Ислом Нури

 

Китоблар

 

ТЎРТИНЧИ БАҲС:

Мўминларни мазах қилиш

 

Одамалар ўртасидаги шарафи ва мартабаси сабабли озорланмаган биргина одам бўлсайди, у расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи саллам бўлар эдилар! Бироқ, саралаш учун мўмин ва мўминалар бало- имтоҳонларга дучор бўладилар. Мазах қилувчиларнинг мўминлардан иймонлари сабабли интиқом олаётганликлари маълумдир. Аллоҳ таоло айтди: «Улар (мўминлардан) фақат у (мўмин)лар Азиз ва Ҳамид бўлган Оллоҳга осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган зотга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар!» (Буруж: 8)

* Аллоҳ таоло ўзининг азиз Китобида мўминларни мазах қилувчи кимсаларнинг мўминларга бўлган муносабатларини очиқ баён қилди: «Куфр йўлини тутган кимсалар учун бу ҳаёти дунё чиройли қилинди. Улар иймон келтирганларнинг устларидан куладилар. Ҳолбуки, Қиёмат Кунида тақводор зотлар улардан баланддир. Оллоҳ Ўзи истаган кишиларга ҳисобсиз ризқ беради.» (Бақара: 212)

Мазах қилиш хунук ишлардан бўлгани учун ҳам, Аллоҳ таоло мазах қилувчиларни "жиноятчилар" деб атади: «Дарвоқе жинояткор кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулувчи бўлдилар. 30. Қачон (мўминлар) уларнинг олдидан ўтсалар улар бир-бирларига кўз қисишиб имо-ишоралар қилардилар. 31. Қачон уйларига қайтсалар (мўминларни масхара қилиб озор берганларидан) роҳатланиб қайтардилар. 32. Қачон (мўминларни) кўрсалар «Ана улар шак-шубҳасиз йўлдан озувчи кимсалардир», дердилар. 33. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) устига қўриқчи қилиб юборилган эмасдилар.»  (Мутоффифийн: 29-33)

Ҳар бир жиноятчи муваҳҳидларга қарши кўз қисиб, имо-ишора қилади ва уларга истеҳзо билан қарайди. Уларнинг бу қилмишларидан Аллоҳ таолонинг ҳидояти насиб қилган, динини маҳкам тутган кўплаб ёш йигит-қизлар шикоят қиладилар. Улар доимо мазах ва истеҳзолардан шикоят қиладилар. Улар сабр қилсинлар! Чунки, оқибат тақволиларникидир. Улар Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларини тааммул қилсинлар: «Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қиладиган кимсаларни Аллоҳ масхара қилур ва улар учун аламли азоб бордир.»  (Тавба: 79)

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: "Бу ҳам мунофиқлар сифатларининг бири. Уларнинг айблаш ва мазахларидан ҳар қандай ҳолатда қутилиб бўлмайди. Ҳатто садақа қилганлар ҳам улардан қутула олмадилар!  Улардан бирортаси кўпроқ молни олиб келса: “Бу – риёкорликдир”, оз нарсани садақа қилса: “Аллоҳ унинг бу садақасидан беҳожатдир!”- дейдилар.[1]

Биз сизга бугунги кунда одамлар ўртасида ёйилган мўминлар устидан кулишнинг баъзи кўринишларини баён қиламиз:

 

1 – Эзгу ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадиган кишилар жумласидан бўлган одамлар устидан кулиш

Улар Аллоҳ таоло зикр қилган Ислом умматининг нима сабабдан яхши уммат бўлганини ҳис қилган одамлардир. Аллоҳ таоло айтди: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Оллоҳга иймон келтирасиз.»  (Оли Имрон: 110)

Улар Аллоҳ Ислом умматига фарз қилган ушбу амални бажариш ва мусулмонлар тинчлигини сақлаш учун, бу катта ва шарафли вазифани амалга ошириш учун ҳаракат қиладилар. Шундай бўлишига қарамай, пасткаш инсонлар улар устидан куладилар, уларга туҳматлар ва ёлғонларни ёпиштирадилар. Аҳмад Жоруллоҳ айтган сўзлар бунга мисол бўла олади: "Дин номи билан машинангни тўхтатадилар ва хотининг ўз хотининг эканини исботлашингни талаб қиладилар!! Хотинингдан эса сенинг хотининг эканини исботлаш учун охирги фарзандингнинг исмини ёки ётоқхонанинг шаклини ёхуд ҳожатхона деворларининг ранггини, сен ишлатадиган қоғоз сочиқларнинг маркасини сўрайдилар!!"

Аҳмад Жоруллоҳ гина-адоватини қуйидаги сўзлар билан ифодалайди: “Кунларнинг бирида эчки соқол биттаси тўхтатиб: “Сен нимага диндорлар ҳақида гапираяпсан” деса бўладими?!!”- деди.[2]

Аҳмад Жоруллоҳ бу билан кифояланмади, балки амри маъруф ва наҳйи мункар ҳайъатида фаолият кўрсатаётган кишилар ҳақида шундай деди: “Улар аслида масъулияти йўқ одамлар бўлиб, ўзларини одамлар устидан насиҳатгўй қилиб олганлар, одамларнинг хусусий ишларига аралашадилар, барча ҳаракатларини кузатадилар!!”.

Кейин эса: “Жанжалкашлик услуби – коммунистик бидъатлардандир”- деди.[3]

Бу ёзувчи билан карикатурачи рассом Жаржис Айёд ўртасидаги алоқанинг ўта чуқур бўлгани сабаб Аҳмад Жоруллоҳ ўз гапларининг ўртасига Жаржиснинг дорга осилган аёл расмини ифодалаган карикатурасини қўйди.

Шундай қилиб, масиҳий салибий адоват сўз ва расмда ҳаёсиз илмоний йўналиш билан бирлашди. Гўё улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан пуфлаб сўндирмоқчи бўладилар! Ҳолбуки, Аллоҳ ўз нурини кофирлар ёқтирмасаларда камолига етказади!

Бу она сути оғзидан кетмаган ёзувчига қаранг! У, ўзига шиаликни дин қилиб олган Эрон билан баъсчи-коммунист ироқликлар ўртасидаги уруш йиллари баъсчилик (миллий коммунистик асосларга асосланган оқим) ва баъсчиларни мақтади. Ҳатто уларни музаффар фотиҳлар даражасига кўтарди. Худосизлик ва секуляризмга даъват этган одамларни олқишлаб мақолалар ёзди. Кейин санъат ҳақида мақолалар ёза бошлади. Ўзининг рўзномасини кечки кўнгилочар нарсалар ва маст-аласт инсонларни акс эттирган мақолалар билан тўлдирди. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган одамларнинг мункар ва ҳаёсиз нарсаларга фаол кураш олиб бораётганларини кўрганида, қалби уларга нисбатан гина-адоват билан тўлди-да, салибчи устози Жаржисдан “мадад” олди ва ёзмаган нарсаси қолмади. Унинг қилган иши шоирннг ушбу сатрларида мужассамдек туюлди менга:

Бошини бир кун урар қояга

Унга синдириб зарар бемоқчи гўё.

Ҳеч бир зарар бера олмас қояга

Балки ўзи қолар катта балога!

 

2 – Аллоҳ йўлида жиҳод қилаётган мужоҳидларни мазах қилиш

“Укоз” рўзномаси Афғон мужоҳидларига нисбатан гина-адоватлар акс этган хунук расмларни чоп этиб, мусулмонларни нафратлантирди. Ўша расмларнинг биринчисида афғонистонлик икки мужоҳиднинг дарахт кўчатининг остига сув қуяётганлари акс эттирилган. Бу билан, рассом, жиҳоднинг бошланишига ишора қилмоқда. Кейинги расмда эса, дарахт етишиб, мевалар берган, остида эса ҳалиги икки мужоҳиднинг пишган меваларни олиш учун бир-бири билан уришаётгани, бир-бирларининг соқолларини юлаётгани ва бир-бирларини ўлдириш учун автоматларини тўгрилаб тургани акс эттирилган.[4]

“Укоз” рўзномаси уммат сафларини бирлаштирадиган сўзлар ўрнига, мужоҳидлар ҳақида мана шундай қабиҳ нарсаларни ёзмоқда. Ҳа, бу пасткашлар мужоҳидлар устидан шундай  кулмоқда. Ушбу ҳажвий расмнинг “Болалар учун ҳикоя” деб номланиши, дард устига чипқондир!

Бу рўзнома чоп этган нарсалари билан янги авлод қалбида жиҳодага бўлган нафратни уйғотмаяптими? Гўдаклар қалбида мужоҳидлар суратини ёмон қилиб кўрсатмаяптими? Менимча коса ичида нимкоса борга ўхшайди!!

 

3 – Уммат уламоларини мазах қилиш

Бу жиноят Ислом душманларигагина чекланиб қолмади, балки исломий даъватга мансубликни даъво қилаётган одамлардан ҳам содир бўлмоқда. Масалан, Муҳаммад Ғазолий (Хулуқул муслимнинг муаллифи, тарж) расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган одам аср намозини Қурайза қабиласига етганда ўқисин” деб айтган ҳадис шарифларига таълиқ ёзар экан (Ғазолий ҳадиснинг маъносини ёзган. Унинг асли имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида мавжуд, 1770) Ҳанбалий мазҳабига мансуб уламолар устидан кулиб шундай дейди: “Агар анави қаттиққўл ҳанбалийлар у ерда ҳозир бўлсалар эди, намозини эртароқ ўқимоқчи бўлган одамга: “Эй Аллоҳ ва расулининг душмани, пайғамбарга осий бўлиб, унинг бизга қилган қатъий буйруғини рад этасанми?! Ахир бу мунофиқлик-ку! Биз йўлда қандай намоз ўқиймиз,  ҳолбуки у зот намозни Қурайза қабиласида ўқишимизга амр қилдилар-ку! ” деган бўлар эдилар”.[5]

"Уялмасанг, ҳоҳлаганингни қил!"- дейдилар. Бу сўзлар – одамларга ноҳақ туҳмат қилиш ва ниятлари ҳамда ичларида яширинган нарсалар ҳақида билмай туриб гапириш. Бу ёмонлик, шармандалик ва хасислик нуқтаи назаридан кифоядир. Бундан ташқари Ислом уламоларнинг шакллари, овозлари ва фатволарини мазах қилган қанча-қанча одамлар борки, у масхарабоз-аскиячиларнинг бу мункарларини тўхтатиш вақти келди. Агар тўхтатилмаса, Умматнинг ҳолига вой! 

 

БЕШИНЧИ ФАСЛ:

Мазах қилувчиларнинг жазо ва уқубатлари

 

Аллоҳ таоло айтди: «Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! Сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?»  (Қалам: 35, 36);

«Албатта Аллоҳ ва расулига қарши чиққан-мухолиф бўлган кимсалар – ана ўшалар хор бўлганлар қаторидадирлар. Аллоҳ (Лавҳул Маҳфузга): “Шак-шубҳасиз, Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўламан” деб ёзиб қўйгандир. Албатта, Аллоҳ Кучли, Қудратлидир”. (Мужодала: 20, 21)

Ушбу баҳсни ёзар эканман, Аллоҳнинг Китобидаги мазах қилувчиларга бериладиган жазо ва Аллоҳнинг кенг қамровли аламли азоблари зикр қилинган буюк оятлар ҳақида тафаккур қилиб, баданлар титрайдиган ва даҳшатидан юраклар ёриладиган қўрқинчли ҳолатларни кўрдим:

Дунёдаги хорлик ва охиратдаги азоб!

Дунёдаги ҳалокат ва расволик ҳамда охиратдаги давомли азоб.

Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми уни мазах қилдилар, Аллоҳ таоло уларни бу дунёда (сувга) ғарқ қилди, охират азоби эса қаттиқроқ ва аламлироқдир. Аллоҳ таоло деди: «Биз уни ва у билан бирга бўлган (унга иймон келтирган) ларни кемада қутқардик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни ғарқ қилиб юбордик. Чунки улар (кўнгиллари) кўр бўлган қавм эдилар.» (Аъроф: 64)

Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми ҳам Ҳуд алайҳис-салом устидан кулдилар ва уни ёлғончига чиқардилар. Аллоҳ таоло айтди: «Унга (Ҳудга) ва у билан бирга бўлган (мўмин) ларга Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан нажот бердик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг думларини қирқдик (ҳалок қилдик). Улар мўмин эмас эдилар.»  (Аъроф: 72);

«Қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида Ҳуд ва у билан бирга иймон келтирган кишиларни Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан қутқардик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик. Роббиларининг оятларини инкор қилган, Унинг пайғамбарларига исён қилган ва барча қайсар, золимлар амру-фармонига бўйсунган ана ўшалардир. Уларга бу дунёда ҳам, Қиёмат Кунида ҳам лаънат айтилур. Огоҳ бўлингизким, албатта Од қабиласи — Роббиларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлин­гизким, Ҳуднинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради.»  (Ҳуд: 58 – 60)

Солиҳ алайҳис-салом Самуд халқига пайғамбар қилиб юборилди. Улар ҳам унинг устидан кулдилар ва уни ёлғончига чиқардилар. Аллоҳ таоло унга нажот бериб, қавмини ҳалок қилди. Аллоҳ таоло айтди: «Уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар).» (Аъроф: 78)

Лут алайҳис-салом ўз қавмига пайғамбар қилиб юборилди. Қавми унинг устидан ҳам масхара қилиб: “Улар покланувчи одамлар!”- деб кулдилар. Аллоҳнинг азобидан у ва у билан бирга бўлганлар қутилган бўлса, мазах қилиб кулганлар ҳалок бўлдилар. Аллоҳ таоло айтди: «Унга ва аҳлига (яъни Лут ва унга тобеъ бўлганларга) нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки у) қолиб ҳалок бўлувчилардан эди. Уларнинг устига даҳшатли ёмғир тош ёғдирдик. Ана энди жиноятчи осий қавмнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг.»  (Аъроф: 83, 84);

«Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганида, у жойларни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Роббингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Эй Муҳаммад), у жойлар бу золимлардан (яъни Макка мушрикларидан) йироқ эмасдир, (яъни, ўша кофирларнинг оқибати нима бўлганини кўриб ибрат олсалар бўлмайдими?!).» (Ҳуд: 82 – 83)

Шуайб алайҳис-салом қавми ҳам унинг устидан мазах қилиб кулдилар ва: «Улар (масхара қилиб) дедилар: «Эй Шуайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини ёки ўз мол-мулкимизда ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигимиз кераклигини сенга ўқиётган намозинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан ва ҳалийм ва рашид (тўғри йўлни топиб олган) кишисанда!» - дедилар. (Ҳуд: 87).

Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилди ва Шуайб алайҳис-саломни азобдан қутқарди. Аллоҳ таоло айтди: «Уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар). Шуайбни ёлғончи қилган кимсалар гўё у ерда яшамагандек бўлиб қолдилар. Шуайбни ёлғончи қилган кимсаларнинг ўзлари зиён кўрувчи бўлдилар.»  (Аъроф: 91, 92);

«Қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганида, Шуайбга ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз раҳматимиз билан нажот бердик. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё ҳеч қачон (дунёда) яшамагандек, ўз диёрларида тўкилиб қолдилар. Огоҳ бўлингизким, худди Самуд қабиласи ҳалокатга учрагани каби Мадян қавми ҳам ҳалокатга учради.» (Ҳуд: 94, 95)


[1]  - “Тафсирул-Қуръонил- Азийм”, 4 / 125.

[2]  - “ас-Сияса” рўзномаси, 28 / 11 / 1991.

[3]  - “ас-Сияса”, 12 / 12 / 1991.

[4]  - “Укоз” рўзномаси, 9405 сони, 26 / 10 / 1412 ҳ.

[5]  - “аш-Шаъбул мисрийя” жаридаси, 6 / 8 / 1991.

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ