Ислом Нури

 

Жума насихатлари 

 

(давоми) * Бўҳтончи-каззобларнинг аҳволи.

Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу «Узок уйку (туш)» ҳадисида расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: ««Юзининг бир томони билан юзтубан ётган одам олдига етиб келдик. Унинг устида бошқа бир одам (фаришта) қўлида эгри темир билан турарди. У, ётган одамнинг юзини (темир билан шундай тортдики), оғзининг бир тарафи, бурни ва кўзлари пешонасига қадар шилинди. Кейин ётган одам юзининг бошқа тарафи билан юзтубан ётди. Тепасидаги одам (юзнинг) биринчи томонида қилганини, иккинчи томонида ҳам қилди. Иккинчи томонни тугатмай туриб, биринчи томон аввлгидек ўз ҳолатига қайтди. Яна қайта аввалгидек (жазолаш) давом этди» (Имом Бухорий, ҳадис № 7047). Ҳадиснинг шарҳида жазоланаётган одамнинг уйидан чиқиб, бутун оламни бўҳтонга тўлдирган одам экани баён қилинди.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларни айтганларини эшитганман: «Оллоҳ бир мўъмин ҳақида унда бўлмаган нарсани айтган одамни, шу айтган нарсасидан қайтмагунича телбалик лойига жойлаштиради» (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 3597; Имом Аҳмад, Муснад: 2/ 70.  Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди).

 

* Ёктирмасликларига қарамай одамларнинг сўзларига ўғринча қулоқ солиш ва улар зарарига жосуслик қилиш.

Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «Одамлар ёктирмаган ёки қочсаларда, уларнинг сўзларига қулоқ солган одамнинг кулоғига Қиёмат кунида эритилган қўрғошин қуйилади» (Имом Бухорий, ҳадис № 7042).

Одамларнинг сўзларига ўғринча қулоқ солиб қилинган жосуслик ғийбат, чақимчилик ва каззобликнинг бир парчаси бўлгани учун ҳам, унга берилган жазолар ҳам айнандир.

 

* Рассомларнинг аҳволи

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилди: «Бу (жонли махлуқлар) сурат(и)ни чизган кимсалар, Қиёмат кунида азобланадилар. Уларга: «Яратган нарсаларингизни тирилтиринглар!»- дейилади» (Имом Бухорий, ҳадис № 4951; Имом Муслим: 3/ 1668).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳума деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бу дунёда сурат чизган одамни Қиёмат кунида (шу суратга) руҳ киритишга мажбур қилинади ва у кирита олмайди (Имом Бухорий, ҳадис № 5963; Имом Муслим, ҳадис № 100 ва № 2110).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қиёмат кунида энг қаттиқ азобланадиганлар – рассомлардир»- деб айтганини эшитганман» (Имом Бухорий, ҳадис № 5950; Имом Муслим, ҳадис № 2109).

 

* Гўянда (ўлик учун овоз чиқариб йиглаган) нинг аҳволи.

Абу Молик Ашарий разияллоҳу анҳу расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «Гўянда ўлимидан аввал тавба қилмаса, Қиёмат кунида эгнида эритилган кўрғошиндан иштони ва қўтир совут билан қайта тирилтирилади» (Имом Муслим, ҳадис № 934).

Яъни, гўяндага эритилган кўрғошин кийдирилади ва баданларига совут қоплаганидек қўтир ва қичима қоплатилади.

 

* Маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилган одамнинг аҳволи.

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Маст қилувчи барча нарса – ҳаромдир. Маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилган одамга тийнатул-хобални ичириш – Оллоҳнинг зиммасидаги аҳддир»- дедилар. Сахобалар: «Тийнатул-хобал» нимадир?»- деб савол бердилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «У – жаҳаннамдагиларнинг терлари» ёки «йиринглари»- дедилар» (Имом Муслим, ҳадис № 2002).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Маст қилувчи барча нарса – шароб (вино)дир ва барча шароб ҳаромдир. Бу дунёда муккасидан кетиб шароб ичган ва тавба қилмаган одам, уни охиратда ичмайди» (Имом Муслим, ҳадис № 2003).

 

* Олтин ва кумуш идишларда еб-ичган одамнинг аҳволи.

Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кумуш идишда ичган одамнинг қорнида жаҳаннам олови гулдурайди» (Имом Бухорий, ҳадис №5634). Бошқа бир ривоятда: «Кумуш ва олтин идишда еб-ичган одамнинг қорнида жаҳаннам олови гулдурайди» (Имом Муслим, ҳадис № 2065).

 

* Ўз жонига қасд қилган одамнинг аҳволи.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилди: «Тоғ устидан ўзини отиб ўлдирган одам – жаҳаннамга киради ва жаҳаннам тубига шунғиб кетади-да, у ерда мангу қолади. Заҳар  ичиб ўзини ўлдирган одам, (ўша) заҳари қўлида, уни ичиб, жаҳаннам оловида абадул-абад қолади. Бирон бир темир билан ўзини ўлдирган одамнинг қўлида ўша темири бўлиб, мангу қоладиган жаҳаннамда қорнига суқиб туради» (Имом Бухорий, ҳадис № 5778; Имом Муслим, ҳадис № 109);

«ўзини бўғиб ўлдирган одам, ўзини жаҳаннамда бўғади. Ўзига (пичоқ каби нарсаларни) суққан одам, жаҳаннамда (ўша нарсаларни) суқиб туради» (Имом Бухорий ривояти, ҳадис № 1365).

 

* Етимлар молини ноҳақ еган ва уларга зўравонлик билан эгалик қилган одамнинг аҳволи.

Оллоҳ таъоло деди: «Етимлар молини ноҳақ еганлар, қоринларида оловни емоқдалар ва тез кунда жаҳаннамга кирадилар» (Нисо: 10).

Яъни, етимлар молини ҳеч бир сабабсиз ноҳақ еган одамлар, Қиёмат кунида қоринларида гулдураган оловни ейдилар (Қуртубий тафсири: 5/ 53, 54; Ибн Касир тафсири: 1/ 456).

Имом Бухорий ва имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят нақл қилинган: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Етти ҳалок қилувчи гуноҳдан узоқ бўлингиз!»- дедилар. Сахобалар: «Улар нима нарсалардир?»- деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Оллоҳга шерик қилиш, сеҳргарлик, Оллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш (ҳақли бўлса ўлдириш мумкин), етимлар молини ейиш, (жиҳодда) ҳужум кунида ортга чекиниш, ғофила мўъмина иффатли аёлларга (зино билан) туҳмат қилиш»- деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий, ҳадис № 2766; Имом Муслим, ҳадис № 89).

 

* Одамларнинг кўчмас мулк каби эгадорлик ҳуқуқларини тортиб олган ёки уларга хиёнат қилган одамнинг аҳволи.

Саид ибн Зайд разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллалмнинг: «Ким (бировнинг) ерини тортиб олиб зулм қилган бўлса, Қиёмат кунида унинг бўйнига ана шу ерни етти қати билан илиб қўйилади» - деб айтганларини эшитганман» (Имом Бухорий, ҳадис № 2452; Имом Муслим, ҳадис № 1610; Термизий, ҳадис № 1418; Имом Аҳмад, «ал -Муснад»: 1/ 188, 189).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни нақл қилди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: (Бировнинг) ер(и)дан бирон парчасини ноҳақ олган одамни Ернинг еттинчи катига қадар (ерга) юттирилади» - дедилар» (Имом Бухорий, ҳадис № 2454).

Яъло Мурра разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Бир қарич ерни ноҳақ олган кимсани Оллоҳ (ўша ерни) еттинчи қатига қадар қазишга мажбур қилади, кейин Қиёмат кунида одамлар ўртасида ҳукм қилингунигача (бўйнига) ўраб қўйилади» (Ибн Хиббон: 11/ 568; Имом Аҳмад, «ал-Муснад»: 4/ 173).

Имом Аҳмад ибн Ханбалнинг ривоятида шу жумла бор: «Ким бирор ерни ноҳақ олган бўлса, унинг тупроғини маҳшарга ташиб келишга мажбурланади» («ал-Муснад»: 4/ 172, 173).

Абу Яълонинг ривоятида эса шу жумлалар бор: «Мусулмонларнинг йўлларидан бир қарич олган кимса, Қиёмат кунида етти қат ерни ташиб келади» (Ибн Ҳажар, «Фатхул-Борий»: 5/ 104. Ҳадиснинг ривоят силсиласи ишончлидир).

Ҳорис ибн Барсо разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг икки Жамра (хаж пайтида тош отиладиган жойлар) ўртасида юрар эканлар: «Фожир (бўҳтон) қасам билан мусулмон одамнинг моли (ери)дан бир қарич олган кимса, жаҳаннамдан уйини тайёрлаб олсин!»- деганларини эшитганман» (Ибн Хиббон, «Саҳиҳ»: 11/ 570; Хоким, «ал-Мустадрак»: 4/ 294, 295).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турдилар ва ғулул-ғанимат тақсим қилинишидан аввал яширинча олинган нарса ҳақида сўзладилар. Ғулулнинг катта гуноҳ ва унинг оқибатлари ёмон эканини айтдилар: Сизлардан бирингизни Қиёмат кунида бўйнида маъраб турган эчки, кишнаб турган от турганини кўрмайин. У Менга: «Ё расулуллоҳ, менга ёрдам беринг!»- дейдиган бўлса. Мен унга: «Мен сенга бирон фойда бера олмайман, Мен сенга етказган эдим!» - дейман. Сизлардан бирингизни бўйнида ўкираётган туя бўлади ва у Менга: «Ё расулуллоҳ, менга ёрдам беринг!» - дейди. Мен унга: «Мен сенга бирон фойда бера олмайман, Мен сенга етказган эдим!» - дейман. Сизлардан бирингизни бўйнида шалвираган ямок (кийимлар) турганида кўраман ва у Менга: «Ё расулуллоҳ, менга ёрдам беринг!»- дейди. Мен унга: «Мен сенга бирон фойда бера олмайман, Мен сенга етказган эдим!»- дейман»» (Имом Бухорий, ҳадис № 3073; Имом Муслим, ҳадис № 1831).

Бу ҳадиснинг маъноси: хиёнатчи,  гувоҳлар ҳузурида расво бўлиши учун, хиёнат қилган ҳар бир нарсасини хоҳ ҳайвон, хоҳ инсон, хоҳ олтин-кумуш ва хоҳ бошқа нарса бўлсин, бўйнига илиб келади. Бу – Оллоҳ таъолонинг: «Ким хиёнат қилса, хиёнати билан бирга келади» (Оли Имрон: 161) оятининг тафсиридир.

 

* Гўзаллигини номахрамларга кўрсатиш учун пардоз қилган хотин-кизларнинг аҳволлари.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам пардозли хотин-кизларнинг Қиёмат кунидаги аҳволлари ҳақида берган хабарларида, уларнинг жаннатга киришдан узоклаштирилишлари ва (кириш учун) кечикишлари баён қилинган. 

Имом Муслим ўз «Саҳиҳ» ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл этди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимнинг икки тоифаси борки, мен уларни кўрмадим» - дедилар.  «улар ярим-ялангоч кийинган, ўзига мойил қилиб, нозланиб юрадиган, бошлари эса туянинг эгилган ўркачи каби аёллар. Улар жаннатга кирмайдилар, жаннатнинг бўй-ҳидлари фалон-фалон (узок) масофалардан келсада, унинг ҳидини ҳам топа олмайдилар». (Имом Муслим, ҳадис № 2128).

Аёлларнинг (номаҳрамлар кўрсин дея) пардоз-андоз қилишлари катта гуноҳлардан экани, шубхасиздир. Чунки, бу гуноҳни қилган хотин-қизлар учун қаттиқ ваъийд ва жазолар айтилган ва уларнинг пардозлари сабабли жаҳаннам аҳлидан бири бўлиб қолишлари мумкиндир.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда: «Дунёда кийинган қанча-қанча хотин-қизлар борки, охиратда яланғочдирлар», дейилган (Имом Бухорий, ҳадис № 115; Термизий, «Сунан», ҳадис № 2196; Имом Молик, «ал-Муваттоъ»: 2/ 913).

Сўнгги ҳадис қуйидагича тафсир қилинди:

1 - Аёл бу дунёда бойлиги ва кўп кийимлари билан кийинган, бироқ, қилган солиҳ амаллари йўқлиги сабабли охиратда кийимсиз-яланғоч бўлади;

2 - Аёл бу дунёда кийинган, бироқ, кийимлари шаффоф бўлгани учун авратларини тўса олмаган ва охиратда қилган бу иши эвазига яланғочлик билан жазоланади;

3 - Аёл бу дунёда Оллоҳнинг неъматларини кийган, бироқ, самаралари охиратда савоб бўлиб кўринадиган шукроналардан ялангоч (шукрона келтирмаган) бўлади;

4 - Аёлнинг кийимлари баданини тўсган, бироқ, рўмолини орқасига ташлаган-да, кўкрақлари ва жисмининг айрим ерлари очиқ қолган. Натижада, у яланғоч хисобланган ва охиратда унга яраша жазо бўлади;

5 - Аёл бу дунёда солиҳ умр йўлдошига турмушга чиққан, бироқ, охиратда амалсиз яланғоч қолиб, эрининг солиҳлиги унга фойда бермаган. Зотан Оллоҳ таоло: «У кунда насаблар фойда бермайди»- деган (Мўъминун: 101).

Бундай хотин-қизлар бу дунёда шараф ва мансаб кийимини кийган бўлсаларда, охиратда жаҳаннамда яланғоч қолишлари эҳтимолдан ҳоли эмас («Фатхул-Борий»: 13/ 23).

Ақлли хотин-қизлар бу даҳшатли манзара ва пардоз олиб бораётган натижалар ҳақида бир ўйланиб кўрсинлар!

Бу манзара ва оқибат ҳақида, ҳижоб воситаларидан бири бўлган рўмоли ва ёпнчиқларини фитнали ва жозибали қилиб олганлар тафаккур қилиб кўрсинлар!

Булар ҳақида ўзини мўъмин ва мўъминалар учун фитна қилиб, уларни жаннатнинг равон йўлларидан адаштирган хотин-қизлар фикр юритиб кўрсинлар!

 

* Оллоҳ таъоло Қиёмат кунида гапирмайдиган, қарамайдиган ва покламайдиган ҳамда аламли азоб берадиган кимсалар.

Оллоҳ таъоло ўзининг гаплашмаслиги, қарамаслиги, покламаслиги ва аламли азоблар тайинлангани билан огоҳлантирган кўплаб оят ва ҳадислар бор. Бу каби кимсаларнинг баъзилари қуйидагилардир:

* Оллоҳ таъоло  нозил қилган Китобларни яширган олимлар.

Улар бу китоблардаги илм-таълимотларни ҳоким-подшоҳларни рози қилиш, бирон бир манфаатга эришиш ёки дунёвий фойдалар учун яширадилар. Оллоҳ таъоло деди: «Оллоҳ индирган Китоб (илми)ни яшириб, уни озгина пул эвазига сотаётган кимсалар коринларида оловни емоқдалар. Оллоҳ уларга Қиёмат куни гапирмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоблар бордир. Улар залолатни ҳидоят, азоб-қийноқни эса мағфират-кечирим эвазига сотиб олдилар. Улар жаҳаннам (олови)га қандай сабр қиладилар-а?!» (Бақара: 174, 175).

Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ деди: ««Оллоҳ  уларга Қиёмат кунида гапирмайди» - яъни, Оллоҳ улар билан раҳмат ва уларни севинтирадиган нарсалар билан гаплашмайди. Балки, улар билан қўполлик билан гаплашади. Оллоҳ таъолонинг уларга нисбатан ғазабнок бўлиши ҳам нақл қилинган. Зотан ҳалқ ўртасида: «У бу одам билан гаплашмайди, чунки у, ундан ғазабланган» жумласи истеъмол қилинади» (Имом Бағавий, «Маъалимут-Танзил» (тафсир): 1/ 141).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирон илмдан сўралган ва у илмни яширган кимсани, Оллоҳ таъоло Қиёмат кунида жаҳаннам олови билан жиловлайди»» (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 3658; Термизий, Сунан, ҳадис № 2651).

 

 * Оллоҳ таъолога берган аҳдларини бузган ва қасам-онтларини озгина пул эвазига сотган ҳамда арзимас шахсий манфаатлари учун бўҳтон касам ичган кимсалар.

Оллоҳ таъоло деди: «Оллоҳнинг аҳди ва қасамларини арзимас пулга сотаётганларга, ўшаларга охиратда насиба йўқдир ҳамда Оллоҳ уларга гапирмас, қарамас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб-қийноқлар бордир» (Оли Имрон: 77).

 

* Кийимларини оёқ тўпиқларидан пастга тушириб юрган эркак, миннатчи, матоси сотилиши ёки мақбул бўлиши учун бўҳтон қасам ичган кимса.

Абу Зар разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч тоифа инсонлар борки, уларга Қиёмат кунида Оллоҳ таъоло гапирмайди, қарамайди ва уларни покламайди. Уларга аламли азоб-қийноқлар бор»- деб, уч марта такрорладилар». Мен: «Улар зарар ва зиён кўрар эканлар! Улар кимлар, ё расулуллоҳ!»- дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Кийимларини оёқ тўпиқларидан пастга тушириб кийган одам, миннатчи ва матосини бўҳтон қасам билан ўтказган кимса» - дедилар» (Имом Муслим, ҳадис № 106).

 

* Сув танқис бўлган жойда яшаган, бироқ, ўзида етарли, балки ортиқча суви бўла туриб, сўраганларга бермаган одам ва унга ўхшаганлар, имом (раҳбар)га дунё мато ва манфаатлари учун байъат қилган одам.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч тоифа одам борки, Оллоҳ уларга Қиёмат кунида гапирмайди, қарамайди ва уларни покламайди ҳамда уларга аламли азоб-қийноқ бордир: саҳро-чўлда ортиқча суви бўла туриб мусофирга бермаган, аср вақтидан сўнг матосини фалон-фалон нархга сотиш илинжида Оллоҳ номига онт ичган ва харидор уни тасдиқлаган сотувчи ҳамда дунё (матолари) учун имом (раҳбар)га байъат қилган: дунё матоларини берса вафодор, бермаса бевафо бўлган одам»» (Имом Бухорий, ҳадис № 2358, № 2369, № 2672, № 7212, № 7446; Имом Муслим, ҳадис № 108). Ҳадис лафзи имом Муслимники.

 

* Зоний чол, каззоб подшоҳ, кибрли камбағал.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч тоифа одамга Оллоҳ Қиёмат кунида гапирмайди, қарамайди ва уларни покламайди ҳамда уларга аламли азоб бордир: зоний чол, каззоб подшоҳ ва мутакаббир камбағал» (Имом Муслим, ҳадис № 107).

 

* Ота-онасига оқ бўлган одам, эркакларга кийиниши ва ҳаёт тарзида тақлид қилган аёл ва даюс – махрамларидаги ёмон ишларни кўра-била туриб рашки келмаган эркак.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч тоифа одам борки, Оллоҳ Қиёмат кунида уларга қарамайди: ота-онасига оқ бўлган одам, ўзини эркакларга ўхшатган аёл ва даюс. Уч тоифа одам борки, улар жаннатга ҳеч ҳам кирмайдилар: ота онасига оқ бўлган одам, муккасидан кетиб маст қилувчи ичимликларни ичган (пиёниста) ва берган нарсасини миннат қилган миннатчи» (Насоий, Сунан: 5/ 80; Ибн Хузайма, «ат-Тавҳид»: 634- б.; Имом Аҳмад, ал-Муснад: 2/ 134; Ибн Хиббон, ал-Маворид: 566 Хоким: 4/ 136 – 147.  Албоний, ас-Силсилатус-саҳиҳа: 674).

(давоми бор)

◄◄◄Бошига кайтиш

Давомига ўтиш►►►

   ЮкоригаÎ