Ислом Нури

 

Жума насихатлари 

 

* Тортишув, бир-бирига хужжат келтириш ва бир-бирини лаънат қилиш.

Оллоҳнинг душманлари бўлмиш кофирлар, Оллоҳ таъолонинг тайёрлаб қўйган қийноқлар ва қийноқлар ичидаги даҳшатларни кўрганлари он, дўстликлари душманликка айланиб, бир-бири билан жанжаллашиб, хужжатлар келтириб, бир-бирини лаънат қиладилар. Оллоҳ таъоло деди: «(Қиёмат кунида) барча халойик Оллоҳга рўбарў бўлиб, бечора (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар бизни Оллоҳнинг азобидан қутқара оласизларми?!» деганларида, улар айтадилар: «Агар Оллоҳ  бизни (Ҳақ йўлга) хидоят қилганида эди, биз ҳам сизларни ҳидоят қилган бўлур эдик. (Энди эса) дод-фарёд қиламизми, сабр-қаноат қиламизми, биз учун фарқи йўқ – ҳеч қандай нажот йўқдир» (Иброхим: 21;

«Ўшанда улар дўзахда ўзаро тортишиб, бечора (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни ўзларининг собик йўлбошчиларига): «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар бизлардан дўзах (азоби)дан бирон бўлагини даф қила оласизларми?!» дер эканлар мутакаббир кимсалар айтадилар: «Бизларнинг барчамиз шак-шубхасиз (дўзахдадирмиз). Дарҳақиқат, Оллоҳ бандалар ўртасида Ўз ҳукмини чиқарди» (Гофир: 47, 48).

У даҳшатли кунда тортишувлар хилма-хил бўлади: сиғинганлар ва сохта тангрилар, эргашганлар ва адаштирган йўлбошчилар, бир хил гуноҳ қилганлар бир-бири билан тортишадилар.

Даҳшат ва тортишув банда билан аъзолари тортишган пайтида ўз ниҳоясига етади: «Оллоҳнинг душманлари дўзахга (хайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб туришадиган Кунни (эсланг). Энди улар качонки (дўзахга) келишгач, ҳаёти, дунёда қилиб ўтган куфру-исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. (Шунда) уларнинг кулоклари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига  қарши гувоҳлик беради. Улар териларига «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?!!»- дейишганида, (терилари): «Бизларни барча нарсани сўзлатган Оллоҳ сўзлатди. Сизларни дастлаб У яратган ва яна Унинг ўзигагина қайтарилурсизлар», дейдилар» (Фуссилат: 19 – 21).

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу деди: «Биз расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида эдик. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар-да: «Мен нега кулганимни биласизларми?»- деб савол бердилар. Биз: «Оллоҳ ва Унинг расули билади»- деб жавоб бердик. «Банданинг Роббисига: «Роббим, мени зулмдан кафолатга олмадингми?» деб қилган хитобига Оллоҳ: «Ҳа (кафолатга олган эдим)»- дейди. Банда: «Менга ўзимдан гувоҳлар бўлишига ижозат берасанми?»- дейди. Оллоҳ таъоло: «Сенга қарши ўзинг ва мухтарам қотиблар – киромун қотибийнлар етарли гувоҳдирлар!»- дейди.                                                                                                         

Кейин банданинг ғафзи мухрланади (гапира олмай қолади). Унинг аъзоларига «Сўзланглар!» дейилади. Аъзолар ўз қилмишларини айтиб берадилар. Кейин, бандага сўзлаш ҳақки қайтариб берилади ва у: «Йўқолинглар, мен сизларни химоя қилмокчи эдим!» дейди (Имом Муслим ривояти). 

Улар жаҳаннамга кирганларида, бир-бирларини лаънатлаган ва бир-бирларига кучайтирилган азоблар тилаган овозлар кўтарилади. Оллоҳ таъоло деди: «Унга (жаҳаннамга) қайси ҳалқ кирса, бошқасини лаънат қилади. Хатто уларнинг барчаси бир-бирини таниганларида бириси иккинчисига: «Роббимиз шулар бизни адаштирган эдилар. Уларга оташ азобини кат-кат қилиб бер!»- дейди» (Аъроф: 38).

 

* Хасрат, афсус ҳамда ҳаёт дунёсига қайтиш ёки Оллоҳ халок қилиб ташлашини умид қилиш.

Қийноқ, хорлик ва хўрликни кўрганларида кофирларни хасрат ва афсус камрайди. Азобдан хасрат чекиш кўп бўлгани учун ҳам, Оллоҳ таъоло бу кунни – Хасрат куни деб номлади: «(Эй Муҳаммад), сиз уларни (яъни Макка мушрикларини) барча иш битирилиб (яъни жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга ҳукм қилиниб,) улар хасрат-надомат қилиб қоладиган Кун–Қиёматдан қўрқитинг! Бугун улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар» (Марям: 39).

Кофирларнинг ўзларига юборилган Оллоҳнинг пайғамбарига эргашмай, пайғамбар душманларига эргашишнинг афсуси шу даражага етиб борадики, улар қўлларини тишлайдилар. Оллоҳ таъоло деди: «У кунда золим қўлларини тишлайди ва: «Кошки пайғамбар билан бир йўлда бўлсам. Кошки фалончи билан дўст бўлмасам эди. У мени менга етиб келган зикр (Оллоҳни эслаш)дан адаштирди»- дейди. Ҳолбуки, Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб қўйгувчидир» (Фуркон: 27 – 29).

Ўша кунда кофирлар гуноҳларининг кечирилмас, узрларининг қабул бўлмаслигини аниқ билганларидан сўнг, Оллоҳнинг рахматидан ноумид бўладилар. Оллоҳ таъоло дейди: «Қиёмат қоим бўлган кунда гуноҳкорлар ноумид бўладилар» (Рум: 12).

Кофирлар дунё ҳаётига қайтиб, солиҳ амалларни қилиб тақводорлар сафида бўлишни орзу қиладилар. Оллоҳ таъоло дейди: «Жаҳаннам устида турар эканлар кофирларни: «Кошки (дунё ҳаётига) қайтарилсак, Роббимизнинг оятларини рад этмасак ва мўъминлардан бири бўлсак» деганларини бир кўрсангиз эди» (Анъом: 37);

«Сиз гуноҳкорларнинг Роббилари ҳузурида бошларини эгиб: «Роббимиз, кўрдик ва эшитдик, бизларни (дунё ҳаётига) қайтар ва биз солиҳ амалларни қилиб, иймонлилардан бири бўлайлик» деганларини кўрсангиз эди» (Сажда: 12).

Кофирларнинг қийноқ ва азоблардан қийналишлари шу даражага етиб борадики, улар Оллоҳдан ўзларини халок қилиб, тупроққа айлантириб ташлашини умид қиладилар. Оллоҳ таъоло деди: «Кофир ва пайғамбарга осийлик қилганлар у кунда ер билан баробар бўлишни хоҳлаб қоладилар» (Нисо: 41);

«Кофир: «Кошки тупроққа айлансам» дейди» (Набаъ: 40).

Сиз ўлиш энг буюк ғояси бўлганлар ҳақида нима дейсиз?! (Доктор Умар Ашкар, ал-Кияматул-Кубро»: 125.

 

Кофирлар жаҳаннамда мангу қолиб, у ердан чиқмайдилар. Жаҳаннам азоби эса узлуксиз бўлади.

Жаҳаннамда мангу қоладиганлар – кофир, мушрик ва мунофиқлардир.

Оллоҳ таъоло деди: «Оятларимизни рад этган ва улардан юз ўгирган кимсалар, ўшаларгина жаҳаннам аҳли бўлиб, жаҳаннамда мангу қоладилар» (Аъроф: 36));

«Кофир бўлган ва оятларимизни рад этган кимсалар, ўшалар жаҳаннам аҳлидирлар ва у ерда мангу қоладилар» (Бақара: 39);

«Мунофиқлар жаҳаннамнинг энг тубида бўладилар ва уларга ёрдамчи топа олмайсиз» (Нисо: 145).

«Жаҳаннам аҳли қаттиқ қийналиб, ҳар бир нарсадан ноумид бўлиб –ҳолбуки ўша пайтда жим бўладилар-, Оллоҳ таъоло айтганидек, жаҳаннам посбони – Молик (фаришта)га нидо қиладилар: «Ҳой Молик, Роббинг бизлар устимиздан ҳукм қилсин!»- дейдилар. Яъни, Роббинг бизларнинг жонимизни олиб, бу қийноқлардан қутқарсин. Бу қаттиқ қийноқларга бизда на сабр ва на матонат қолди. Биз қаттиқ ғам ичидамиз!

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу деди: «Молик уларга минг йил ўтганидан сўнг: «Сизлар бу ерда қолгувчидирсизлар!»- яъни, сизлар бу ердан ҳеч ҳам чиқмайсизлар»- дейди. Уларнинг мақсадлари ҳосил бўлмайди. Балки уларга умидларига зид жавоб берилади. Бу – уларнинг қайғуларига қайғуни зиёда қилади» («Фатхул-Борий», Китабут-тафсир: 8/ 568. Ибн Касир тафсири: 4/ 135.  Носир Саъдий тафсири: 4/ 458).

Оллоҳ таъоло деди: «Кофирлар жаҳаннамдан чиқишни хоҳлайдилар. Улар у ердан чиқа олмайдилар. Уларга узлуксиз қийноқлар бордир» (Моида: 37).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат аҳли жаннатга, жаҳаннам аҳли жаҳаннамга кирганларидан сўнг, ўлимни жаннат ва жаҳаннам ўртасига олиб келинади-да, бўғизланади ва бир дарғачи: «Ҳой жаннат аҳли (энди) ўлиш йўқдир! Ҳой жаҳаннам аҳли, (энди) ўлиш йўқдир!»- деб нидо қилади. Жаннат аҳли қувончларига қувончни, жаҳаннам аҳли қайғуларига қайғуни зиёда қиладилар» (Имом Бухорий ривояти: 11/ 415).

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадиснинг бир неча ривоят силсилаларини нақл қилганидан сўнг, шундай деди: «Ушбу ҳадислар соғлом-саҳиҳ бўлиши билан бирга жаҳаннам аҳлининг жаҳаннамда бир вақт, замонга қадар эмас, балки ҳаёт, ҳузур ва қутулиш бўлмай, мангу қолишларининг очиқ баёнидир. Балки Оллоҳ таъоло ўзининг мукаррам Китобида кофирларнинг қийналишини изоҳлаб деди: «Кофирларга жаҳаннам азоби бордир, уларга на (ўлим) ҳукм қилинар ва на азоб енгиллаштирилур. Биз барча нонкўрларни шундай жазолаймиз» (Фотир: 36);

«Терилари пишгани сайин, янги терига алиштирамиз» (Нисо: 56);

«Кофир бўлганларга оловдан кийим бичилир ва бошларининг устларидан қайнок сувлар қуйулурки, уларнинг ички аъзолари ва териларини эритиб ташлар. Улар учун темир гурзилар бордир. Улар қачон (жаҳаннам) ғам-азобидан чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна қайтарилурлар...) Хаж: 19 – 22).

 

 

Одамларнинг ўлимдан кейинги аҳволлари

 (2)

Осий-гуноҳкорларнинг аҳволлари

 

* Кириш:

Аҳли суннат вал жамоат қарор қилган нарсалардан бири – Қуръон ва суннатда баён қилинган куфр ишларни қилиб ҳужжат қоим бўлган ҳамда мажбурлик ёки жоҳиллик ёҳуд таъвил аломатлари кўринмаган гуноҳлардан бошқа гуноҳларни қилган қибладошлар устидан «кофир» дея ҳукм чиқармасликдир. Бинобарин, Оллоҳ таъоло ёки расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кофир эканликлари ҳақида ҳукм қилган мушрик, яхудий, насоро (христиан) ва бошқаларнинг кофирлигида шубҳа қилиш мумкин эмасдир.

Шу ердан маълум бўладики, Оллоҳ таъолога шерик қилмаган ва Исломни бузадиган бирон ишни қилмаган, бироқ гуноҳ ва маъсиятларга қўл урган кимсалар, Оллоҳ таъолонинг хоҳишига хаволадирлар: уларни хоҳласа азоблайди, хоҳласа кечиради. Оллоҳ таъоло деди: «Оллоҳ ўзига шерик қилинишини кечирмайди ва ундан бошқа барча гуноҳларни хоҳлаган кишиси учун  кечиради» (Нисо: 48 ва 116).

Гуноҳ қилган, бироқ у сабабли жаҳаннамда мангу қолинмайдиган ишларни Қуръон Карим талайгина оятлари  ва расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг кўплаб ҳадислари баён қилиб берди.

Мен энди, истиғфор айтмаган осий-гуноҳкорларнинг ўлимларидан сўнгги аҳволларини, қудратим етганича, ожизона тақдим этаман.

 

* Намозни тарк этган ёки уни адо этишда сустлик ва ялқовлик қилган одамнинг аҳволи.

Намозни бутунлай тарк этган одам, расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига кўра, Ислом динидан чиққан кофирдир: «Биз билан у (мушрик ва кофир)лар ўртасидаги фарқ – намоздир. Ким уни тарк этса, кофир бўлади» (Имом Термизий, ҳадис № 2623, Насоий: 1/ 231, 232 ва бошқа ривоятлар. Устозимиз Абдулазиз ибн Боз ва Муҳаммад Носируддин Албоний раҳимахумоллоҳлар бу ҳадисни саҳиҳ, дедилар).

Бошқа бир ривоятда расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «(Мўъмин) киши билан ширк ўртасидаги аҳд – намозни тарк этишдир»- дедилар (Имом Муслим, ҳадис № 82, Абу Довуд, ҳадис № 4678, Термизий, ҳадис № 2622).

Вақтидан кечиктириш, ёки ухлаб қолиш ёҳуд буюрилганидек адо этишда камчиликларга йўл қўйган намозхонларга ҳам, гарчи улар кофир бўлмасаларда, жазолар белгиланган.

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобида Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу тарафидан ривоят қилинган узун ҳадисда шу сўзлар қайд қилинган. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Биз бириси ёнбошлаган, иккинчиси унинг бошида (қўлида) тош билан тик турган одамларнинг олдига етиб келдик. У (тик турган) ёнбошлаб ётганннинг бошига тош билан урмоқда. Тош унинг бошини мажақлаб, юмалаб кетмоқда. У тош орқасидан бориб яна (қўлига) олар экан, боши аввалги ҳолатига қайтмокда. Кейин ҳалиги одам яна қайтиб келиб, унга аввалги ишини такрорламоқда». Бу ҳадиснинг изоҳида, (боши мажақланган) одам – Қуръонни қўлига олиб (ўрганиб), кейин тарк этган ва фарз намозларидан ухлаб қолган одам экани таъкидланган. Ҳолбуки, Оллоҳ таъоло ҳам: «Намозларига бепарво бўлган намозхонларнинг ҳолларига войлар бўлсин!», деган (Маъувн: 4, 5).

Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида шундай деди:

«Улар ё доимо ёки кўпинча намозни (кирган) аввалги вақтидан охирги вақтига қадар кечиктирадилар, ёҳуд намозни буюрилганидек ўз рукн ва шартлари билан адо этиш ёҳуд намоздаги ҳушуъ ёҳуд намознинг мақсадларини тушунишда камчиликка йўл кўядилар. Лафз – бу нарсаларнинг барчасини ўз ичига олади. Буларнинг биронтаси кимда топилса, унга бу ваъийднинг бир қисми берилади. Агар бу нарсаларнинг барчаси бирон кимсада топилса, унга бу жазо тўлалигича ижро этилади ва унда амалий нифоқ (мунофиқлик) камолига етади» (Ибн Касир тафсири: 4/ 554).

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам намоз ҳақида шундай дедилар: «Ким намозни (тарк этмай) риоя этса, у (намоз) унга Қиёмат кунида нур, ҳидоят ва нажот бўлади. Ким намозни (тарк этиб) риоя этмаса, у (намоз) унга Қиёмат кунида нур, ҳидоят ва нажот бўлмайди. У (банда) Қиёмат кунида Фиръавн, Қорун, Ҳомон ва Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади» (Имом Аҳмад: 2/ 169, Доримий: 2/ 301, ибн Хиббон, «Саҳиҳ», № 1467. Устозимиз Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни саҳиҳ, дедилар).

(Изоҳ: юқорида зикри ўтган Фиръавн – Мусо алайҳиссалом даврида яшаб, пайғамбар даъватига қаршилик қилган ҳамда Оллоҳнинг интиқомига учраб, кофир ўлароқ ўлган золим подшоҳдир. Ҳомон – мазкур подшоҳнинг золим вазиридир. Қорун – мазкур подшоҳ даврида, Убай ибн Халаф эса расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлган дунёга муккасидан кетган ҳамда Оллоҳнинг таълимотларига бўйсунмай кофир ҳолда ўлган шахслардир. Мутаржим изоҳи).

Чунки, бу тўрт шахс ё бойлиги ё подшоҳлиги ё вазирлиги ёҳуд тижорати сабабли намоз ўқимаган эдилар. Шунинг учун ҳам намозни бойлиги сабабли ўқимаса Қорун, подшохлиги сабабли ўқимаса Фиръавн, вазирлиги сабабли ўқимаса Ҳомон, тижорати сабабли ўқимаса Мака савдогари - Убай ибн Халаф билан бирга Қиёмат куни бирга тирилади (Имом Заҳабий, «ал-Кабаир»: 16). Оллоҳ таъолодан ёрдамсиз қолиш ва бундай ҳолатлардан паноҳ сўраймиз.

 

* Закотни бермаган кимсанинг аҳволи.

Оллоҳ таъоло деди: «Олтин ва кумушни тўплаб, Оллоҳ йўлида сарфламаган кимсаларга аламли азобдан хабар беринг! У кунда (Қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва орқаларига  босилиб: «Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар» (дейилади)» (Тавба: 34, 35).

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Оллоҳ бойлик ато этган, бироқ унинг закотини бермаган кимсага (шу бойлиги) Қиёмат кунида кўз қорачиқлари қоп-қора катта илон бўлиб гавдаланади ва у (одам)ни оғизлари билан тишлайди-да: «Мен сенинг бойлигинг ва хазинангман!» дейди». Сўнгра расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни ўқидилар: «Оллоҳ ўз лутфи билан ато этган нарсаларни қизғанган одам, бу бахилликларини ўзлари учун яхши бўлди деб ўйламасинлар. Балки, бу бахиллик – улар учун ёмонликдир. Бахиллик қилган нарсалари эса, Қиёмат кунида уларнинг бўйинларига ўралажакдир» (Оли Имрон: 180)» (Ҳадис № 1304).

Имом Муслим ҳам Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни нақл қилди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Олтин ва кумуши бўла туриб закотини бермаган кимса учун Қиёмат кунида оловдан товоқлар қилинади. Бу товоқларни жаҳаннам оловида қиздирилиб, у одамнинг биқини, пешонаси ва орқасига босилади. Улар совугани сайин, қайта (қизитилади). Бу бир кундаки унинг узунлиги эллик минг йилга  тенгдир. Бу азоб бандалар ўртасида ҳукм қилиниб, унинг йўли ё жаннат ва ёки жаҳаннам томон экани кўрингунича давом этади».

Сахобалар: «Ё расулуллоҳ, туя-чи?»- деб сўрадилар.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Туяларнинг эгаси ҳам, уларнинг ҳақкини бермаса, Қиёмат куни бўлса улар учун кенг ва текис ер қилинади. У ерда биронта ҳам туя сиғмай қолмайди. Ва туялар уни туёқлари билан босадилар, оғизлари билан тишлайдилар. Бир туя ўтганидан кейин, (навбатдаги) иккинчиси келади. Бу, муддати эллик минг йил бўлган кунда бандалар ўртасида ҳукм қилиниб, унинг йўли ё жаннат ва ё жаҳаннам томон кўрингунича давом этади».

Сахобалар: «Ё расулуллоҳ, сигир ва қўйлар-чи?»- деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: ««Сигир ва қўй эгаси ҳам уларнинг ҳақкини бермаса, Қиёмат кунида улар учун кенг ва текис ер қилинади. У ерга ҳамма (сигир ва қўйлари) сиғади. Ва улар ичидаги шохли, шохсиз ва шохи синган сигир ва қўйларнинг барчаси уни сузадилар ва туёқлари билан босадилар. Бир сигир ёки қўй ўтганидан кейин, (навбатдаги) иккинчиси келади. Бу, муддати эллик минг йил бўлган кунда бандалар ўртасида ҳукм қилиниб, банданинг йўли ё жаннат ва ё жаҳаннам томон кўрингунича давом этади» (Ҳадис № 987).

 

* Судхўрларнинг аҳволи.

Оллоҳ таъоло Қуръон Каримда Қиёмат - қайта тириладиган кунда судхўрларнинг ҳолини тавсифлар экан, уларнинг ёмон ҳолатда бўлишларини баён қилди: «Судхўрликни ейдиганлар (қабрларидан) худди Шайтон чалган одамлар каби (қайта) турадилар» (Бақара: 275).

Яъни, улар Қиёмат кунида қабрларидан, мажнун, Шайтон чалган пайтидаги телбалигидан ўзига келганидек, қабрларидан турадилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Судхўр - қиёмат кунида бўғилган телба каби (қабридан) туради»- деди (Ибн Касир тафсири: 1/ 326).

Судхўрларнинг Қиёмат кунида хомиладор аёллар каби коринларининг шишиши, турганлари сайин янада шишиб, одамлар уларнинг коринлари устидан юришлари ҳам ривоят қилинган.

Баъзи уламолар: «Бу – уларнинг Қиёмат кунидаги таниқлик белгиларидир. Азоб ва қийноқлар ундан кейин бўлади»- дедилар (Қуртубий тафсири: 3/ 354).

Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ»ида Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳудан «Узун уйку (туш)» ҳадисини нақл қилди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Биз бир дарёга етиб келдик». - Самура разияллоҳу анҳу менимича «қон каби кизил рангдаги дарёга» дедилар шекилли. –Дарёда бир одам сузар эди. Дарёнинг лабида эса бошқа бир киши бўлиб, у талайгина тошларни тўплаган эди. Сузаётган одам узоқ сузди-да, соҳилдаги одам олдига келди ва оғзини очди соҳилдаги одам унинг оғизига бир дона тошни ташлади. У сузиб кетди кейин ўша одамга яна қайтиб келди. У яна унинг оғзини очиб, тош билан тўлдирди»» (Имом Бухорий, ҳадис № 7048). Бу ҳадиснинг шарҳида сузган одамнинг судхўр эканлиги ифодаланди.

Ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳ деди: «Сўдхўрнинг дарёда сузиш ва оғзига тош тўлдириш билан жазоланиши – судхўрликнинг (кўпинча) олтин билан бўлиши, олтин ранги эса кизил бўлишидир. Аммо фариштанинг судхўрнинг оғзига тош тўлдириши – судхўрликнинг судхўрга фойда бермаслигига ишоратдир. Зотан, судхўр бойлигининг кўпаяётганини хаёл қилади, бироқ, Оллоҳ унинг бойликларини нобуд қилади» (Фатхул-Борий: 12/ 445).

 

* Зоний ва зонияларнинг аҳволлари.

Оллоҳ таъоло зино (ношаръий жинсий алоқа)ни ҳаром қилди. Унинг Ислом динида ҳаром экани ҳаммага маълумдир. Шунинг учун ҳам,  мусулмон эркак ва аёл, зинонинг ҳаром эканини жуда яхши билади. Оллоҳ таъоло деди: «Зинога яқинлашмангиз! Чунки у, бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир» (Исро: 32).

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Самура ибн Жундубдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис, барзах ҳаётида зоний ва зониялар ҳақида баён қилинган маълумотлардан биридир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам «Узун уйку (туш)» ҳадисида шундай дедилар: «Тандирга ўхшаган бир ерга келдик». Самура разияллоҳу анҳу: «Менимча расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «У ерда фарёд ва шовқинлар бор эди»- дедилар. – У ерга қарадик. У ерда яланғоч эркак ва аёллар бор эди. Уларнинг остларидан олов кўтарилар, айни шу аснода улар фарёд солар эдилар...». Буларнинг кимлиги ҳақида сўралганида, у одамларнинг зоний ва зониялар экани баён қилинди (Имом Бухорий, ҳадис № 7047).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ деди: «Уларнинг яланғоч бўлишлари – уларни расволикка лойиқликларидир. Чунки улар, одатда, жазосиз қолишни хоҳлар эдилар. Бироқ, «пардалари»нинг очилиши билан жазоландилар. Азобнинг остларидан келишининг сабаби эса, пастки аъзолари билан жиноят қилганликларидир» (Фатхул-Борий: 12/ 443).

Мусулмон эркак ва аёл бу буюк гуноҳдан, бунга олиб борадиган: номаҳрам билан ёлғиз қолишдан, ёки аёллар пардозланиш, ўзларининг жозибали аъзоларини кўрсатишдан, ёки ўзи билан бирга чиқса уйланишни таклиф қилган, чиққанидан сўнг ўзининг шаҳвоний мақсадларига эришиб, ташлаб кетадиган фосиқларнинг тузоғларидан ва бошқа шу каби сабаблардан жуда ҳам эхтиёт бўлишлари керак.

 

* Ғийбатчи ва чақимчиларнинг аҳволи(*)

 (*) Ғийбат – бир инсон ҳақида ёмонликларни, гарчи унда бўлсада, гапиришдир. Чақимчилик эса – одамлар ўртасини бузиш учун гап ташишдир. Чақимчиликнинг ғийбатдан фарқи, унинг бузғунчилик қасдида бўлишидир. Ғийбатда эса бу шарт йўқдир. Ғийбат – ўзининг сўз юритилаётган одамга нисбатан айтилган ёмон сўзлар билан ажралиб туради. Бошқа жиҳатларда ғийбат ва чақимчилик ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир. Қаранг: Фатхул-Борий: 10/ 469 – 473).

Ҳозирги кунда чақимчилик ва ғийбатнинг  бозори одамлар ҳусусан аёллар ўртасида қизиган. Шунинг учун ҳам, бу иллатларнинг иккисини ёҳуд бирини қилган одамлар учун берилажак жазоларни бошқаларга нисбатан кенгроқ ёритдим. Шояд Оллоҳ таъоло каминанинг –Оллоҳ менга офият бериб, афв этсин- ушбу камтарона сатрларимни бу иллатни юқтирганлар ва улар атрофидагилар учун эслатма-огоҳлантириш қилса. Оллоҳ таъоло барчамизни ғийбатчи ва чақимчиларнинг ёмонликларидан сақласин ва (уларни) биздан узок қилсин!.

Ғийбатчи, чақимчи ва одамлар ўртасида фасод ва бузғунчиликларни ёядиган: одамлар ўртасини гап ташиш билан бузадиган, ўрталаридаги меҳр-мухаббатни нафрат-адоватга айлантирадиган одам – ўша одамлар энг бадбахт ва фосиқ одамдирлар. Улар бир тоифадан эшитган нарсаларини бошқа тоифага бошқача қилиб олиб борадилар. Уларнинг ўз хоҳишларига кўра сўзлайдиган тез ўзгарувчан тиллари бор. Шунинг учун ҳам, Оллоҳ таъоло уларни: «Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай» (Хумаза: 1)- деб огоҳлантирди. Улар одамларни гаплари ва ҳаракатлари билан айблайдилар. Ҳолбуки улар, нафрат ва таҳқирга лойиқдирлар. Нега лойиқ бўлмасинлар? Ахир улар бўҳтон, ғийбат, чақимчилик, хиёнат, гина, ҳасад ва алдовни тарк этмаяптилар-ку!

Шунинг учун ҳам, қабр азобининг сабабларидан бири – одамлар ўртасида гап ташиб чақимчилик қилишдир.

Аббос ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадина ёки Маккада, атрофлари девор билан ўралган бир ердан ўтар эканлар, қабрларида азобланаётган икки одамнинг овозларини эшитдилар ва: «Улар азобланмоқдалар. Улар катта гуноҳ сабабли азобланмаяптилар!» улардан бири ўз бавли (сийдиги)дан сақланмас, бошқаси эса чақимчилик қилар эди ...»- дедилар» (Имом Бухорий, ҳадис № 218; Имом Муслим, ҳадис № 292; Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 20; Термизий, ҳадис № 70; Насоий: 1/ 28; 30; Ибн Можа, ҳадис № 347).

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мени Осмонга олиб чиқилганида юзлари ва кўкракларини тирнаётган мис тирнокли инсонларни кўрдим ва: «Эй Жибрил, булар кимлар?»- дедим. Жибрил: «Улар – одамларнинг гўштларини еб, шарафларини булғайдиган одамлар»- деди» (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 4879; Имом Аҳмад, Муснад: 3/ 224. Аллома Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди.

Қатода разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга қабр азоблари уч қисмдан иборат эканини зикр қилдилар: учдан бири ғийбат, учдан бири сийдикдан сақланмаслик ва учдан бири чақимчиликдир» (Ибн Абид-Дунё, Китабус-сомти ва одобил-лисани: 129; Бу ҳадисни тадқиқ этган Абу Исҳоқ Ҳувайний: «Бу ҳадиснинг Қатодага қадар ривоят силсиласи ишончлидир»- деди).

Ғийбатчи ва чақимчи бўҳтон гапириши аниқ бўлгани учун ҳам, бўҳтончи-каззобларга бериладиган жазолар билан огоҳлантирилгандир. Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган «Узун  туш» ҳадисида қуйидаги сўзлар бор: «Юзининг бир томони билан юзтубан ётган одам олдига етиб келдик. Унинг устида бошқа биров қўлидаги учи илмоқди темир билан турарди. У, ётган одамнинг юзини (темир билан шундай тортдики), оғзининг бир тарафи, бурни ва кўзлари пешонасига қадар орқа томонига ўтиб кетди. Кейин ётган одамнинг бошқа томонига ўтди ва (юзнинг) биринчи томонида қилганини, иккинчи томонида ҳам қилди. Иккинчи томонни тугатмай туриб, биринчи томон аввалгидек ўз ҳолатига қайтди. Яна қайта аввалгидек (озоблаш) давом этди» (Имом Бухорий, ҳадис № 7047). Ҳадиснинг давомида азобланаётган одамнинг уйидан чиқиб, бутун оламни бўҳтонга тўлдирган одам экани баён қилинди.

Чақимчига қаттиқ жазолар ваъда қилинган. Хузайфа разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилган: «Чақимчи жаннатга кирмас!» (Имом Бухорий, ҳадис № 6056; Имом Муслим, ҳадис № 105).

Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу дунёда икки юзи бўлган одамнинг, Қиёмат кунида оловдан икки тили бўлади» (Абу Довуд, ҳадис № 4873; Имом Бухорий, ал-Адабул-Муфрад, ҳадис № 1310; Бағавий, Шарҳус-сунна, ҳадис № 3568. Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларни айтганларини эшитганман: «Оллоҳ бир мўъмин ҳақида унда бўлмаган нарсани айтган одамни, шу айтган нарсасидан қайтмагунича телбалик лойига жойлаштиради» (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 3597; Имом Аҳмад, Муснад: 2/ 70. Аллома Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди).

Абу Яъло разияллоҳу анҳу Оиша ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумолардан, улар эса расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилдилар: «Бу дунёда биродарининг гўштини еган одамга Қиёмат кунида ҳам шу гўшт яқинлаштирилади ва унга: «Буни тириклигида еган эдинг, энди ўлик ҳолда ҳам е!»- дейилади ва у ейди-да, қош-қовоғи осилиб, фарёд чекади» (Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ, Фатҳул-Борий: 10/ 470. У бу ҳадиснинг ривоят силсиласи ишончли эканини ёзди).

 

* Мутакаббирларнинг аҳволи

Амр ибн Шуайб разияллоҳу анҳу отасидан, у эса бобосидан ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мутакаббирлар Қиёмат кунида (кўпликларидан) қумурсқалар каби инсонлар шаклида жамланадилар. Уларни хорлик қамрайди ва жаҳаннамдаги «Булас» номли зиндонга хайдаладилар. У ерда мутакаббирларни олов ўрайди ва “тийнатул хобал” жаҳаннамдагилардан оқиб чиққан йиринглар билан суғориладилар» (Термизий, ҳадис № 2492. Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди).

Ҳолбуки, қумурсқа – ҳеч ким эътибор бермай босиб кетаверадиган митти махлуқдир.

 

* Етарли нарсалари бўла туриб, одамлардан гадойлик қилиб сўраган одамнинг аҳволи.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Етарли нарсалари бўла туриб, одамлардан гадойлик қилиб сўраган одамнинг шу сўраган нарсаси Қиёмат кунида унинг юзида  бўлиб келади»- дедилар. Сахобалар: «Ё расулуллоҳ, етарли нарсанинг миқдори қанча?»- деб сўраганларида расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Эллик дирҳам ёки шу миқдордаги олтин»- деб жавоб бердилар». (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 1626; Термизий, ҳадис № 650; Насоий: 5/ 97; Ибн Можа, ҳадис № 1840. Аллома Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди).

 

* Қўл остидагиларнинг ҳолидан хабар олмаган (ёки уларга кўринмаган) подшоҳ ва масъул шахсларнинг аҳволлари.

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: «У зот дедилар: «Одамлар ишига раҳбарлик қилган, бироқ, заиф ва хожатманд одамлардан яширинган (улардан хабар олмаган) одамдан, Қиёмат кунида Оллоҳ ҳам яширинади» (Имом Аҳмад, ал-Муснад: 5/ 238. Қаранг: аллома Албоний, ас-Силсилатус-саҳиҳа: 2/ 206).

(давоми бор)

◄◄◄Бошига кайтиш

Давомига ўтиш►►►

   ЮкоригаÎ