Ислом Нури

 

Китоблар

 

2 - Ўз-ўзини муҳосаба қилиш

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ ўз-ўзини муҳосаба қилиш қалб давоси ва саботи учун муҳим омиллардан бири эканини таъкидлаган. У айтади: «Ўз-ўзини муҳосаба қилмаслик – нафснинг ҳалокати ва унга эргашиш, демакдир. Шунинг учун ҳам осорларда шундай дейилган: «Оқил – нафсини бўйсундирган, ўлимдан кейинги ҳаёт учун амал қилган кишидир. Ожиз эса нафсу-ҳавосига эргашиб, Аллоҳдан хомхаёллик билан умидвор бўлган одамдир».

Умар розияллоҳу анҳу шундай дер эди: «Ҳисоб-китобга тортилишдан олдин ўзингизни муҳосаба қилиб олингиз, тарозига қўйилишдан олдин ўзингизни тарозига қўйингиз!» (Термизий ривояти: 4/550).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мўъмин кишига мудом ўзини муҳосаба қилган ҳолатида йўлиқасиз»;

Яна айтади: «Банда яхшилик устида бардавом бўлади, модомики нафсидан унинг учун бир воъиз бўлса ва ўз-ўзини муҳосаба қилишга аҳамият берса».

Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ айтди: «Тақводор киши нафсини очкўз шерикдан кўра ҳам қаттиқ муҳосаба қилади» («Қалб касалликлари ва даволари» рисоласига қаранг).

Инсон амал қилишдан аввал ўзини - ихлосида ва Аллоҳу  Расулининг амрларига риоя қилишида муҳосаба қилади. Қалбини Аллоҳ учун ва Аллоҳ йўлидаги муҳаббатни рўёбга чиқаришида назорат қилади ва шунга мажбур этади, амални тугатганидан сўнг нафсини камчиликлари ва ихлосни комил қилмагани учун муҳосаба қилади.

Шубҳасиз, бу иккиси ҳам қалб касалликларини даволашда муҳим омиллардан биридир. Аллоҳ таоло айтди: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз» (Анкабут: 69).

3- Бошқа воситалар

Масалан: илм, тақвони рўёбга чиқариш, тунги намозлар, дуони хусусан кечанинг охирги учдан бири қолганида кўп қилиш, чунки тунгги ибодатлар қабул бўлишга яқинроқ. Шунинг учун ҳам банда кечалари Аллоҳга кўпроқ тавба-тазарруда бўлсин, истиғфор айтсин.

Фақир-мискинларга таом едириш, кийим кийдириш ва кўп садақа бериш ҳам шу воситалардандир. Аллоҳ таоло айтди: (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни у сабабли поклашингиз ва  тозалашингиз учун молларидан бир қисмини закот сифатида олинг» (Тавба: 103).

У воситаларнинг муҳими – кўзни ҳаромга қарашдан сақлашдир. Аллоҳ таоло айтди: «(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир)» (Нур: 30).

Қалб касалликларининг давоси ҳақида сўз юритар эканмиз, қуйида Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳнинг бу ҳақда айтган: «Қалб соғломлиги ҳамда унинг бахтсизлиги ва ўлими белгилари» унвонли нафис сўзларини келтирмоқчимиз:

 

Қалб соғломлигининг белгилари

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ қалб соғломлиги ва нажотининг белгилари ҳақида шундай деди:

Соғлом қалб:

1-     Ўз эгасини то Аллоҳга тавба қилиб, қайтмагунича тавба қилишга ундайверади.

2-     Соғлом қалб эгаси Роббисини мудом зикр қилиб, унга ибодат қилишдан малолланмайди.

3-     Соғлом қалб эгаси вирдини (кундалик намоз ёки зикрдан иборат вазифасини) бирон сабаб билан қилолмай қолса, молу-дунёсини йўқотиб қўйгандан кўра қаттиқроқ аламланади.

Шу ерда бир тўхтаб ўтайлик. Аллома Ибнул Қоййимни Аллоҳ раҳмат қилсин, кундалик вирди бўлмаган одамлар ҳақида, балки фарз намозларини қазо қилиб, ундан на ҳасрат ва на алам чекадиган, гўёки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аср намозини ўтказиб юборган одам гўё оиласи ва молу-мулкидан айрилибди», деган сўзларини (Имом Бухорий: 2/30; имом Муслим: 1/436) эшитмагандек яшаётган одамлар ҳақида нима деган бўлардикинлар?!

4-     Соғлом қалб эгаси ибодатларда таом ва ичимликлар лаззатидан кўра кўпроқ лаззат топади. [Айтингларчи, қайси биримиз ибодатдан лаззат олмоқдамиз?!»]. Қалб ибодатдан фориғ бўлгач ўзида лаззатни топа олаяптими?!

5-      Соғлом қалб эгаси агар намоз ўқишга киришса, дунё ҳақидаги ташвишлари кетади. [Бизнинг ҳолимизни кўрингки, барча дунёвий ишларимиз намоз ўқиганимизда ақлимизни чулғаб олади. Ҳатто дўстларимиздан бири менга бир одамнинг намоз ичида туриб, чўнтагидан ҳисоб варақаларини чиқариб, ҳисоблай бошлаганини айтиб берди. Бу ва бунга ўхшаш кўплаб мисоллар борки, улар Аллоҳ ҳузурида ва намозда туришдаги хушуъни кетказади. Бундай одамлар намоз лаззатини қаердан билсинлар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Билол, бизни намоз билан роҳатлантир!»[1] ва «Қувончим намозда қилинди»[2] деб, айтган НАМОЗ қаерда?! Кўпчилик мусулмонларнинг ҳолат тили: «Бизни намоздан қутилтир!» демоқда. Шунинг учун ҳам имом намозда узунроқ сурани ўқиб қўйса, улардан бири намозхонлар ҳолига риоя қилиш ҳақида «ёдлаб» олган ҳадислар «шодаси»ни териб ташлайди. Ҳолбуки, имом намоздаги вожиботларга халал етказадиган даражада чала-чулпа ўқиса, унга танбеҳ берадиган одамни топиш мушкул, Аллоҳ хоҳлаган озгина одамларгина бундан мустасно.]  

6-     Ғам-ташвиши Аллоҳ учун ва Аллоҳ йўлида бўлади. Бу – олий мақомдир.

7-     Вақтларининг зое кетишини хасис одам бойлигига қурумсоқлик қилганидан кўра кўпроқ қизғанади.

8-     Амалнинг ўзидан кўра ҳам уни тузатишга кўпроқ эътибор беради («Қалб касаллиги ва соғломлиги» рисоласига қаранг). [Бу – ўта муҳим нуқтадир. Одам ўз амалини ниятни тўғрилаш, Расулуллоҳга эргашиш ва Аллоҳга қулликни рўёбга чиқариш билан тузатишга катта эътибор бериши керак. Чунки амалдан назарда тутилган ғоя мана шудир].

Мазкур бандлар қалбнинг соғломлиги белгиларидир. Энди эътиборингизга қалбнинг касаллиги ва бахтсизлиги белгиларини ҳавола этамиз.

 

Қалб касаллиги ва бахтсизлиги белгилари

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ қалб касалликлари ҳақида қуйидагиларни айтган:

1-     Касал қалбни номаъқул ишларнинг жароҳати оғритмайди.

Айтингчи, қалбимизнинг жароҳатларидан, кечаю-кундуз қилаётган гуноҳ ва маъсиятларимиздан дилларимиз оғрияптими?!

Гуноҳ қилган онимиз афсус чекиб, тавба-тазарру қилаяпмизми?!

Жамиятимизда содир бўлаётган мункар ва гуноҳ нарсалар бизни аламлантирдими?! Бу мункарларни ўзгартириш учун ҳаракат қилдикми?! Ўзида бўлсин, жамиятида бўлсин, яхшиликни билмайдиган, мункарни инкор қилмайдиган қалб эгаси вақтни қўлдан бой бермай зудлик билан қалбини даволашга киришмоғи керак.

2- Касал қалб эгаси гуноҳ қилаётганда лаззат олади кейин эса роҳатланади. [Мўъмин эса Аллоҳга осий бўлса афсус чекиб, истиғфорлар айтади. Вақтни бой бермай, зудлик билан Аллоҳга тавба қилишга шошилади!]».

Минг афсуслар бўлсинки, Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари баъзи одамларга мос тушади. Улардан баъзилари кинофильмларни томоша қилишда лаззатланадилар ва бу лаззат улар билан узоқ вақт давом этади.

Баъзилар эса футбол мусобақаларида хозир бўлиш ёки эфир орқали кўриш билан лаззат оладилар. Агар у суйган жамоа ғолиб бўлса бу лаззат янада давомли бўлади. Шу гаплардан кейин бу ишнинг хатарини тушуниб етамизмикин?!

3- Касал қалб эгаси тубанликни олийликдан афзал кўради. Олий ишлар қолиб, арзимас нарсаларга эътибор беради. [Баъзи мусулмонларнинг ўз биродарлари ва Уммат ҳолидан ташвишланмасдан, арзимас нарсаларни дин аҳкомлари, Ислом уламолари ва имомларини билгандан кўра кўпроқ билишлари ҳақида нима дейишимиз мумкин?!].

Спорт ва санъатга ошиқ бўлган кўп ёшларнинг у учун севиниб, қайғураётганлари ва совураётган пулларини кўриб ачинасан киши. Ҳолбуки улар, Афғонистон, Фаластин, Филиппин, Эритрея ва бошқа юртлардаги диндош биродарларининг муаммолари билан унчалар қизиқишмайди! Бундайларнинг қалби саломатми? Биз бундай инсонларга қарата: «Қалбингдан огоҳ бўл, у ҳалокат ёқасида!», деймиз!

4- Касал қалб эгаси ҳақиқатни ёқтирмайди, ундан сиқилади. Бу – мунофиқликнинг бошланиши, балки  ниҳоясидир!!

5- Касал қалб эгаси солиҳ одамлардан ётсирайди, гуноҳкор осийлар билан улфат бўлади. [Баъзи одамлар солиҳ кишилар билан бирга ўтиришга тоқат қила олмайдилар. Улар билан улфатлаша олмайдилар, балки уларни ва ўтиришларини масхара қилиб куладилар. Бундай одамлар палид ва гуноҳкор кимсалар билан бирга ўтирсаларгина кўнгиллари «ёришади». Шубҳасиз, бу – улар қалбидаги мараз ва бузуқликларга далилдир].

6- Касал қалб эгаси шубҳаларни қабул қилиб, улар билан таъсирланади, тортишишни севади, Қуръон ўқишдан узоқ бўлади.

7- Касал қалб соҳиби Аллоҳдан бошқасидан (Аллоҳдан қўрққанидек) қўрқади. Шунинг учун ҳам имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: «Агар қалбингни тузатсанг эди, бирон махлуқдан қўрқмас эдинг», деганлар.

[Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ золим подшоҳлардан бирига пешвоз чиқиб оғир (қаттиқ) сўзларни айтади. Подшоҳ ўтиб кетгач ундан одамлар: «Эй имом, ундан қўрқмадингизми?!», деб сўрашди. Ул зот «Аллоҳнинг буюклигини тасаввур қилдим, шунда подшоҳ менинг назаримда мушукдек бўлиб қолди!», деб жавоб берган эди. Бугунги кунда эса одамлар бошлиғидан ёки мелисадан Аллоҳдан қўрққандек қўрқмоқдалар. Шубҳасиз, бу қалб хастадир ва оқил одам нафсининг душманидир).

8- Қалбда ишқ бўлиши. Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтди: «Киши ишққа тавҳиди ва иймони заифлиги сабабли мубтало бўлади. (Аллоҳга) қайтувчи қалбда эса ишқдан тўсувчи икки нарса бўлади: Аллоҳга инобат қилиши-қайтиши, Унигина суюши ва Ундан қўрқиши.

9- Касал қалб на яхшиликни ва на ёмонликни билади ва на ўгитлардан таъсирланади.

 

ХОТИМА

Мавзуни ёритишни чўзиб юборган бўлсам, бунинг сабаби фақат сизларнинг эътиборларингизни тортиш эди. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз! Қалбларингизга раҳм қилингиз, уларни эзгуликларга ундаб, ёмонлик ва зарарли нарсалардан сақлангиз!

Юрак касалига чалинганини билган одам қанчалар қайғуради. Хўш, эртаю-кеч қалбларимизга рўбарў бўлаётган синовларга, гуноҳ-маъсиятлар сабабли қалбларимизга етаётган жароҳат ва касалликларга ана шу одамдек қайғурдикми?! 

Қалбларимиз ҳақида Аллоҳдан қўрқайлик! Чунки, нажот унинг соғломлигида: «У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас; Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берар)» (Шуаро: 88,89).

Айтингларчи, судхўрлик, судхўрликка ёрдам, пора олиш ва бериш, одамларнинг шарафига тегадиган ғийбат ва чақимчилик каби сон-саноқсиз гуноҳлар уммонида эканимизда Аллоҳдан қўрқдикми?!!

Қалбларимизга шафқат қилайлик, Қуръонни кўп тиловат қилиш, ўқиб- ўрганиш, нафл ибодатларни кўпайтириш, кўп садақалар бериш ва Аллоҳни кўп зикр қилиш билан қалбларимизни Аллоҳнинг ибодатига ундайлик! Токи Аллоҳга тавба-тазаррули, соғлом қалб билан йўлиқайлик. Бошқаларнинг қалблари билан машғул бўлиб, ўз қалбларини унутган биродарларимизни қайта-қайта огоҳлантираман: «Қалбингизни қутқаринг! Қалбингизни қутқаринг!».

Аллоҳим, Сендан ишларда матонат ва йўлингда саботни, неъматларингга шукрона келтириш ва ибодатларингни чиройли қилишни, Ўзингга маълум бўлган энг яхши нарсаларни беришингни сўраймиз. Сенгагина маълум бўлган ёмонликлардан паноҳ сўраймиз.

Аллоҳим, билмай қилиб қўйган хато ва гуноҳларимизни мағфират қилишингни тилаймиз.

 Аллоҳим, Сендан соғлом қалб ва тўғрисўз тилни сўраймиз.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, У зотнинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Арабчадан ўзбекчага ўгириш 2006 йилнинг 30 август (1427 ҳижрий сананинг 6 Шаъбон)ида якунланди.

 

Қуръон оятларининг таржимасида шайх Алоуддин Мансурнинг «Қуръон Карим изоҳли таржимаси»дан баъзи ўзгартишлар билан фойдаланилди.


[1] - Имом Аҳмад: 5/364 – 371; Абу Довуд: 19/223.

[2] - Имом Аҳмад: 3/128; 185; 199), Насоий: 7/61 ва бошқалар.

 
◄◄◄Бошига қайтиш

Тамом

 ЮқоригаÎ