Ислом Нури

 

Китоблар

 

  Ҳасад ва ғайирлик

Ҳасад ва ғайирликдан ичимиздаги ким қутула олган?! Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтди: «Ҳасад – нафс касалликларидан биридир. Балки нафс касалликларининиг аксари шундандир. Ундан озчилик одамларгина қутула оладилар. Шунинг учун ҳам: «Тана ҳасаддан холий бўлмаган. Фақат уни пасткаш ошкор қилади, карим одам яширади», деб бежиз айтишмаган («Амрозул-қулуб ва шифауҳа»). Аллоҳ таоло айтди:

«Ёки одамларга (яъни Муҳаммад алайҳис-саломга) Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага (яъни пайғамбарликка) ҳасад қиляптиларми!» (Нисо: 54);

«... ва ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб (Роббимга) илтижо қиламан» (Фалақ: 5).

Ҳадис шарифда: «Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингизга ҳасад қилманг!», дейилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу таоло анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳасаддан сақланингиз! Чунки у, олов ўтинни (бир ривоятда «ўт-ўланни») еганидек яхшиликларни ейди», дедилар» (Шайхулислом ибн Таймийя «Амрозул-қулуб ва шифауҳа»).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Ҳасадни кўксингга кўм! Модомики, қўл ва тил аралашмас экан сенга зарар бермайди» (Аввалги манба).

Энди ҳасаднинг давосига келсак, шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ унинг давоси ҳақида ушбу сўзларни айтган: «Ким ўзида бошқаларга бўлган ҳасад туйғусини сезса унга қарши тақво ва сабрни ишлатсин, шунда у ҳасадни чин юрагидан ёқтирмай қолади.» (Аввалги манба).

Ҳасаддан ҳеч ким, хусусан аёллар ва авом қутула олмаганлари учун ҳам, ҳасад ва ҳавас ўртасидаги фарқни эслатиб ўтмоқчиман. Чунки биринчиси, яъни ҳасад мазамматли, иккинчиси эса ундай эмас.

Ҳасад – бирон кишига берилган неъматнинг заволини орзу қилишдир. Ҳавас эса, бирон кишидаги неъматнинг завол кўрмасдан ўзида ҳам унинг бўлишини орзу қилишдир. Расулуллоҳ соллоллаҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки кишига ҳасад қилса арзийди: Аллоҳ бир кишига бойлик берган, у уни яхши ишларга сарфлайди, ҳамда Аллоҳ таоло бир кишига ҳикмат берган, у ушбу ҳикмат билан ҳукм қилиб, уни бошқаларга ўргатади.[1]»

«Икки кишига ҳасад қилса арзийди: Аллоҳ таоло унга бу китоб (Қуръон)ни берган, у эса унга кечаю-кундуз амал қилган киши ва Аллоҳ унга бойлик ато этган, у эса уни кечаю-кундуз садақа қилган киши.[2]»

Мазкур икки ҳадисдаги "ҳасад" "ҳавас" маъносидадир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу икки ҳасаднинг жоизлигини айтганлар.

 

Димоғдорлик, манмансираш, бошқаларни таҳқирлаш ва мазах қилиш

Аллоҳ таоло айтди:

«... аниқки уларнинг дилларида бир кибр (яъни ўзларини сиздан катта олиш) бордирки, улар ўшанга (яъни ўзлари орзу қилган катталикка) етувчи эмасдирлар.» (Ғофир: 56);

«... залолат нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни англаб етмайдиган қилиб қўюрман).» (Аъроф: 146);

«Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истмайдиган кишилар учун қиламиз. Оқибат тақво қилувчи кишиларникидир.» (Қасас: 83);

«Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравоннинг қалбини мана шундай муҳрлаб қўяр.» (Ғофир: 35);

«Албатта, У зот мутакаббир кимсаларни севмас.» (Наҳл: 23);

«Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ...» (Тавба: 25).

Луқмоннинг ўғлига қилган васиятларидан бири шундай эди: «ва Ерда кибру-ҳаво билан юрмагин» (Луқмон: 18).

Ўзини пок қилиб кўрсатиш жуда катта балодир. Аллоҳ таоло айтди:

«Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни ҳам жуда яхши билувчидир» (Ван-нажм: 32);

«(Эй Муҳаммад), ўзларини пок қилиб кўрсатаётганларни кўрмадингизми? Йўқ! Фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотларни покловчидир» (Нисо: 49).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло масхара қилишдан қайтарди: «Эй мўминлар, (сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавмдан масхара қилиб кулмасин — эҳтимолки, (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёлларга (масхара қилиб кулмасинлар) — эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар» (Ҳужурот: 11).

Масхаралаш – ҳалокатга олиб борувчи иллатдир. Аллоҳ таоло айтди:

«Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?. Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» ((Тавба: 65 – 66);

«Дарвоқе жинояткор кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулувчи бўлдилар» (Мутоффифун: 29).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Қалбида заррача кибри бўлган инсон жаннатга кирмас!» (Имом Муслим: 1/93);

«Мусулмон биродарини ҳақорат қилиш кишининг ёмонлигига кифоядир» (Имом Муслим: 4/1986).

Ҳозирги кунда бошқаларни таҳқирлаш, уларга димоғдорлик ва мутакаббирлик қилиш кучайди. Биров бировни ўзидан билим савияси ё мансаби пастроқ ёки камбағалроқ ёхуд бошқа миллатдан бўлгани учун камситаётганини кўрасиз. Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда ўзини ўзи кўтараверади, охири унинг исми жаббор-золимлар қаторига ёзиб қўйилади ва унга ҳам у (золим)ларнинг бошига етган нарса етади!», (Термизий ривояти, ҳасан ҳадис).

Айрим одамлар ўзидан мансаби ёки мартабаси пастроқ бўлган ёки камбағал одам тарафидан «биродар» деб чақирилишдан жирканадилар-да, унга нисбатан одобсизларча ва унинг кўнглига қарамай нолойиқ сўзларни айтиб юборадилар. Бунинг барчаси ҳайбат ва нуфузни ҳимоя қилиш учун қилинади.

Бу бечора фаррош бўлса керак деб ўйлаётган одам, балки, Аллоҳ таоло ҳузурида ўзидан кўра севимли ва мартабалироқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши сочлари тўзғиган, чангга беланган ва эшиклардан қувилган бўлиши мумкин, бироқ Аллоҳ номига қасам ичса Аллоҳ уни оқлайди» (Имом Муслим: 4/2024).

Солиҳ кишилар устидан кулишдан ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Чунки бу хатарли иш. Аллоҳ таоло айтди: «Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65 – 66).

Шунингдек соқол, ҳижоб, шимни тўпиқдан юқори кийиш каби мусулмонлик русумларини масхара қилиш Ислом динидан чиқиш – муртадликка олиб боради. Бу ишлардан эҳтиёт бўлайлик, дўстларимизни огоҳлантирайлик. Чунки иш анчагина жиддий.

 

Гина ва адоват

Ўтган мўминларга яхшилик билан эргашган кишиларнинг дуолари қуйидагича бўлади: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтадилар: «Роббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин ...»« (Ҳашр: 10).

Аллоҳ таоло жаннат аҳлига қилган сийлови ҳақида шундай дейди:

«Биз (жаннатлардаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига рўбарў ўтирган зотларнинг дилларидаги ҳар қандай гина-кудуратларни чиқариб ташладик» (Ҳижр: 47);

«Остларидан дарёлар оқиб турар экан, уларнинг кўнгилларидан (бир-бирларига нисбатан бўлган) ғиллу ғашликларни тортиб олурмиз» (Аъроф: 43).

Шояд бу иллат ҳақидаги сўзимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарбиялаган, одоб ва таълим берган, тарбиялаганда ҳам  бугунги ёшларимиз ҳолатидек спорт, санъат ёки бошқа фойдасидан зарари кўпроқ бўлган нарсаларда эмас, иззат, қувват ва билим майдонида тарбиялаган ёш йигит - Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳикояси билан чеклансак.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. У айтди: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир даврада ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир одам кириб келади», деб қолдилар. Пойафзалини чап қўлида кўтарган, соқолларидан таҳорат сувлари томчилаб турган ансорлардан бири кириб келди. Эртаси кун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айнан ўша сўзларини такрорладилар ва яна ўша одам айни ҳолатда кириб келди. Учинчи куни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айнан ўша сўзларини такрорладилар ва яна ўша одам аввалги ҳолатида кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврадан туриб кетганларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ҳалиги одамнинг орқасидан етиб олиб унга деди: «Мен отам билан тортишиб қолдим ва унинг олдига уч кун кирмасликка қасам ичдим. Агар рухсат берсангиз шу уч кун давомида сизнинг уйингизда қолиб турсам». У киши "майли", деди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: «Мен уч кун давомида ўша уйда қолдим. Уй эгасининг то бомдод намозига қадар тунгги намозга умуман турмагани, фақатгина кечалари уйғониб кетса Аллоҳни зикр қилиб, такбир айтганига гувоҳ бўлдим. Мен унинг фақатгина яхши гапларни гапирганини эшитдим. Уч кун ўтгач мен унинг қилаётган амалларини нописанд қилишимга бир баҳя қолди. Мен унга дедим: «Эй Аллоҳнинг бандаси, отам билан ўртамизда бирон бир келишмовчилик бўлмаган эди. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиз ҳақингизда уч марта: «Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб келади», дедилар ва уччаласида ҳам сиз кириб келдингиз. Шунинг учун сизнинг қилган амалларинигизни кўриб, ўрнак олиш учун сизникида тунамоқчи бўлдим. Лекин сизни унчалик кўп амал қилганингизни кўрмадим. Айтингчи, сизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган мақомга эриштирган нарса нима? У: «Мен нима амаллар қилган бўлсам, уни кўрдинг». Мен қайрилиб кетаётгандим, чақирди ва: «Мен нима амаллар қилган бўлсам, уни кўрдинг»  лекин қалбимда биронта мусулмонга нисбатан хиёнат туйғусини топмайман ва бирон кишига Аллоҳ таоло унга берган яхши нарса учун ҳасад қилмайман», деди. Мен: «Мана шу сизни (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган) мақомга етказибди. Биз буни қилишга тоқат қила олмаймиз», дедим.[3]»

Ҳа, демак, қалбнинг мусулмонларга нисбатан муҳаббат, уларни кечириш ва уларга сабр қилишга тўлиб-тошишининг миқдори шу экан!

Азиз дўстим, имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадис ҳақида фикр юритиб кўрайлик: «Душанба ва пайшанба кунлари жаннат дарвозалари очилади. Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмаган ҳар бир банданинг гуноҳи кечирилади. Фақатгина ўзи билан биродари ўртасида адовати бўлган кишини кечирилмайди ва: «Бу иккисини(нг гуноҳларини кечиришни) ярашгунларича кечиктирингиз! Ярашгунларича кечиктирингиз», дейилади» (Имом Муслим: 4/1987).

Тиббиёт олимлари кин-адоватнинг бу дунёда инсон саломатчилигига катта салбий таъсирлари бор эканини таъкидламоқдалар. Бу – дунё ҳаётидаги нақд жазо бўлса, охиратдагиси бундан кўра қаттиқроқ ва аламлироқдир!

 

Ноумидлик

Бу касаллик балолар кучайган, Аллоҳнинг нусрати кечиккан пайтларда пайдо бўлади-да, баъзи одамлар Аллоҳнинг ёрдами ва ваъдасидан ноумид бўладилар. Бу уларнинг баъзиларини даъват ва амални тарк қилишига олиб боради. Бундан ҳам хатарлиси эса, дунёю охиратда Аллоҳнинг ваъдаси ва жазолари кечикади деб эътиқод қилишдир.

Ҳатто баъзи одамлар аламли воқеъни - Аллоҳнинг душманларининг мустаҳкам бўлиб олганлари, ҳукмронликни, сиёсий ва иқтисодий жиҳатларни қўлга олганларини кўриб: «Ислом ғолиб бўлиши ёки унинг оёққа туриши маҳол», деган эътиқод билан йўлдан чекинганларига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Мана бу қиссани дўстларимдан бири айтиб берганди. Бир солиҳ одам авваллари даъват билан шуғулланган экан, кейин эса уни ташлаб қўйибди. Унинг мухлислари келиб, ундан бунинг сабабини сўрашганида: «Биз Америка, унинг махфий хизматлари ва билдирмай эшитиб олиш жиҳозлари биздан ғафлатда қолган ҳолда Аллоҳга даъват қила оламизми?! Улардан бирон нарсани яшириб бўладими, ахир?! Шунинг учун ҳам бирон нарса қилишга қудратимиз етмайди», деб жавоб берибди.

Бу бечора Аллоҳ таолонинг ушбу оятини унутган кўринади: «Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким ман қила олмайди) лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар» (Юсуф: 21).

Мисол учун, Мусо алайҳиссаломнинг қиссасини оладиган бўлсак, у зотнинг ҳаётлари ва даъватларининг ҳар бир босқичида Аллоҳнинг у кишига ва даъватларига бўлган иноятини, охир-оқибат Аллоҳнинг золимларни ҳалок қилгани ва исломий даъватни барқарор қилганини кўриш мумкин. Келинг, Аллоҳ таолонинг ушбу оятлари ҳақида бир тафаккур қилайлик:

«Бас уни Фиръавн хонадони (ўсиб-улғайгач) ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари хато қилувчи бўлдилар» (Қасас: 8);

«Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўп (одамлар Аллоҳнинг ваъдаси хақ эканини) билмайдилар» (Қасас: 13);

«Шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: «Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас сен (бу шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта мен сенга холис бўлган кишиларданман», деди» (Қасас: 20);

Мусо алайҳиссаломнинг қавми: «Бизлар аниқ тутилдик» (Шуъаро: 61) деганларида, Мусо алайҳиссалом уларга ишонч билан: «Йўқ, аниқки мен билан бирга Роббим бор. Албатта у мени (нажот) йўлига бошлар» (Шуъаро: 62)- деди.

Барча пайғамбарлар қиссаларини ўқир экансиз, Аллоҳ таолонинг исломий даъватни ҳимоя қилгани, золимларни ҳалок қилгани ва охир-оқибат ушбу раббоний даъват ғолиб келганини кўрасиз. Аллоҳ таоло айтди: «Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдан чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз» (Қасас: 5).

Мени оддий инсонлардан бирининг софдиллик ва соғлом назарга далолат қиладиган машҳур ҳикояси доимо ҳайратга солади. Оталаримиз айтишларича, араб шаҳарларидан бирини душман қамал қилиш асносида одамлар душман ишлатиши мумкин бўлган тайёралар ҳақида гапира бошлабдилар. Баъзи одамлар илгари ҳеч кўрмаганлари боис бу нарсадан қўрқиб, даҳшатга тушибдилар. Саҳройилардан бири келиб, тайёралар ҳақида одамлардан сўрабди. Одамлар унга: «Улар тепамиздан келиб, устимизга бомбалар ёғдиради», дейишибди. У ўзининг соғлом фитрати билан: «Тайёралар Аллоҳдан юқоридами ёки Аллоҳ улардан юқоридами?», деб савол берибди. «Аллоҳ улардан юқорида!» деган жавобни олгач: «Ундай бўлса, тоиралар сизларни ғамга солмасин!», деган экан.

Фойдалироқ бўлиши учун яна бир ҳикояни келтирамиз. Бу ҳикоянинг қаҳрамони фосиқ, ахлоқсиз шоирлардан биридир. Араб давлатларининг раҳбарларидан бири: «Фаластин муаммосининг ечимлари 99% Американинг қўлидадир», деб айтди. Бунинг маъноси: «Биз Америкага бўйсунайлик, унга бору-будимизни топширайлик» деганидир. Унга мана шу фосиқ шоир шундай жавоб қилди:

Америка Азиз ва Қудратли Аллоҳ эмасдир.

Ҳатто, бир қушни учишдан тўса олмасдир.

У шоир ўзи ёлғончи бўлсада, бу ерда тўғри сўзлаган.

Бу иллатдан ҳушёр бўлайлик ва Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларини юракдан ҳис этиб, улар ҳақида тафаккур қилайлик: «Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин бўлишига рози бўлдим» (Моида: 3);

«Ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф: 87).

 

Нафс-ҳаво ва Аллоҳдан бошқасини суюш

Бирон бир шахсни Аллоҳдан бошқаси учун суюш ёки ёқтирмаслик, ўзининг дунёвий ва шахсий манфаатлари йўлида дўст ва душман ҳисоблаш – қалб учун офат ва оғудир. Шак-шубҳасиз бу нарса инсонни ҳалокатга олиб боради.

Келинг, биргаликда Аллоҳ таолонинг ушбу оятлари ҳақида тафаккур қилиб кўрайлик:

«У (мушрик)ларга (пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситаларида) Парвардигор томонидан ҳидоят (Қуръон) келиб турган ҳолда улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларигагина эргашадилар-а!» (Ван-Нажм: 23);

«Худди жинлар чалиб лол-ҳайрон ҳолда (номаълум) ерга олиб кетган ва дўстлари: «Кел», деб ҳидоятга чорлаётган кимсага ўхшаб-а?» (Анъом: 71);

«Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!» (Қасас: 50);

«(Эй Муҳаммад), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз?» (Жосия: 23);

«Ана ўшалар Аллоҳ дилларини муҳрлаб қўйган ва ўзларининг ҳавойи нафсларига эргашган кимсалардир» (Муҳаммад: 16);

«Шубҳасиз, кўп (кишилар) ўз ҳою ҳаваслари билан билмаган ҳолларида (ўзларини) йўлдан оздирурлар» (Анъом: 119).

Нафс-ҳаво ҳоҳ хос маъноси, ҳоҳ умумий маъноси эътибори билан бўлсин, қалбнинг иллатларидан биридир.

Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ муҳаббат инсон қалбини кўр ва кар қилиб қўйишини баён қилар экан шундай деди: «... Шунинг учун ҳам шоир ушбу сўзларни айтган, маъноси:

Лайлонинг душмани - душманим, ақрабоси - ҳамроҳим,

Ким Лайлога яқин бўлса менинг дўст-ақрабойим!».

Бу одам ўз дўстлик ва душманлигини Лайло учун қилмоқда, Аллоҳ учун эмас.

Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ қора танли қизни қаттиқ севиб қолган бир кишини ҳикоя қилади. У одам айтади, маъноси:

Уни севганим чун севдим қора танларни

Унинг севгисидан ҳатто севдим қора итларни.

Аслида, муҳаббатимиз, нафратимиз, беришимиз, бермаслигимиз, қилишимиз ва қилмаслигимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига биноан шериксиз Ёлғиз Аллоҳ учун бўлиши керак: «Ким Аллоҳ учун суйса ва Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун ман қилса иймонни комил қилибди» (Муоз ибн Анас ва бошқалардан имом Аҳмад ривояти).

Муҳаббат турларининг энг ёмони – Аллоҳ душманларини суюшдир.

 

Аллоҳдан бошқасидан қўрқиш

Аллоҳ таоло айтди:

«Бас, одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз» (Моида: 44);

«Агар (ҳақиқий) мўмин бўлсангизлар, қўрқишингизга лойиқроқ зот Аллоҳ-ку, ахир?!» (Тавба: 13).

Қалбларида иллатлари бўлган одамларнинг хусусиятларидан бири «Бизга бирон бало етишидан қўрқамиз» (Моида: 52), деб айтишларидир.

Қалблари соғлом ва иймон келтирган кишиларнинг  сифатларидан бири қуйидагичадир: «Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!» — деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» — дедилар» (Оли-имрон сураси: 173).

Бу ерда инсоннинг  одам бўлсин ёки ҳайвон бўлсин ўз душманидан қўрқиш ҳисси каби табиий қўрқув ҳам борки у эътиқодга путур еткизмайди. Бироқ ҳақиқий қўрқув Аллоҳдан бўлиши керак.

Махлуқлардан қўрқмаслик қалбнинг қуввати ва жасурлигига худди иймонга далолат қилгандек далолат қилади. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтди: «Иймонингни тузатсанг ҳеч бир махлуқдан қўрқмайсан!».

 

Васваса

Бу бало тўлиб-тошди ва кўплаб одамларни калласини айлантириб, фарз ва бошқа ибодатларни зое қилдира бошлади. Васвасанинг давоси ҳақидаги саволга жавобан аллома Абдурроҳман Саъдий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Васвасанинг Аллоҳдан офият ва шайтоннинг шарридан паноҳ сўраш, васвасани даф қилиш учун тиришиш, ундан воз кечиб, фикрни чалғитмасликдан бошқа давоси йўқдир. Чунки кимда васваса давомий бўлса унга ўрнашиб қолади. Агар уни йўқ қилишга тиришса аста-секин йўқ бўлиб кетади, иншааллоҳ. [4]

Аллоҳ таоло ан-Нос сурасида васвасадан паноҳ сўрашга амр қилди: «(Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсон­ларнинг Илоҳидан (менга) Ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришин сўраб илтижо қилурман».


[1] - Имом Бухорий: 1/165; имом Муслим: 1/559, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривояти.

[2] - Имом Бухорий: 1/72; имом Муслим: 1/559, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривояти.

[3] - Имом Аҳмад ривояти, «Фатҳул-Борий»: 19/238. Насоий «Амалул-явми вал-лайла». Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Насоий ривояти ҳақида: «Ривоятининг исноди имом Бухорий ва имом Муслим шартига кўра саҳиҳдир», деди. Қаранг: «Ибн касир тафсири»: 4/337, Маърифат матбаъаси

[4] - Аллома Ибнул Қоййимнинг «Иғосатул-лаҳафон» ва шайх Салмон Авданинг «Рисалатун илал-мувасвас» рисоласига қаранг.

 
◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ