳиҳ назр беш қисмдир:

1)               Мутлақ назр. Яъни: «Аллоҳ учун назр қилдим», дейди, лекин нима назр қилишини айтмайди. Бу назрда хоҳ мутлақ бўлсин, хоҳ муаллақ (бирон шартга боғланган) бўлсин, қасамнинг каффорати лозим бўлади. Чунки, Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Назрнинг каффорати – агар номи айтилмаса – қасамнинг каффоратидир», деганлар (Термизий (1528), Ибн Можа (2127) ривоятлари, Муслим (1645) «агар номи айтилмаса» деган сўзларсиз ривоят қилган). Демак, бу ҳадис Аллоҳ учун назр қилган нарсанинг номи айтилмаган ҳолда каффорат лозим бўлишига далилдир.

2)               Безовталик ва ғазаб назри. Яъни, назрини бир шартга боғлаш ва бу билан ундан тўсиш ёки унга ундаш ёки тасдиқлаш ёки ёлғон санашни қасд қилиш. Масалан: «Агар сенга гапирсам – ёки агар сенга хабар берсам – ёки агар шу хабар тўғри бўлмаса – ёки ёлғон бўлса – ҳаж қилишни ё қул озод қилишни назр қилдим» ёки шунга ўхшаш гап айтиш. Бу назр эгаси назрини адо этиш ёки қасамнинг каффоратини бериш ўртасида ихтиёрли бўлади. Чунки, Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ғазаб ҳолатида назр йўқ, унинг каффорати қасамнинг каффоратидир», деганларини эшитганман» (Насоий (3842) ривояти).

3)               Мубоҳ назр. Яъни, кийимини кийишни ё уловига минишни назр қилишга ўхшаш. Бу назр эгаси назрини қилиш ёки агар қилмаса қасамнинг каффоратини бериш ўртасида ихтиёрли бўлади. Шайхулислом Ибн Таймия ихтиёр қилган фикрга кўра, мубоҳ назрда ҳеч нарса лозим бўлмайди (Мажмуъул-фатава: 1/30). Чунки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилаётган эдилар, тик турган одамга кўзлари тушди ва у ҳақда сўрадилар. «Абу Исроил, қуёш тиғида тик туришни, ўтирмасликни, сояланмасликни, гапирмасликни ва рўза тутишни назр қилибди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга айтинглар, гапирсин, соялансин, ўтирсин ва рўзасини охирига етказсин», дедилар» (Бухорий (6704) ривояти).

4)               Маъсият назри. Маст қилувчи ичимлик ичишни, ҳайз кунлари рўза тутишни, наҳр (қурбон ҳайити) куни рўза тутишни назр қилиш каби. Бу назрга вафо қилиш дуруст эмас. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилса, Унга осий бўлмасин», деганлар. Ушбу ҳадис маъсият назрига вафо қилиш жоиз эмаслигига далил бўлади. Чунки, маъсият ҳар қандай ҳолатда ҳам мубоҳ бўлмайди.

Қабрларга ё қабрлар аҳлига назр қилиш ҳам маъсият назрига киради. Бундай қилиш юқорида айтилганидек, катта ширкдир. Баъзи уламолар наздида бу назрга қасамнинг каффорати каффорат бўлади. Бу фикр Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Имрон ибн Ҳусойн, Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган.

Бир жамоат аҳли илмлар маъсият назри боғланмаслигини, шу туфайли унда каффорат лозим бўлмаслигини айтганлар. Бу фикр Абу Ҳанифа, Аҳмад, Молик, Шофеийлардан ривоят қилинган. Шайхулислом Ибн Таймия ҳам шу фикрни ихтиёр қилган ва айтган: «Ким бир қудуққа ё қабристонга ё тоққа ё дарахтга шам ёқса, ёки унга ё унда яшовчиларга назр қилса, жоиз бўлмайди ва унга вафо қилиш билиттифоқ жоиз эмас. Агар назрнинг эгаси маълум бўлмаса, уни фойдали ўринларга ишлатилади...» (Ал-фатавал-кубро: 5/553).

-                Яхши ишлар қилишга назр қилиш. Яъни, намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш ва ҳоказо тоат ишларига назр қилиш. Хоҳ мутлақ (яъни, бирон шартнинг ҳосил бўлишига боғлиқсиз) қилиб: «Аллоҳ учун намоз ўқишни ёки рўза тутишни назр қилдим» дейиш бўлсин, хоҳ бирон шартнинг ҳосил бўлишига боғлиқ қилиб, масалан: «Агар Аллоҳ беморимга шифо ато этса, Аллоҳ учун фалон ишни қилишга назр қилдим», дейиш бўлсин, фарқсиз. Агар ўша шарт ҳосил бўлса, назрига вафо қилиши лозим бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилса, итоат қилсин!», деганлар (Бухорий (6696) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган). Шунингдек, Аллоҳ таоло яхшилар васфида айтади: «Улар (ҳаёти-дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонлик-даҳшатлари кенг ёйилувчи бўлган (Қиёмат) Кунидан қўрқурлар» (Инсон: 7). Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг назрларини (яъни зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини) тўла адо қилсинлар» (Ҳаж: 29).

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 Юқорига