Ислом Нури

 

Китоблар

 

ТЎРТИНЧИ ФАСЛ:

Истеҳзо кўринишларидан намуналар

 

Истеҳзо ёки мазах қилувчи одамнинг ҳолатига қараб истеҳзо кўринишлари хилма-хил бўлади. Баъзида истеҳзо сўз билан бўлади. Бу ўтмишда ва ҳозирда энг кўп қўлланган истеҳзо кўринишларидандир. Баъзида эса кўз ишораси, тилни чиқариш билан бўлса, гоҳида қўл ҳаракати билан бўлади.

Мазах кўринишининг турлари кўп бўлгани учун, бу фаслни қуйидаги баҳсларга бўлдим:

Биринчи баҳс: Аллоҳ таолони мазах қилиш кўринишларидан намуналар.

Иккинчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларни мазах қилиш кўринишларидан намуналар.

Учинчи баҳс: Ислом шариати ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини мазах қилиш кўринишларидан намуналар.

Тўртинчи баҳс: Мўъминларни мазах қилиш кўринишларидан намуналар.

Мана сизга уларнинг баёни:

 

БИРИНЧИ БАҲС:

Аллоҳ таолони мазах қилиш кўринишларидан намуналар

 

Аллоҳ таолонинг Якка-Ёлғиз, Ҳожатбарор, туғмаган ва туғилмаган, ибтидосиз Аввал ва интиҳосиз Охир, буюк, жаббор, еру осмондаги бирон нарса уни ожиз қолдира олмайдиган кучли ва қудратли экани, Ислом динининг бирламчи ва очиқ ҳақиқатларидан биридир: «Унга ўхшаш бирон нарса йўқ ва У Эшитувчи ва Кўрувчи Зотдир». (Шўро: 11)

Бироқ, кофирлар Аллоҳ таолони лойиқ бўлганидек қадрламадилар. Аллоҳ таолони истеҳзо ва масхара қилиш, уларнинг энг қабиҳ куфрларидан биридир. —Аллоҳ бундан барчамизни сақласин. Аллоҳ таолони мазах қилиш кўринишларидан баъзилари қуйидагилар:

1 – Даҳрий, моддапараст – атеист, материалистларнинг: "Илоҳ йўқ! Коинот материя (модда)дангина иборат. Табиат хоҳлаганини қилади, унинг махлуқлар устидаги қудрати чексиз", деб айтган сўзларидир.[1]

Бу сўзларни араб тилида фасоҳат билан сўзлаётган бўлсада, ҳар бир марксист-моддапараст коммунист айтмоқда.

2 – Араб тилида гапирадиган бир ҳовуч кимсалар даҳрий моддапарастлик фикри билан тарбия олдилар. (Ота-бобоси мусулмон бўлиб келган кўплаб ўзбеклар ҳам улардан кам бўлмадилар, тарж). Улар "Ҳур шеърият" деб номлашган пуч сўзларни айтиб, бу Умматнинг ўзгармас ҳақиқатларини бузишга ҳаракат, Аллоҳни масхара ва истеҳзо қила бошладилар. Ҳатто, мисли кўрилмаган журъатларни қилдилар. Уларнинг ёзган сўзларини ўқир экансиз, баданларни жимирлатадиган очиқ куфр сўзларга дуч келасиз. Буларга қуйида баъзи мисолларни келтирамиз:

* Уларнинг пешволаридан бўлган — юртимиздаги баъзи "тўтилар" "жадидчиларнинг пайғамбари" деб ҳисоблайдиган — Абдулазиз Муқолиҳ шундай дейди: "Аллоҳ жаллодлар қўлида кулга, қўрқинчга, сукунатга, тасбиҳлар экиладиган экинзорга айланди.... Давлатманд саййидлар билан, Голливуддан келадиган саййидлар ўртасидаги саллаларга айланди. Аллоҳ қадимда муҳаббат эди. Кеча ичидаги кундуз эди. Қақраган ерларни яшил ёмғирлар билан ювадиган қўшиқ бўлганди"[2].

3 – Жадидчи шоир коммунистлардан бўлган Абдулваҳҳоб Байётий айтган сўзлар ҳам, Аллоҳ таолони истеҳзо қилиш кўринишларидандир:

"Аллоҳни шаҳримизда яҳудийлар сотади.

Аллоҳ шаҳримда қувғин, сарсондир...

Ғозийлар Уни мардикор ва етакчи шоир бўлишини ҳоҳладилар-ки,

Биттасининг гитарасида бандаларни алдаса..

Бироқ, у мубтало бўлди.

Чунки у, дала момақаймоқларини уларнинг чигирткаларидан ҳимоя қилишни ҳоҳлаганди"[3].

Сиз Аллоҳни мазах ва истеҳзо қилиш учун истеъмол қилинган бундан кўра ёмонроқ куфр сўзларни эшитганмисиз?! Аллоҳ улар айтаётган сўзлардан покдир. Ундан  кейин, биласизми, бу зиндиқнинг исми нима эди? Абдулваҳҳоб!

4 – "Фикрий ахлатхона"нинг шоири Низор Қаббоний "Аллоҳнинг куёвлари" номли қасидасида нималар деганига қулоқ солинг: "Ловия, нўхот, тузлама, ва жаржир кўкатининг қимматлиги ҳам Аллоҳнинг қилмишидан-ми?!"[4].

Бошқа бир ўринда дейди:

"Илоҳо, агар сен ҳақиқий парвардигор эрсанг,

бизни ошиқларимиз бирла тарк эт!"[5].

5 - Бошқа бир етакчи коммунист жадидчи шоир Маҳмуд Дарвиш шундай дейди: "Улғайявер, Аллоҳнинг кўзи ва қораялоқ галаси ухлар экан!"[6].

6 – Ана шу коммунистларга жодуларни ўргатган уларнинг каттаси Бадр Шокир ас-Саййоб шундай деган: "Биз ҳаммамиз ўликмиз. Мен ҳам, Муҳаммад ҳам, Аллоҳ ҳам. Мана бизнинг қабримиз – харобага айланган дўнглик устига "Муҳаммад ва Аллоҳ" номи ёзилур".[7]

Яна давом этиб ушбу сўзларни ёзади: "Аллоҳ, модомики, уни ўлдирмас эканмиз ва бирон кун очликдан уни еб қўймас эканмиз, қишлоғимизда боқий қолаверади[8]!"

Аллоҳ таоло у айтган сўзлардан олий, бу куфр ва камситишлардан муназзаҳдир!!

Бу мисоллар ушбу даҳрийлар вайсаётган кўп нарсадан баъзилари, холос. Ажабланарлиси шундаки, улар мана шундан кейин ҳам олқишланиб, обрў топмоқдалар!! Бироқ, сиз эҳтиёт бўлинг! Чунки, Аллоҳ таоло: «Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир», деди. (Моида: 51)

 

ИККИНЧИ БАҲС:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларни мазах қилиш кўринишлари

 

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрини баланд қилди, унга итоат қилишга амр этиб, деди:

«Пайғамбар сизларга олиб келган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар». (Ҳашр: 7);

«Эй мўминлар, Оллоҳга итоат қилинглар, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунинглар! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Оллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Оллоҳга ва пайғамбарига қайтаринглар! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир». (Нисо: 59);

«Йўқ, Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар». (Нисо: 65)

Ушбу улуғ пайғамбарни — Аллоҳ унга салавоту саломлар йўлласин — мазах ва истеҳзо қилиш асло мумкин эмас. Ким шу ишни қилса Аллоҳга кофир бўлади ва Ислом Уммати сафидан чиқади.

Мана сизга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам устидан мазах қилиш кўринишларидан баъзилари:

1 – Мусулмонларга очлик, чанқоқлик ва йўл машаққатларидан анчагинаси етган Табук жанггида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир неча одам мазах қилди. Етти қат осмон устидан бу мазах қилувчи кимсаларнинг кофир эканлигини эълон қилган оятлар нозил бўлди: «Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, улар: "Биз фақат бахслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос", дейдилар. Айтинг: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан кулаяпсизларми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз!" Агар сизлардан бир тоифани афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблаймиз». (Тавба: 65, 66)

Бу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразий ва бошқалардан ривоятлар нақл қилинди. Улар айтдилар: "Мунофиқлардан бири: "Мен қориларимиздан кўра қориннини ўйлайдиган, ёлғончи ва қўрқоқ бўлган одамларни кўрмадим!"- деди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келди. Бу сўзларни айтган мунофиқ туясига миниб, йўлга отланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдига келиб: "Ё расулуллоҳ, биз бахслашиб, ҳазиллашаётган эдик", деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан кулаяпсизларми?" оятини " .... азоблаймиз." гача ўқидилар. Мунофиқ, туянинг қоринбоғига осилиб, оёқлари тошларни суриб кетар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса унга қиё ҳам боқиб қўймас эдилар"[9].

Қатода раҳимаҳуллоҳ деди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук жанггида экан, баъзи мунофиқлар: "Бу одам Шомнинг қаср ва саройларини фатҳ қилишни умид қилаяптими? У тушини сувга айтсин!"- дейишди. Аллоҳ таоло буни пайғамбарига билдирди  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Фалон гуруҳни тўҳтатинг"- дедилар, сўнгра уларнинг олдига бориб дедилар: "Шундай-шундай деган сизларми?" Улар: "Биз баҳслашиб, ҳазиллаётган эдик"- дедилар. Ўша пайтда Аллоҳ таоло мазкур оятни нозил қилди".[10]

Ибн Исҳоқ айтди: Мунофиқлардан бир жамоаси — улар ичида Амр ибн Авф ибн Умайя ибн Зайд уруғидан бўлган Вадиа ибн Собит ва Бани Саламанинг иттифоқчиси Ашжаъ қабиласидан Махший ибн Ҳумаййир бор эди — Табук сари отланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ишора қилиб, мусулмонлар қалбига қўрқув солиш учун бир-бирларига дедилар: "Сизлар оқ қулоқларнинг жаллодларини бир-бирларини ўлдираётган араблар каби деб ўйлайсизларми? Аллоҳ номига қасамки, эртага сизлар арқонларга боғланган ҳолда бўласиз деб ўйлаймиз! Махший ибн Ҳумаййир деди: "Ҳар биримизга юз дарра урилишига ҳукм қилинишини орзу қилдим. Сизларнинг шу айтган сўзларингиз сабабли Қуръон оятлари нозил бўлишидан қочиб қутула олмаймиз".

Ибн Исҳоқ айтади: Менга етиб келган хабарга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуга дедилар: "Уларга тез етиб бор. Улар куйиб бўлдилар. Улардан айтган сўзлари ҳақида сўра. Агар инкор этсалар, "Инкор қилманглар! сизлар шундай-шундай дединглар!"- деб айт. Аммор розияллоҳу анҳу уларнинг олдига бориб, юқоридаги сўзларни айтди. Улар бу сўзларни эшитганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига узр сўраб келдилар. Вадиа ибн Собит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минган туянинг ёпқичига осилиб: "Ё Расулуллоҳ, биз баҳслашиб, ҳазиллашаётган эдик" деди. Шу пайт Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди: «Агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, улар: "Биз фақат бахслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос", дейдилар».

Махший ибн Ҳумаййир разияллоҳу анҳу ушбу оятда афв қилинганлардан эди. У: "Ё Расулулллоҳ, отамнинг ва менинг исмим мени ўтқизиб қўйди, менинг ва отамнинг исмини ўзгартиринг"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга "Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон" деб исм қўйдилар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога дуо қилиб, шаҳид бўлиб ўлиш ва жасадидан асар ҳам қолмаслигини сўради. У Ямома жанггида ўлдирилди ва унинг жасадидан асар ҳам топилмади".[11]

Қиссадан ҳисса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар устидан мазах қилган кимсаларнинг жиҳодага чиқишлари ҳам уларнинг кечирилишларига сабаб бўла олмади.

2 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мазах қилиш кўринишларидан бири яна Табук ғазотига кетишда содир бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяси адашиб кетиб қолди, шунда мунофиқлардан бири бўлган Зайд ибн Лусайт исмли киши Расулуллоҳни мазах қилиб: "У пайғамбарман деб, даъво қилмайдими? Сизларга осмондан хабар келтирмайдими? Наҳотки, бу одам ўзининг туяси қаерда эканини билмаса?!"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бир одам шундай дебди, дедилар-да, айнан унинг сўзларини такрорладилар. Мен Аллоҳга қасамки, Аллоҳ билдирган ва хабар берган нарсаларнигина биламан. Аллоҳ менга туям қаердалигини билдирди. У водий ичидаги фалон дарададир. Унинг жилови дарахтга ўралашиб қолган. Бориб, уни менга олиб келинглар. Улар бориб, туяни олиб келдилар.[12] 

3 – Бизга замондош бўлган истеҳзочилар оғзидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши, баданларни жимирлатадиган куфр ва даҳрийлик сўзлари чиқмоқда. Улардан бири, таъбир жоиз бўлса, "жадидчилик шоирлари" деб аталган кимсалар бўлиб, ғарб ва шарқдаги кофир оқимлар олиб келган куфрий бошбошдоқлик билан суғорилган фикрларга қурбон бўлганлар.

Улар ўз орамиздан чиққан, исмлари ҳам ўз исмларимиздан бўлишига қарамай, динимизга ҳақиқий душманлримиздан кўра қаттиқроқ душман бўлган кимсалардир. Мана бу "шоирбачча" Муҳаммад Жабр ал-Ҳарбий шундай деди, унинг айтганлари нақадар ёмон :

Саҳромизни қоплади

Кечаларнинг зулмати.

Урфимизни қоплади

Ҳошимийнинг зарлари![13]

 

Айтингчи, бу Умматни жаҳолат қоронғулигидан Ислом нурига олиб чиққан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа Ҳошимий бормидики, бу аблаҳ валақлаб, динимизни "зулмат" ва "кеча" деб атамоқда?!


[1]  - Устоз Муҳаммад Қутбнинг "Мазаҳибу фикриийятин муосира" китобига қаранг. Чунки, бу китоб бу мавзуни ёритишда тенгги йўқ китобдан намуналардир.

[2]  - "ал-Мажаллатул-арабийя", 8 сон, 1405 ҳ.й. шайх Авз Қарнийнинг "ал-Ҳадасату фий мизанил-ислам" китобидан иқтибос қилинди, 86- бет

[3]  - "Калиматун ла тамувт" девони, 256. Шайх Фарнийнинг "Китабул-ҳидаса" китобидан иқтибос қилинди: 93.

[4]  - "ан-Нақид" ойномаси 13 сони, 1989 йил. Байрут шаҳри.

[5]  - "ал-Аъмалуш-шеърийя ал-камила" 2 / 65, 1983 йилги нашри, Байрут шаҳри.

[6]  - Маҳмуд Дарвиш девони, 24. "Дорул-авда" нашриёти, Байрут шаҳри. 

[7]  - Бадр Шокир девони, 395, "Дорул-авда" нашриёти, Байрут шаҳри.

[8]  - Аввалги манба, 399.

[9]  - "Табарий тафсири, 10 / 173; "Ибн Касир тафсири, 4 / 111; Воҳидий "Асбабун-нузул", 250.

[10]  - Табарий тафсири, 10 / 172; Ибн Касир тафсири, 4 / 112; Воҳидий, "Асбабун-нузул", 250.

[11]  - Ибн Ҳишом, "ас-Сийратун-набавийя", 4/168. Ибн Касир тафсири, 4/12.

[12]  - Ибн Ҳишом, "ас-Сийратун-набавийя", 4/166. "Зодул-маъод", 3/533. Китоб тадқиқотчиси бу ҳадис ровийларининг ишончли эканини таъкидлаган.

[13]  - Ямома ойномаси, 887 сон. "аш-Шарқул-авсат" рўзномаси, 15/7/1407 ҳ. Қарний, "Анил-ҳадаса", 69.

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ