Ислом Нури

 

Китоблар 

 

 

«Шубҳаларни аритиш» (Кашфуш-шубуҳот) китоби

Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон ат-Тамимий

Ислом Нури таржимаси

 

Билингки – Аллоҳ сизни ўз раҳматига олсин – тавҳид ибодатни ёлғиз Аллоҳга қилишдир.

У пайғамбарларнинг динидир, Аллоҳ таоло уларни шу дин билан бандаларига юборган.

Уларнинг аввали Нуҳ алайҳиссаломдир, Унинг қавми солиҳ бандалар бўлмиш Вад, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Наср хусусида ғулувга берилишгач, Аллоҳ уни уларга элчи қилиб юборди.

Элчиларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар, мазкур солиҳларнинг сурат (ҳайкал)ларини синдирган ҳам у кишидирлар.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз қавмларига элчи қилиб юборди. Улар ибодат қиладиган, ҳаж қиладиган, садақалар берадиган, Аллоҳни кўп зикр қиладиган, лекин шу билан бирга баъзи махлуқотларни, масалан фаришталарни, Ийсони, Марямни ва бошқа солиҳларни ўзлари билан Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб: «Биз улар орқали Аллоҳга яқинлашишни истаймиз, Аллоҳ ҳузурида уларнинг шафоатларини истаймиз», дейдиган қавм эдилар.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни уларга боболари Иброҳим алайҳиссаломнинг динини янгилаш ва уларга; улар даъво қилаётган яқинлик исташ ва бундай эътиқод холис Аллоҳнинг ҳақлари эканини, бу ҳақлардан биронтасини Аллоҳдан ўзгаси учун – бошқалар у ёқда турсин, ҳаттоки муқарраб фариштага ва на юборилган расул-элчига – дуруст бўлмаслигини хабар бериш учун юборди.

Йўқса, у мушриклар Аллоҳ ягона яратувчи ва Унинг шериги йўқ эканига, фақат Угина ризқ беришига, фақат Аллоҳ ўлдириши ва тирилтиришига, фақат Угина ишларни бошқаришига, етти осмон ва ундагилар, етти қават ер ва ундагилар ҳаммаси Аллоҳнинг бандалари ҳамда Унинг тасарруфи ва қаҳри остида эканига иқрор эдилар ва бунга гувоҳлик берардилар.

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган мушриклар бу айтилганларга гувоҳлик беришган эканига далил истасангиз, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқинг:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Ким сизларга осмон ва ердан ризқ берур ёки ким (сизлар ва бошқалар фойдаланаётган) ешитиш ва кўришга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Сиз айтинг: «Ахир Ўша зотдан қўрқмайсизларми?!» (Юнус: 31).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Агар билувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники?» Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?!» Айтинг: «Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?» Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?» Улар: «Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас қандай алданмоқдасизлар?!» (Муъминун: 84-89).

Ва бошқа оятлар.

Уларнинг бунга иқрор бўлишган эканига ва бу иқрорлари уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилган тавҳидга киргиза олмаганига ишонч ҳосил қилган бўлсангиз ва улар инкор қилган тавҳид замонамиз мушриклари «эътиқод» деб атайдиган ибодат тавҳиди эканини билган бўлсангиз, мисол учун улар кеча-ю кундуз Аллоҳга дуолар қилишар, кейин улардан баъзилари фаришталарга улар солиҳ ва Аллоҳга яқин бўлганлари учун дуо қилишар, ёки Лотга ўхшаган бирон солиҳ кишига ёки Ийсо каби бирон пайғамбарга дуо қилишар эди.

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан мана шу ширкка қарши урушганларини ва уларни ибодатни ягона Аллоҳга ихлос билан қилишга чақирганларини билган бўлсангиз, Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18), «Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у мушрикларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас» (Раъд: 14).

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан дуонинг ҳаммаси Аллоҳга бўлиши, забҳ (жонлиқ сўйиш) ҳаммаси Аллоҳга бўлиши, назрнинг ҳаммаси Аллоҳга бўлиши, мадад сўрашнинг ҳаммаси Аллоҳдан бўлиши ва жамики ибодат турлари ҳаммаси Аллоҳга бўлиши учун жанг қилган эканларини билган бўлсангиз, рубубият тавҳидига иймон келтиришлари уларни Исломга олиб киролмаганини, уларнинг қонларини ва молларини (мўминлар учун) ҳалол қилган нарса уларнинг айни ўша малоикаларни ё пайғамбарларни ё авлиёларни – шафоатларини истаб ва шу билан Аллоҳга қурбат-яқинлик ҳосил қилишни истаб – қасд қилишлари бўлганини билган бўлсангиз, шундагина сиз пайғамбарлар унга чақирган ва мушриклар иқрор бўлишдан бош тортган тавҳидни билган бўласиз.

Мана шу тавҳидгина «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ) деган сўзингиз маъносидир. Зеро, уларда (араб мушрикларида) илоҳ дегани мана шу ишлар учун қасд қилинадиган зотдир, у хоҳ малоика бўлсин, хоҳ пайғамбар бўлсин, хоҳ валий бўлсин, хоҳ дарахт бўлсин, хоҳ қабр бўлсин, хоҳ жин бўлсин, фарқсиз. Улар илоҳ деганда яратувчи, ризқ берувчи ва ишларни бошқарувчинигина қасд қилмаганлар, бу ишлар ягона Аллоҳга хос эканини билишарди, балки улар илоҳ деганда замонамиз мушриклари «авлиё» лафзи билан мақсад қилган маънони қасд қилишарди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни тавҳид калимаси «Ла илаҳа иллаллоҳ»га даъват қилиб келдилар. Бу калимадан мурод унинг маъносидир, лафзининг ўзигина эмас. Жоҳил кофирлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу калимадан муродлари Аллоҳни – ёлғиз Унга боғланиб ва Ундан бошқа ҳар қандай илоҳни инкор қилиб ва ундан покланиб – ёлғизлаш эканини билардилар. Чунки, у зот уларни «ла илаҳа иллаллоҳ» дейишга чақирганларида улар: «(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5), дейишган.

Кофирларнинг жоҳиллари ҳам буни билишган эканини билган бўлсангиз, энди Исломни даъво қиладиган, бироқ бу калиманинг маъноси ҳақида кофирларнинг жоҳиллари билган нарсани ҳам билмайдиган, балки ундан мурод қалб унинг маъноларидан бирон нарсани эътиқод қилмаган ҳолда фақат ҳарфларини талаффуз қилиб қўйишнинг ўзи деб ўйлайдиган кишидан ажаб. Улар ичида сал дурустроқлари бу калиманинг маъноси «Аллоҳдан ўзга яратувчи ва ризқ берувчи, ишларни бошқарувчи йўқ» деб билади. Жоҳил кофирлар ҳам «ла илаҳа иллаллоҳ» маъноси ҳақида ундан кўра билувчироқ бўлган одамда яхшилик йўқ.

Ушбу айтганларимни дилингиз билан билиб олган бўлсангиз, Аллоҳ таоло у ҳақда: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48) деб айтган ширкни билган бўлсангиз, Аллоҳнинг аввалдан охиригача барча пайғамбарларни у билан юборган ва ундан ўзга динни бирон кишидан қабул қилмайдиган динини билган бўлсангиз ва аксарият одамлар бу ҳақда билимсиз бўлиб қолганини билган бўлсангиз, (мана шу билимингиз) сизга иккита нарсани ифодалаб беради:

Биринчи: Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидан хурсанд бўлишни. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус: 58).

Иккинчи: улкан қўрқувни (ифодалайди). Чунки, агар инсон оғзидан чиққан бир калима сўз билан ҳам кофир бўлиб қолишини билсангиз – баъзан уни жоҳиллик билан гапириб ҳам қўяди, жоҳиллиги эса узрга ўтмайди, баъзан эса у сўзни худди мушриклар гумон қилганларидек, ўзини Аллоҳга яқинлаштиради деган гумонда айтиб қўяди, хусусан Аллоҳ таоло сизга Мусо қавмини солиҳ ва илмли бўлган ҳолларида унинг ҳузурига: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер» (Аъроф: 138) деб келишганини айтиб турган бўлса, ана шунда сизнинг қўрқувингиз ва ўзингизни ана шунга ўхшаш ҳолатдан қутқаришга ҳарислигингиз қаттиқ ортади.

Билингки, Аллоҳ субҳанаҳу Ўз ҳикматига кўра, қай бир пайғамбарни мана шу тавҳид билан юборган бўлса, албатта у учун душманларни ҳам қилиб қўйди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васваса қиладилар» (Анъом: 112).

Баъзан тавҳид душманларининг жуда кўп илмлари, китоблари, ҳужжатлари бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки уларга пайғамбарлари (Аллоҳга иймон келтириш ва У зотга бўйсуниш зарур эканлиги ҳақида) аниқ ҳужжатлар келтирган вақтларида улар ўзларининг олдиларидаги (фақат дунёвий бўлган) билимлари билан шодланиб-мақтандилар» (Ғофир: 83).

Мана шуни билган бўлсангиз ва Аллоҳ таолога олиб борувчи йўл унинг устида ўтирувчи фасоҳат, илм ва ҳужжат аҳли бўлган душманларсиз бўлмаслиги аниқлигини билган бўлсангиз, демак, сизга Аллоҳнинг динидан ўзингиз учун ўша шайтонларга қарши курашишга қурол бўладиган нарсани ўрганиб-билишингиз вожиб бўлади. Шайтонларки, уларнинг имоми ва пешвоси Парвардигорингиз азза ва жаллага шундай хитоб қилган эди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан» (Аъроф: 16, 17). Лекин, қачонки, Аллоҳга иқбол қиларкансиз ва Унинг ҳужжатларига ва далилларига қулоқ соларкансиз, қўрқманг ва ғамгин бўлманг: «Шубҳасиз, шайтоннинг макри заиф бўлувчидир» (Нисо: 76).

Оддий бир илмсиз муваҳҳид ўша мушрикларнинг мингта олимига ғолиб бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Шак-шубҳасиз Бизнинг қўшинимиз (яъни пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлувчидирлар» (Соффат: 173). Аллоҳнинг қўшини қилич ва тиғ билан ғолиб бўлганлари каби ҳужжат ва тил билан ҳам ғолиб бўлувчидирлар.

Хавф-хатар фақат қуролсиз йўлга чиққан муваҳҳид учунгина мавжуддир. Аллоҳ таоло бизга Ўзининг «Ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китоби» (Наҳл: 89) билан миннат-марҳамат қилди.

Ботил эгаси қандай бир ҳужжат келтирмасин, Қуръонда уни синдирадиган ва ботиллигини баён қилиб берадиган далил албатта бордир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар сизга (Қуръонни айблаш учун юқоридаги каби) бирон мисол-савол келтирсалар, албатта Биз сизга ҳақ (жавобни) ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик» (Фурқон: 33). Баъзи муфассирлар бу оят ботил аҳллари то қиёматгача келтирадиган ҳар қандай ҳужжатни ўз ичига олишини айтганлар.

Мен замонамиздаги мушриклар бизга қарши ҳужжат қилган гапларга жавоб тариқасида Аллоҳ таоло Китобида зикр қилган нарсалардан баъзиларини сизга айтиб бераман.

Ботил аҳлига жавоб икки йўл билан: мужмал (қисқа) ва муфассал (батафсил) бўлади.

Аммо, мужмал уни англаган киши учун жуда катта иш ва улкан фойдадир. Бу Аллоҳ таолонинг қавлики: «У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (Қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ — тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадидар. Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур» (Оли Имрон: 7). Саҳиҳ ҳадис борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ундан (яъни, Қуръондан) муташобиҳ бўлган оятларга эргашаётган кишиларни кўрсангиз, Аллоҳ номлаган кишилар ўшалардир, улардан эҳтиёт бўлинг» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мисол учун, агар сизга баъзи мушриклар: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Юнус: 62), ёки «шафоат ҳақ» ёки «пайғамбарларнинг Аллоҳ ҳузурида жоҳлари (ҳақ-ҳурматлари) бор», деса ёки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирон сўзларини ўзининг ботилига далил қилиб келтирса, сиз у айтган сўзнинг маъносини тушунмасангиз, унга шундай жавоб беринг: «Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида қалбларида ҳақ йўлдан оғиш бор бўлган кимсалар муҳкам оятларни қўйиб, муташобиҳ оятларга эргашадилар, деган. Мен сизга айтган, мушриклар рубубият (тавҳиди)га иқрор бўлишгани, бироқ Аллоҳ таоло уларни малоикаларга, анбиё ва авлиёларга боғланишлари ва «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз» (Юнус: 18) дейишлари сабабидан кофир санаган экани аниқ-равшан ва муҳкам иш бўлиб, бирон киши унинг маъносини ўзгартиришга қодир эмас.

Эй мушрик, сен менга айтган Қуръон (ояти) ёки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари маъносини билмайман. Лекин, қатъий айтаманки, Аллоҳнинг Каломи  бир-бирига зид келмайди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари Аллоҳ азза ва жалланинг каломига хилоф келмайди.

Мана шу яхши ва тўғри жавобдир. Лекин, уни фақат Аллоҳ таоло муваффақ қилган кишигина тушунади, сиз уни (яъни, шу жавобни) енгил-арзимас санаманг. Зеро, у Аллоҳ таоло айтганидек: «Унга фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» (Фуссилат: 35).

Энди батафсил жавоб шуки, Аллоҳнинг душманларининг одамларни пайғамбарларнинг динидан тўсадиган кўп эътирозлари бор. Мана бу гаплари ҳам шу жумладан: «Биз Аллоҳга ширк келтирмаймиз, балки ягона, шериксиз Аллоҳгина яратади, ризқ беради, фойда етказади, зарар етказади деб, шунингдек Абдулқодир ё ундан бошқаси у ёқда турсин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларига бирон фойда ё зарар етказишга эга эмаслар, деб гувоҳлик берамиз. Лекин, мен гуноҳкор бандаман, солиҳ зотларнинг эса Аллоҳ ҳузурида жоҳлари (ҳурмат-эҳтиромлари) бор, мен улар воситасида Аллоҳдан сўрайман».

Сиз унга ҳам юқорида ўтгани каби жавоб беринг. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган кимсалар ҳам сен айтган нарсаларга иқрор эдилар, бутлари уларга ҳеч нарсани бошқариб бермаслигига иқрор эдилар, фақатгина жоҳ ва шафоатни мақсад қилгандилар, денг ва унга Аллоҳ Китобида зикр қилган ва баён қилиб берган нарсаларни ўқиб беринг.

Агар у: «Бу оятлар бутларга сиғинадиган одамлар ҳақида тушган, сен қандай қилиб солиҳларни бутларга тенглаштирасан?! Қандай қилиб пайғамбарларни бутларга тенг деб кўрасан?!», деса, унга юқоридаги гаплар билан жавоб беринг. Агар у кофирларнинг ҳам рубубиятнинг ҳаммасини Аллоҳ учун деб гувоҳлик беришганига ва ўзлари қасд қилган кишиларидан шаофтдан бошқа нарсани истамаганларига иқрор бўлса, лекин айтган гапи билан уларнинг феъллари билан ўзининг феълини ажратишни истаса, сиз унга айтингки, кофирлар ичида бутларга сиғинадиганлари бор эди, авлиёларга дуо-илтижо қиладиганлари бор эди, Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар» (Исро: 57) деди, Ийсо ибн Марямга ва унинг онасига дуо қиладиганлари бор эди, Аллоҳ таоло деди: «Масиҳ ибн Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа Аллоҳга ҳаққирост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом ер эдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларни кўринг! Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизлар зарар ҳам, фойда ҳам беришга эга бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизми? Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Моида: 75, 76).

Унга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини эслатинг:

«(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга: «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилувчи бўлганмидилар?» дейилган кунда (фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат қилар эдилар. Уларнинг кўплари уларга (яъни жинларга) иймон келтирувчидирлар», дерлар» (Сабаъ: 40, 41).

«Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!»» (Моида: 116, 117).

Унга айтингки: «Билдингки, Аллоҳ таоло бутларни қасд қилганларни ҳам кофир деди, солиҳларни қасд қилганларни ҳам кофир деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уларга қарши уруш қилдилар, улар ўртасини ажратмадилар».

Агар айтсаки: «Кофирлар ўша (бут)ларидан истардилар, мен фақат Аллоҳгина фойда етказувчи, зарар етказувчи, ишларни бошқарувчи, деб гувоҳлик бераман, фақат Унинг Ўзидан истайман, солиҳларга ишдан ҳеч қандай улуш йўқ, лекин мен уларни қасд қиламан ва Аллоҳдан уларнинг шафоатларини умид қиламан». 

Жавоб шуки: Бу кофирларнинг сўзларининг айни ўзидир. Унга сиз Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқиб беринг: «У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» (Зумар: 3), «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчи-шафоатчиларимиз, дейишади» (Юнус: 18).

Билингки, мазкур учта шубҳа уларда бўлган энг катта шубҳалардир.

Агар Аллоҳ таоло уларни Ўз Китобида очиқлаб берганини билган бўлсангиз ва яхшилаб тушуниб олган бўлсангиз, улардан кейинги шубҳалар енгилдир.

Агар: «Мен Аллоҳдан бошқасига ибодат қилмайман, солиҳларга дуо-илтижо қилиш ибодат эмас», деса: «Сен Аллоҳ таоло ибодатни Унинг ўзига холис қилишингни фарз қилганига иқрормисан?», денг. Агар «Ҳа», деса: «Аллоҳ сенга фарз қилган нарсани, яъни ибодатни Унинг ўзига ихлос билан қилиш нима эканини менга баён қилиб бер», денг, у ибодатни ва унинг турларини билмайди. Сиз унга шундай денг: «Аллоҳ таоло: «Парвардигорингизга тазарру билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз! Зотан, у ҳаддан ошувчи кимсаларни севмас» (Аъроф: 55), деди. Мана шуни билдиргач, унга: «Шуни Аллоҳга ибодат деб биласанми?», денг, у: «Ҳа», дейишга мажбур бўлади, зеро дуо ибодатнинг мағзидир. Унга айтинг: «Бунинг ибодат эканига иқрор бўлсанг, кеча-ю кундуз хавф ва умид билан Аллоҳга дуо қилсанг, сўнг мана шу ҳожатингни сўраб пайғамбарга ё бошқасига ҳам дуо қилсанг, Аллоҳнинг ибодатида бошқасини шерик қилган бўласанми?!» У: «Ҳа», дейишга мажбур бўлади. Шунда сиз унга айтинг: «Агар сен Аллоҳ таолонинг: «(Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйинг (қурбонлик қилинг)» (Кавсар: 2) оятига амал қилсанг ва Аллоҳга тоат-ибодат қилиб, Унга атаб жонлиқ сўйсанг, шу ибодат бўладими?». У «Ҳа», дейишга мажбур бўлади. Сиз унга айтингки: «Агар пайғамбар бўлсин, жин бўлсин ё бошқаси бўлсин, бирон махлуқотқа атаб жонлиқ сўйсанг, шу ибодатда Аллоҳдан бошқасини шерик қилган бўласанми?». У иқрор бўлиб, «Ҳа» дейишдан бошқа чора тополмайди.

Унга яна айтинг: «Улар ҳақида Қуръон оятлари нозил бўлган мушриклар малоикаларга, солиҳларга, Лотга ва бошқага сиғинармидилар?». У: «Ҳа», дейишга мажбур бўлади. Шунда сиз айтинг: «Уларнинг ўшаларга бўлган ибодатлари дуо қилишда, жонлиқ сўйишда, илтижо қилишда ва шунга ўхшаганларда эдими?». Бўлмасам, улар Аллоҳнинг бандалари ва Унинг қаҳри (қудрати) остида эканларига, фақат Аллоҳгина ишларни юргизувчи зот эканига иқрор эдилар, лекин жоҳ учун, шафоат учун уларга дуо ва илтижолар қилдилар, бу жуда очиқ кўриниб турган ишдир.

Агар у: «Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларини инкор қиласанми ва ундан ўзингни пок биласанми?», деса, айтгинки: «Мен у зотнинг шафоатларини инкор қилмайман, ўзимни ундан пок тутмайман ҳам, балки у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат қилувчи ва шафоатга изн берилган зотдирлар, мен у кишининг шафоатларини умид қиламан. Лекин, шафоат ҳаммаси Аллоҳникидир, Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг: Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар: 44). Шафоат фақат Аллоҳ изн берганидан кейин бўлади, Аллоҳ таоло айтганидек: «Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди» (Бақара: 255). Бирон киши хусусида Аллоҳ у ҳақда изн бермасидан туриб шафоат қилолмайдилар, Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар (қиёмат қойим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар» (Анбиё: 28). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса фақат тавҳидга рози бўлади, Аллоҳ таоло айтганидек: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85). Демак, шафоатнинг ҳаммаси Аллоҳники экан, фақат Унинг изнидан кейингина бўлар экан, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, бошқаси ҳам бирон киши хусусида то Аллоҳ у ҳақда изн бермагунича шафоат қилолмас эканлар, Аллоҳ таоло фақат тавҳид аҳли учунгина изн берар экан, бундан маълум бўлдики, шафоат фақат Аллоҳники, мен уни Аллоҳдан талаб қиламан ва айтаманки: «Эй Аллоҳим, мени у зотнинг шафоатларидан маҳрум қилмагин, эй Аллоҳим, у зотни менга шафоатчи қилгин» ва ҳоказо. 

 Ундан ташқари, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқаларга ҳам шафоат берилган. Саҳиҳ хабарларда келганки, малоикалар шафоат қиладилар, авлиёлар шафоат қиладилар, фаратлар (гўдаклигида вафот этган фарзандлар) шафоат қиладилар. Шундай экан, сен: «Аллоҳ таоло уларга ҳам шафоат берган, мен улардан шафоат тилайман», деб айтасанми?! Агар шундай десанг, сен Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтган, солиҳларга ибодат қилишга қайтган бўласан. Агар йўқ десанг, «Аллоҳ унга шафоат берган, мен ундан Аллоҳ берган нарсани талаб қиламан» деган гапинг ботил бўлади.

Агар: «Мен асло Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмайман, лекин солиҳларга илтижо қилиш ширк эмас», деса, сиз унга айтинг: «Агар сен Аллоҳ таоло ширкни зинони ҳаром қилганидан кўра қаттиқроқ ҳаром қилганига иқрор бўлсанг ва Аллоҳ таоло уни кечирмаслигига иқрор бўлсанг, хўш, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ва уни кечирмаслигини айтган бу иш (яъни ширк) нима ўзи?». У буни билмайди. Сиз унга айтингки: «Сен қандай қилиб ўзингни ширкдан покман дейсан, ваҳоланки унинг нималигини ўзинг билмайсан?! Аллоҳ уни сенга ҳаром қилган бўлса ва уни кечирмаслигини айтган бўлса, сен қандай қилиб у ҳақда сўрамайсан, уни билишга уринмайсан?! Аллоҳ уни ҳаром қилган-у, лекин унинг нималигини бизга баён қилиб бермаган, деб гумон қиласанми?!».

Агар у: «Ширк дегани бутларга сиғиниш, биз бутларга сиғинмаймиз», деса, сиз унга айтинг: «Бутларга сиғиниш маъноси нима ўзи? Сен ўша бутпарастлар шу ёғоч ва тошлар ҳақида улар яратади, ризқ беради, ўзларига дуо қилганларнинг ишларини юргизади, деб эътиқод қиладилар, деб ўйлайсанми?! Қуръон буни ёлғон санайди». Агар у: «У (яъни бутпараст) ёғоч ё тошга ё қабр устига қурилган сағанага ё бошқа нарсага қасд қилиб борадиган ва унга дуо қиладиган, унга атаб жонлиқ сўядиган ва «У бизни Аллоҳга яқинлаштиради, унинг баракасидан Аллоҳ биздан (балони) даф қилади ё унинг баракасидан бизга марҳамат қилади» деб айтадиган одамдир», деса, айтингки: «Тўппа-тўғри айтдинг, сизларнинг тошлар ва сағаналарга бориб, қилаётган ишларингиз ҳам айни шунинг ўзидир». Бу одам ўзларининг мана шу феъллари бутларга сиғиниш эканига иқрор бўлди, мақсад ҳам шу эди.

Унга яна айтилади: «Ширк дегани бутларга сиғиниш» деган сўздан муродинг ширк фақат шунга хос, солиҳларга эътимод қилиш ва уларга дуо-илтижо қилиш бунга кирмайди, деганими? Бу гапни Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида малоикаларга, Ийсога, солиҳларга боғланишнинг куфр экани ҳақида зикр қилган гап рад қилади. Энди у Аллоҳга ибодатда солиҳлардан бирортасини шерик қилиш Қуръонда зикр қилинган ширк эканига иқрор бўлмай иложи қолмайди, мақсад ҳам шу эди.

Масаланинг сири шундаки, агар у: «Мен Аллоҳга ширк келтирмайман», деса, сиз унга: «Аллоҳга ширк келтириш маъноси нима, менга тушунтириб бер?», денг. Агар: «Ширк бутларга сиғинишдир», деса, сиз: «Бутларга сиғиниш нима дегани, менга тушунтириб бер», дейсиз. Агар: «Мен фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қиламан», деса, сиз: «Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш маъноси нима, менга тушунтириб бер», дейсиз. Агар у буни Қуръон баён қилганидек тушунтириб берса, хўп, мақсад ҳам шу ўзи. Агар билмаса, қандай қилиб ўзи билмаган нарсани даъво қилади?! Агар у уни бошқача маънода тушунтирса, сиз унга Аллоҳга ширк келтириш ва бутларга сиғинишнинг маъноси улар ҳозирги даврда қилишаётган ишнинг айни ўзи экани, Аллоҳнинг Ўзига шериксиз ибодат қилиш улар бизга инкор қилаётган ва ўтмишдаги биродарлари қичқирганлари каби бизга қараб: «(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5), деб қичқираётган ишнинг айни ўзи эканини очиқ баён қилувчи оятларни айтиб беринг.

Агар замонамиздаги мушриклар "эътиқод" деб номлаётган нарса у ҳақда Қуръон оятлари нозил бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу хусусда одамлар билан урушган ширкнинг айни ўзи эканини билган бўлсангиз, билингки, аввалгиларнинг ширки замонамиз аҳлининг ширкидан кўра икки жиҳатдан енгилроқ эди:

Биринчиси: Аввалгилар фаровонлик пайтларидагина Аллоҳга ширк келтиришар, Аллоҳга қўшиб малоикаларга, авлиёларга ва бут-санамларга дуо қилишар, аммо шиддатлар пайтида дуони холис Аллоҳнинг ўзига қилишарди. Аллоҳ таоло айтганидек:

«Қачон денгизда сизларга бирон мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. Энди қачонқи, У зот сизларга нажот бериб қуруқликка чиқариб қўйгач, сизлар Ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат қилувчидир» (Исро: 67).

«Айтинг (эй Муҳаммад), «Аллоҳдан ўзга илоҳлар бор» деган сўзингизда ростгўй бўлсангизлар, хабар берингиз-чи, агар сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки Қиёмат қойим бўлса, Аллоҳдан ўзгага дуо-илтижо қиласизларми?! Йўқ, Унинг Ўзигагина илтижо қиласизлар, У агар хоҳласа, сизлар дуо-илтижо қилган нарсани (бало-мусибатни) аритур. Аллоҳга шерик деб биладиган бутларингизни эса унутиб юборурсизлар» (Анъом: 40, 41).

«Қачон инсонни бирон зиён ушласа, у Парвардигорига тавба-тазарруъ қилган ҳолида дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон (Аллоҳ) Ўз томонидан унга бирон неъмат ато этса, (инсон) илгари (Аллоҳга) қилган дуо-илтижоларини унутиб қўюр ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун У зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топур. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдаланиб қол! Шак-шубҳасиз сен дўзах эгаларидандирсан» (Зумар: 8).

«Қачон (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар чин ихлос билан Аллоҳга дуо илтижо қилурлар. Энди қачонки, (Аллоҳ) уларга нажот бериб, қуруқликка (чиқарса), у ҳолда улардан (айримларигина) тўғри йўл тутувчидир» (Луқмон: 32).

Ким Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида очиқлаб берган бу масалани, яъни: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган мушриклар фаровонлик пайтида Аллоҳга ҳам, бошқаларга ҳам дуо қилишганини, машаққатлар пайтида эса фақат ягона Аллоҳнинг ўзигагина дуо қилиб, бут-санамларини унутиб юборишганини яхши тушуниб олган бўлса, у учун замонамиздаги ширк аҳли билан аввал ўтган мушриклар ўртасидаги фарқ ойдинлашади.

Лекин, қани у, бу масалани қалби билан яхшилаб, пухта англаб оладиган одам?! Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин.

Иккинчи: Аввалгилар Аллоҳ билан бирга Аллоҳ ҳузурида муқарраб бўлган анбиё ва алиёларга ёки малоикаларга дуо қилишарди ёки Аллоҳга итоатли бўлган ва осий бўлмаган тошлар ва дарахтларга дуо қилишарди. Замондошларимиз эса Аллоҳга қўшиб энг фосиқ инсонларга дуо қилишади. Ўзлари дуолар қиладиган кимсаларнинг зино, ўғирлик, бенамозлик каби фисқу фужур ишларини айтиб ҳам юришади. Солиҳ кишиларга ёки осий бўлмаган тош ва дарахтларга эътиқод қиладиган киши фисқу фужури ва фасодига гувоҳ бўлиб турилган кимсага эътиқод қилган кишидан енгилроқдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган кишилар булардан кўра ақллари дурустроқ ва ширклари енгилроқ эканини билган бўлсангиз, билингки буларнинг биз айтган нарсаларга етказадиган шубҳалари бор, бу уларнинг энг катта шубҳаларидан. Яхшилаб қулоқ солинг, мен уларнинг жавобини айтаман. Улар айтишади: «Улар ҳақида Қуръон (оятлари) нозил бўлган (мушрик)лар «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришмасди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилишарди, қайта тирилишни инкор қилишарди, Қуръонни ёлғон ва сеҳр деб санашарди. Биз «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик берамиз, Қуръонни тасдиқлаймиз, қайта тирилишга иймон келтирамиз, намоз ўқиймиз, рўза тутамиз. Шундай экан, қандай қилиб сиз бизни уларга тенглаштирасиз?!»

Жавоб шуки, ҳамма уламоларнинг иттифоқларига кўра, киши агар бир нарсада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқласа-ю, бошқа бир нарсада у зотни ёлғончи қилса, у кофир бўлади ва Исломга кирган бўлмайди. Шунингдек, агар Қуръонга иймон келтирса-ю, баъзи жойини ёлғон санаса, масалан, тавҳидга иқрор бўлса-ю, намознинг фарзлигини инкор қилса, ёки тавҳид ва намозга иқрор бўлса-ю, закотнинг фарзлигини инкор қилса, ёки буларнинг барчасига иқрор бўлса-ю, рўзани инкор қилса, ёки буларнинг ҳаммасига иқрор бўлгани ҳолда ҳажни инкор қилса, у ҳам шундай, кофир бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида одамлар ҳажга бўйин эгмаганларида Аллоҳ таоло улар ҳаққида: «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир» (Оли Имрон: 97) оятини туширди. Ким буларнинг ҳаммасига иқрор бўлса-ю, қайта тирилишни инкор қилса, билиттифоқ кофир бўлади ҳамда қони-ю моли ҳалол бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар» (Нисо: 150, 151).

Модомики, Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида баъзисига иймон келтириб, баъзисини инкор қилган киши ҳақиқий кофирдир деб очиқ айтиб турган экан, ҳалиги шубҳа қолмайди. Аҳсо аҳлидан баъзилари бизга юборган мактубда зикр қилган нарса шудир.

Яна айтиладики, агар ҳамма нарсада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқ қилган, бироқ намознинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлиб, қони-ю моли ҳалол бўлишига, шунингдек, ҳамма нарсага иқрор бўлиб, фақат қайта тирилишга мункир бўлган ёки ҳамма нарсага иқрор бўлиб, фақат рўзани инкор қилган одам кофир бўлишига иқрор бўлсангиз (керак). У буни инкор қилмайди, мазҳаблар ҳам бунда ихтилоф қилмайдилар. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Қуръон ҳам бу ҳақда айтган.

Маълумки, тавҳид Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган энг улуғ фарздир, унинг фарзлиги намоздан ҳам, закотдан ҳам, рўзадан ҳам, ҳаждан ҳам улуғдир.

Инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган нарсаларнинг ҳаммасига амал қилгани ҳолда мазкур ишлардан фақат биттасини инкор қилса кофир бўлар экан, қандай қилиб барча пайғамбарларнинг дини бўлмиш тавҳидни инкор қилса кофир бўлмасин?!

Субҳаналлоҳ, бу қандайин қизиқ жаҳолат!.

Яна айтиладики: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари Бану Ҳанифа қабиласига қарши уруш қилдилар. Ваҳоланки, улар «ла илаҳа иллаллоҳу муҳуммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришарди, азон айтишарди, намоз ўқишарди». Агар у: «Улар Мусайламани пайғамбар деб айтишарди», деса, биз айтамизки: «Ҳа, мақсад ҳам шу ўзи. Демак, бир кишини пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рутбаларига кўтарган киши кофир бўлиб, қони ва моли ҳалол бўлса ва айтган шаҳодат калимаси ҳам, намози ҳам фойда бермаса, қандай қилиб Шамсон ё Юсуфни (бу икки авлиёнинг исми ИНТ) ё бирон саҳобани ё пайғамбарни самовоту ернинг эгаси бўлган Зот (Аллоҳ) рутбасига кўтарган киши кофир бўлмасин?! Субҳаналлоҳ, бу нақадар оғир иш! «Аллоҳ (ҳақиқатни) билмайдиган кимсаларнинг дилларини ана шундай қоплаб-беркитиб қўюр» (Рум: 59).

Яна айтилади: «Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ёқиб юборган кишилар ҳаммаси Исломни даъво қилишарди, улар Алий розияллоҳу анҳунинг асҳоблари эди, саҳобалардан илм олишган эди, лекин ҳазрат Алий ҳақларида худди Юсуф ё Шамсон ва шу кабилар тўғрисидаги эътиқодга ўхшаган эътиқодда бўлишган эди. Қандай қилиб саҳобалар уларни қатл қилиш ва кофир санашга иттифоқ қилдилар?! Сиз саҳобалар мусулмонларни кофир санашади деб гумон қиласизми?! Тож (валийнинг исми) ва унга ўхшаганлар ҳақида эътиқод қилишнинг зарари йўғ-у, Алий ибн Абу Толиб ҳақларида эътиқод қилиш кишини кофир қилади, деб ўйлайсизми?!».

Яна айтилади: «Банул-Аббос даврида Мағриб ва Мисрга ҳукмронлик қилган Бану Убайд ал-Қаддоҳ қабиласи ҳаммаси «ла илаҳа иллаллоҳу муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришарди, мусулмонлик даъво қилишарди, жумъа ва жамоат намозларини ўқишарди. Қачонки, шариатдаги баъзи нарсаларга мухолиф чиқишгач, уламолар уларни кофир санашга ва уларга қарши уруш қилишга иттифоқ қилдилар, уларнинг диёрини ҳарб (уруш ҳолидаги душман) диёри санадилар, мусулмонлар уларга қарши жанг қилиб, уларнинг қўллари остидаги мусулмон юртларини улардан қутқариб олдилар».

Яна айтилади: «Агар илгаригилар ширк фақат, пайғамбарни ва Қуръонни ёлғончи қилиш, қайта тирилишни инкор қилиш ва бошқа  ишларнинг ҳаммасини жамлаганларидан кейингина кофир саналган бўлсалар, унда ҳар бир мазҳаб уламолари «Муртаднинг ҳукми ҳақидаги боб» деб атаган бобнинг нима маъноси қолади, ахир муртад деб мусулмонликдан кейин кофирликка қайтган кишига айтилади-ку? Сўнг (уламолар) бошқа кўп турларни зикр қилганларки, ҳар бир тур кишини кофир қилади, қони ва молини ҳалол қилади, ҳатто улар қилган одам арзимас санаб қиладиган айрим ишларни ҳам зикр қилганлар, масалан, дилида қасд қилмасдан фақат тилида айтиб қўйиш ё ҳазил-мазах тарзида айтилган гаплар каби».

Яна айтилади: «Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Улар (яъни, мунофиқлар сизга етиб келган ҳақорат сўзларини) айтмаганликларига қасам ичадилар. Ҳолбуки, куфр сўзини аниқ айтган эдилар ва исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтган эдилар» (Тавба: 74) деб айтган кишилар (ҳақида нима дейсиз), ахир Аллоҳ таоло уларни бир оғиз сўзлари сабабли кофир санамадими, ваҳоланки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида, у зот билан бирга жиҳод қилардилар, у зотнинг ёнларида намоз ўқирдилар, закот берардилар, ҳаж қилардилар, тавҳидга гувоҳлик берардилар?!

Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66) деб айтган кишилар ҳам айни шундай бўлгандилар. Аллоҳ таоло иймон келтирганларидан сўнг яна куфрга қайтишганини очиқ айтган ўша кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Табук ғазотида эдилар, улар ҳазил-мазах йўсинида бир калима гап айтган эдилар».

Сиз уларнинг мана бу шубҳалари ҳақида фикрлаб кўринг. Яъни, айтишадики: «Сизлар мусулмонлар ичидан «ла илаҳа иллаллоҳ » деб гувоҳлик берадиган, намоз ўқийдиган, рўза тутадиган кишиларни кофир санайсизлар». Энди бу гапларига берилган жавобни ўйлаб кўринг, бу ушбу саҳифалардаги энг фойдали гаплардандир.

Бунга далиллардан яна Аллоҳ таоло Бану Исроил ҳақида айтган гап, яъни улар исломлари, илмлари ва салоҳлари билан бирга Мусога: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер» (Аъроф: 138), деб айтишгани, шунингдек, саҳобалардан баъзилари: «Бизга ҳам «зоту анвот» қилиб беринг» деб айтишганидир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасам ичиб: «Бу худди Бану Исроилнинг Мусога: «бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер» деган гаплари билан бир хил эканини айтгандилар.

Лекин, мушрикларнинг бу ҳикоя борасида далил қиладиган шубҳалари бор. Улар айтишади: «Бану Исроил бу билан кофир бўлмаган, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизга ҳам зоту анвот қилиб беринг» деган саҳобалар ҳам кофир бўлмаганлар».

Жавоб шуки, Бану Исроил (айтганлари билан мазкур ширкни) қилмаган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган саҳобалар ҳам қилмаганлар. Хилоф йўқки, агар Бану Исроил шу ишни қилган бўлганида аниқ кофир бўлишарди. Яна хилоф йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қайтарган саҳобалар агар у зотга итоат қилмасдан, ўзларига зоту анвот қилиб олганларида албатта кофир бўлишарди.

Лекин, бу қиссадан ҳисса шуки, баъзан мусулмон киши, балки олим одам ҳам билмаган ҳолда ширкнинг бирон турига тушиб қолиши мумкин. Ушбу қисса ўрганиш ва эҳтиёт бўлиш ҳамда жоҳил кишининг: «Тавҳидни тушуниб бўлдик» деб айтган сўзи энг катта жаҳолат ва шайтоннинг макр тўриларидан эканини билиш кераклигини ифодалайди.

Яна шуни ифодалайдики, ижтиҳодли мусулмон киши агар ўзи билмаган ҳолда бирон куфр сўзини айтса, унга бу сўзи куфр эканини айтиб огоҳлантирилса ва дарҳол тавба қилса, у кофир бўлмайди. Бану Исроил ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган саҳобалар қилганлари каби.

Яна шуни ифодалайдики, агарчи у кофир бўлмаса ҳам, унга худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганлари каби қаттиқ гапирилади.

Уларнинг бошқа яна бир шубҳалари бор. Айтишадики: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усомага «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишини ўлдирганини жуда ёмон санаганлар ва: «Сен уни «ла илаҳа иллаллоҳ» деганидан кейин ўлдирдингми?!», деганлар. Ундан ташқари, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен одамлар билан улар то «ла илаҳа иллаллоҳ» демагунларича урушишга буюрилдим», деганлар. Бу калимани айтган кишилардан тийилиш кераклиги ҳақидаги бошқа ҳадислар ҳам бор».

У жоҳилларнинг муроди шуки, «ла илаҳа иллаллоҳ» деган киши нима иш қилса ҳам кофир бўлмайди ва қатл қилинмайди.

У жоҳил мушрикларга айтилади: Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудларга қарши урушганлар, уларни асирга олганлар, ваҳоланки улар ҳам «ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтишарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари Бану Ҳанифа қабиласига қарши уруш қилдилар, ваҳоланки улар «ла илаҳа иллаллоҳу муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришарди, намоз ўқишарди, мусулмонлик даъво қилишарди.

Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ёқиб юборган кишилар ҳам шундай кишилар эди.

У жоҳиллар ўзлари иқрорки, қайта тирилишни инкор қилган киши гарчи «ла илаҳа иллаллоҳ» деса ҳам кофир бўлади ва қатл қилинади. Ислом арконларидан бирини инкор қилган киши «ла илаҳа иллаллоҳ» деса ҳам кофир бўлади ва қатл қилинади. Фарълардан бирини инкор қилса, (бу калимани айтиши) фойда бермагани ҳолда, қандай қилиб пайғамбарларнинг динлари асоси ва боши бўлган тавҳидни инкор қилганида фойда берсин?!

Лекин, Аллоҳнинг душманлари ҳадислар маъноларини тушунмадилар.

Усома розияллоҳу анҳу ҳақидаги ҳадисга келсак, у исломни даъво қилган бир кишини буни у жони ва молидан хавф қилиб даъво қилди, деган гумонда ўлдириб қўйган эди. Биров исломни изҳор қилса, то ундан бунга хилоф келадиган иш содир бўлгани аниқ бўлмагунча ундан тийилиш вожиб бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда оят нозил қилган: «Эй мўминлар, қачон Аллоҳ йўлида жиҳод учун сафарга чиқсангиз (душманларингизни) аниқ таниб олинглар» (Нисо: 94). Оят далолатига кўра, ундан тийилиш ва тасаббут (ҳоли нима бўлишини кузатиш) вожиб бўлади. Шундан кейин агар ундан Исломга хилоф бўладиган иш содир бўлгани аниқланса, ўлдирилади. Чунки, Аллоҳ таолонинг «аниқ таниб олинглар» деган сўзи шунга далолат қилади. Агар (калимаи шаҳодатни) айтса умуман ўлдирилмайдиган бўлганида ушбу ояти кариманинг маъноси бўлмас эди.

Шунингдек, иккинчи ҳадис ва шу каби ҳадислар маъноси, юқорида айтиб ўтганимиздек, ким исломни ва тавҳидни изҳор қилса, то ундан бунинг хилофи содир бўлгани аниқ бўлмагунича тийилиш вожиб бўлади.

Бунга далил шуки, «Уни «ла илаҳа иллаллоҳ» деганидан кейин ўлдирдингми?!» деган ва  «Одамлар билан то «ла илаҳа иллаллоҳ» демагунларича урушишга буюрилдим» деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хаворижлар ҳақида: «Уларни қаерда учратсангиз ўлдирингиз, агар мен уларни топсам (яъни ҳаётлигимда чиқишса), албатта Од қавми қатл этилганидек қатл этаман» деганлар, ваҳоланки улар (хаворижлар) энг ибодатгўй ва таҳлили («ла илаҳа иллаллоҳ» айтиши) кўп кишилар эди. Ҳатто, саҳобалар уларнинг намозлари олдида ўз намозларини ҳақир санашарди, улар илмни саҳобалардан олган эдилар. Лекин, шариатга мухолифликлари зоҳир бўлгач, уларга «ла илаҳа иллаллоҳ» дейишлари ҳам, кўп ибодат қилишлари ҳам, исломни даъво қилишлари ҳам фойда бермади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, яҳудларга қарши уруш ҳам, саҳобаларнинг Бану Ҳанифага қарши урушишлари ҳам шу турдан эди.

Шунингдек, бир киши Банул-Мусталиқ қабиласи закотни ман қилишгани хабарини келтирганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши уруш очмоқчи бўлганлар, кейин Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!» (Ҳужурот: 6) оятини нозил қилди, ҳалиги киши уларга нисбатан ёлғон сўзлаган бўлиб чиқди. Буларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар ҳужжат қилган ҳадисларидаги муродлари биз айтганимиздек эканига далолат қилади.

Уларнинг яна бир шубҳалари ҳам бор. У шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки, қиёмат куни одамлар ёрдам сўраб Одам алайҳиссалом ёнларига, сўнг Нуҳ алайҳиссаломга, сўнг Иброҳим алайҳиссаломга, сўнг Мусо алайҳиссаломга, сўнг Ийсо алайҳиссаломга борадилар, ҳаммалари узр айтишади, охири улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келишади. Улар айтишларича, мана шу ҳам Аллоҳдан ўзгасидан ёрдам сўрашлик ширк эмаслигига далолат бўларкан.

Жавоб шуки: Душманларининг қалбларини муҳрлаб қўйган Зотни поклайман. Махлуқдан (бандадан) у қодир бўладиган ишларда ёрдам сўрашни биз ҳам инкор қилмаймиз. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қиссасида баён қилганидек: «(Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради» (Қасас: 15). Шунингдек, инсон уруш ва бошқа ҳолатларда махлуқдан у қодир бўладиган ишларда ёрдамланиши мумкин. Биз уларнинг авлиёларнинг қабрлари олдида ё узоқда туриб, улардан ёлғиз Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмайдиган ишларда ёрдам сўраб сиғинишларини инкор қиламиз.

Мана шу нарса очиқ равшан бўлган бўлса, энди қиёмат куни пайғамбарлардан улар Аллоҳдан одамларнинг ҳисоб-китобини бошлашини ва жаннат аҳли тезроқ ушбу мавқифнинг шиддатидан халос бўлишларини тилаб дуо қилишларини илтимос қилиб ёрдам сўраш дунёда ҳам, охиратда ҳам жоиз, яъни бир солиҳ киши ҳузурига бориб, унинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш ва «Менинг ҳақимга Аллоҳга дуо қилинг» деб сўраш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари у зотнинг ҳаётлик пайтларида шундай қилишарди.

Аммо, у зотнинг вафотларидан кейин, ҳаргиз қабрларига бориб, бундай нарсани сўрамаганлар. Балки, салафларимиз у зотнинг қабрлари олдида Аллоҳга дуо қилишни қасд қилган одамга инкор қилардилар, энди у зотнинг ўзларига дуо-илтижо қилиш қандай мумкин бўлсин?!

Уларнинг яна бир шубҳалари бор. Яъни, Иброҳим алайҳиссалом ўтга отилган пайтларида ҳавода у кишига Жибрил алайҳиссалом рўбарў келиб: «Бирон эҳтиёжингиз борми?» деб сўрадилар. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Агар сизга бўлса, йўқ», деб жавоб бердилар. Уларнинг даъволарига кўра, агар Жибрилдан ёрдам сўраш ширк бўлганида у зот Иброҳим алайҳиссаломга ўз ёрдамларини таклиф қилмаган бўлардилар.

Жавоб: Бу ҳам аввалги шубҳанинг жинсидан. Чунки, Жибрил у кишига ўзлари қодир бўлган иш билан ёрдам беришни таклиф қилганлар. Зеро, Жибрил Аллоҳ таоло айтганидек: «ўта кучли» (Нажм: 5) бир фариштадир. Агар Аллоҳ таоло унга Иброҳимга ёқилган ўтни ва унинг атрофидаги ер ва тоғларни олиб, машриқ ё мағрибга улоқтиришга изн берса, у албатта буни қилган бўларди. Агар уни осмонга олиб чиқиб кетишга изн берса, уни ҳам қилган бўларди.

Бу худди мол-дунёси кўп, бой-бадавлат киши бир муҳтож кишига қарз бериб туришини ёки унинг ҳожати равон бўлиши учун бирон нарсани ҳадя қилишини таклиф қилса, муҳтож уни қабул қилмасдан, то Аллоҳ унга бировнинг миннати аралашмайдиган ризқ ато этгунича сабр қилганига ўхшаган гапдир. Ёрдам сўраб сиғиниш ва ширк қаёқда-ю, бу қаёқда, агар тушунсалар?!

Гапни жуда ҳам муҳим, улкан бир масала билан якунлаймиз. Бу масала аслида, юқорида айтилган гаплардан ҳам тушунарли бўлганди. Бироқ, аҳамияти кучли бўлганидан ва бу хусусда ғалат-хатоликлар кўп бўлганидан унга алоҳида яна бир бор қайтамиз. У шундан иборатки, тавҳид қалб, тил ва амал билан бўлиши зарурлигида ҳеч қандай хилоф йўқ, булардан биттасига халал етса ҳам киши мусулмон бўлмай қолади.

Агар тавҳидни билса-ю, унга амал қилмаса, у худди Фиръавн, Иблис ва шунга ўхшаганлар каби кофирдир. Мана шу масалада кўп одамлар хатоликка йўл қўйишади. Айтишадики: «Бу гап тўғри, биз ҳам уни тушунамиз ва ҳақлигига гувоҳлик берамиз. Лекин, уни бажаришга қодир эмасмиз, бизнинг диёр аҳли ўзларига мувофиқ келмайдиган ишларга ижозат бермайди» ва ҳоказо узрлар. У бечора билмайдики, куфр аҳлининг аксарияти ҳақни билиб туриб, уни баъзи узрлар билан тарк қилишган. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга алмаштиришди» (Тавба: 9) ва бошқа оятлар. Масалан: «Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар). Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар» (Бақара: 146).

Агар тавҳидга зоҳиран амал қилса, ўзи уни тушунмаса ё қалби билан эътиқод қилмаса, у мунофиқдир ва кофирдан ҳам ёмондир, «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар» (Нисо: 145).

Бу масала жуда катта ва узун масала бўлиб, фикр юритиб кўрсангиз, одамларнинг тилларида (юриш-туришларида) билинади. Баъзилар ҳақни билиб туриб, дунёсига ё обрўсига нуқсон етиш хавфидан ё муроса важидан унга амал қилмасликларини кўрасиз. Баъзиларнинг унга зоҳирда амал қилиб, ботинда амал қилмасликларини кўрасиз. Агар қалбидаги эътиқодидан сўрасангиз, тавҳидни билмаслиги кўринади.

Лекин, сиз Аллоҳнинг Китобидан икки оятни яхшилаб тушуниб олинг:

Биринчиси: Юқорида ўтган «Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 66) ояти. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Румга қарши жанг қилган саҳобалардан баъзилари ҳазил-мазах қилиб айтган сўзлари туфайли кофир бўлиб кетишганини билган бўлсангиз, сизга маълум бўладики, мол-дунёсига ё обрўсига нуқсон етиш хавфидан ё ким биландир муроса қилиш учун куфр калимасини айтадиган ё куфрга амал қиладиган кишининг ҳоли уни ҳазиллашиб айтган одамдан кўра оғирроқдир.

Иккинчи оят эса «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас)» (Наҳл: 106) оятидир. Аллоҳ таоло улар ичидан фақат қалби иймон билан хотиржам бўлгани ҳолда куфр калимасини айтишга мажбур қилинган кишинигина узрли санади.

Аммо, ундан бошқаси иймонга келганидан кейин куфрга қайтган бўлди, бу ишини қўрққанидан қилган бўлсин, муроса учун қилган бўлсин, ватанини, оиласини, қариндош-уруғларини ё мол-мулкига кўзи қиймасдан қилган бўлсин, ё буни ҳазил йўсинида қилган бўлсин ё бошқа ғаразларда қилган бўлсин, фарқсиздир. Фақат мажбурланган киши бундан мустасно бўлади.

Оят икки жиҳатдан шунга далолат қилади:

Биринчи: «Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса» дейиш билан Аллоҳ таоло фақат мажбурланган кишинигина истисно қилди. Маълумки, инсон фақат бирон сўз ёки ишга мажбур қилинади, амо қалбдаги эътиқод борасида бировни мажбурлаш имконсиз.

Иккинчи: «Бунга сабаб улар ҳаёти дунёни охиратдан афзал билганларидир» дейиш билан Аллоҳ таоло бу куфр ва бу азобга дучор бўлишлари эътиқод сабабли ё жаҳолат сабабли ё динни ёмон кўрганликдан эмас ё куфрга муҳаббат қўйишганидан эмас, балки бунинг сабаби фақат дунёдан бирон улуш бўлиб, ўшани диндан афзал кўришгани эканини очиқ баён қилди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билувчироқдир. Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн, ва соллаллоҳу ала Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн.

13/01/2010

 

 

   Юқорига