Ислом Нури

 

Китоблар 

 

 

Япония мусулмонларига Муҳаммад Султоннинг ҳадяси

 

Мусулмон киши тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга эргашишга мажбурми?

 

Аллома Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ал-Хўжандий раҳимаҳуллоҳ

 

Тақдим, тахриж, таҳқиқ ва изоҳлар муаллифи Салим ибн Ийд ал-Ҳилолий

 

Ислом Нури таржимаси

 

 

Кейин келганлар ўзгартирдилар, алмаштирдилар, фақат бир мазҳабга тақлид қилишни шарт санаб, бўлиниб кетдилар

 

Буюк Аллоҳга қасамки, мусулмонлар комил мусулмон бўлиб, исломларида содиқ бўлган даврларда нусратланган, ўлкаларни фатҳ қилган, дин байроғини баланд кўтарган эдилар, хулафои рошидийн ва уларга яхшилик билан эргашган кишилар каби. Лекин, мусулмонлар қачонки оламлар Парвардигорининг буйруқларини ўзгартиришгач, Аллоҳ таоло ҳам улардан неъматни ўзгартириш, қўлларидан давлатни олиб қўйиш ва халифаликни кетказиш билан уларни жазолади. Бунга жуда кўп оятлар гувоҳ бўлади[1].

Хос мазҳабларни лозим тутиш ва уларга гарчи ботил билан бўлса-да, таассуб қилиш улар ўзгартирган буйруқлар жумласига киради. Бу мазҳаблар дастлабки уч асрдан кейин пайдо бўлган бидъат ишлардан эканига шак-шубҳа йўқдир. Дин ва савоб деб эътиқод қилинган ҳар бир бидъат залолатдир! Салафи солиҳлар Китобу Суннатни ва бу иккисининг йўлланмаларини ҳамда уммат ижмоъ (иттифоқ) қилган нарсани маҳкам ушлар эдилар ва Аллоҳнинг раҳматига сазовор, Аллоҳ рози бўлган ва уларни ҳам рози қилган мусулмонлар бўлгандилар. Аллоҳ бизни ҳам улардан қилсин ва охиратда улар қаторида тургизсин. Лекин, мазҳаблар бидъати ёйилгач, бунинг ортидан бирликнинг парчаланиши ва мусулмонлар бир-бирларини залолатга нисбатлашлари келиб чиқди. Ҳатто, масалан, ҳанафийнинг шофиий имом ортида намоз ўқиши жоиз эмаслиги ҳақида фатво бердилар[2]. Гарчи тилларида тўртала мазҳаб аҳли ҳам аҳли сунна деб айтишса ҳам, амаллари сўзларининг ёлғон эканини исботлар, амаллари сўзларига зид эди. Масжидул Ҳаромдаги мана бу тўртта мақом (яъни, имом учун қилинган махсус ўрин, меҳроб) ана шу бидъатларга яққол мисол бўлади[3]. Шу билан мусулмонлар бир неча жамоатга бўлиндилар, ҳар бир мазҳаб кишиси намоз учун ўз мазҳабининг жамоатини кутиб турадиган бўлди! Шу каби бидъатлар сабабли Иблис ўз мақсадларидан бирига, яъни мусулмонлар жамоатини бўлиш ва бирлигини парчалашга эришди. Бу каби ишлардан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ сўраймиз.

 

Инсон вафот этгач, қабрида мазҳаб ёки тариқатдан сўраладими?!

 

Эй оқил ва инсофли мусулмон биродар! Сиздан Улуғ Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, инсон вафот этгач, қабрида ёки ҳисоб кунида: «Нима учун фалон мазҳабда бўлмадинг?» деб, ёки «Нима учун фалон тариқатга кирмадинг?» деб сўраладими? Аллоҳга қасамки, сиз бу ҳақда асло сўралмайсиз. Балки, «Нега фалон мазҳабни лозим тутдинг?» деб, ёки «Нима учун фалон тариқатга кирдинг?» деб сўраласиз. Чунки, бу шубҳасиз, Аллоҳни қўйиб, руҳоний ва роҳибларни парвардигор деб билиш жумласига киради. Чунки, бу хос мазҳаблар ва машҳур тариқатлар диндаги бидъатдир, ҳар бир бидъат эса залолатдир.

Эй инсон, сиз фақат Аллоҳ таоло сизга фарз қилган нарсадан – Аллоҳ ва Расулига иймон келтириш ва шунинг тақозосига кўра амал қилишдан сўраласиз. Муайян бир мазҳабни маҳкам ушлаш ёки фалон тариқатда юриш унинг тақозосидан эмас! Зикр аҳли бўлган, Китобу Суннатни билган уламолар мавжуд бўлгани ҳолда билмаган нарсаларингиздан сўраш ва иштибоҳли бўлган нарсаларни Китобу Суннатга қайтариш унинг тақозосидир! Саййидимиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган Ислом дини шудир.

Эй мусулмон, динингга қайт! Дининг Қуръон ва Суннатнинг зоҳирига ҳамда умматнинг салафлари ва солиҳ имомлар ижмоъ-иттифоқ қилган нарсаларга амал қилишдир, нажотинг шундадир, саодатинг шу биландир.

Муваҳҳид (Аллоҳни ягона деб билувчи) мусулмон бўл, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилма, Аллоҳдан ўзгадан умидвор бўлма, Аллоҳдан бошқасидан қўрқма, ўзингни ҳар бир мусулмонга биродарга айлантир, ўзинг учун яхши кўрган нарсаларни улар учун ҳам раво кўр, Имом Термизий «Сунан»ида Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис сизга кифоя қилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан сўнг бизларга юзланиб, ғоят таъсирли мавъиза қилдилар, бундан кўзлар ёшланиб, дилларга (Аллоҳдан) қўрқув тушди. Шунда бировимиз: «Ё Расулуллоҳ, бу сўзларингиз гўё видолашувчининг насиҳатига ўхшайди, бизларни нимага тавсия қиласиз?», деб сўради. «Сизларни Аллоҳдан тақво қилишга ва ҳабаш қул (амир қилинган) бўлса-да қулоқ солишга ва итоат қилишга васият қиламан. Чунки, мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар.  Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир», дедилар».

(Ушбу ҳадисни Термизий (2676) ривоят қилиб, «ҳасан, саҳиҳ» деган, уни Абу Довуд (4607), Ибн Можа (43, 44), Доримий (1/44-45), Аҳмад (4/126), Ҳоким (1/95) ва бошқалар ҳам ривоят қилганлар).

Модомики, иш шундай бўларкан, тош қотган тақлиддан қаттиқ ҳазар қилинг! Чунки, ҳеч шубҳасиз, ким барча масалаларда айнан биргина мазҳабга кўр-кўрона тақлид қилса, табиийки, кўплаб саҳиҳ ҳадисларга амал қилишни тарк қилади ва уларга хилоф қилади. Шубҳасиз, бу залолатдан бошқа нарса эмасдир! Шунинг учун кўплаб ҳанафийлардан ва бошқалардан бўлган муҳаққиқ уламолар айнан бир мазҳабга тақлид қилиш лозим эмаслигини очиқ айтганлар. Камол ибн Ҳумом «Таҳрир»да, Ибн Обидийн аш-Шомий «Раддул-мухтор»да айтганлари каби, айнан бир мазҳабни лозим тутиш шартлиги ҳақидаги сўз заифдир.

 

Муайян бир мазҳабни лозим тутиш шартлиги ҳақидаги гапнинг асли сиёсатларга бориб тақалади

 

Бу заиф банда – ал-Маъсумий айтади: Муайян бир мазҳабни лозим тутиш шартлиги ҳақидаги гап остида тарихдан яхши хабари бўлган оқил кишига махфий бўлмаганидек, сиёсат тақозоси, даврий ўзгаришлар талаби ва нафсоний ғаразлар ётади. Қуйида биз бунинг изоҳини баён қиламиз. Вожиб – ҳақни билиш ва унга амал қилишдир!

Билингки, унда юриш ва унга эргашиш фарз бўлган ҳақ мазҳаб саййидимиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳаблари-йўлларидир. Ёлғиз у зот эргашилиш фарз бўлган имом аъзам – улуғ имомдирлар. У зотдан кейин (эргашиш лозим бўлган йўл) у зотнинг хулафои рошидинлари (яъни, тўғри йўл устидаги халифалари) мазҳабидир, Аллоҳ улардан рози бўлсин. Биз фақат Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа айнан бирон шахсга эргашишга буюрилмаганмиз. Аллоҳ таоло айтган: «Пайғамбар сизларга нимани олиб келган бўлса, уни олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар!», деганлар. На имом Абу Ҳанифа, на Молик, на бошқа имомлар: «Менинг сўзимни олинглар» ё «Менинг мазҳабимни ушланглар», деб айтганлар, балки на Абу Бакр ва на Умар розияллоҳу анҳу бундай деганлар. Аксинча, улар бундан қайтарганлар. Асл шундай бўлган бўлса, бу мазҳаблар қаердан келиб чиқди? Нима учун улар кенг тарқалди ва мусулмонлар зиммасига фарз қилинди? Ўзингиз ўйлаб кўринг, улар энг яхши асрлардан сўнг ёйилди ва зўравон амирлар, жоҳил ҳукмдорлар ва адаштирувчи уламолар томонидан фарз қилинди!

 

Деҳлавий «Ал-инсоф» рисоласида мазҳабнинг бидъат эканини исботлагани

 

Валийюллоҳ  Деҳлавий            «Ал-инсоф» рисоласида (68-саҳифа) айтади:

«Билингки, одамлар ҳижратнинг биринчи ва иккинчи юз йиллигида айни бир мазҳабга тақлид қилишга иттифоқ қилган эмасдилар. Абу Толиб ал-Маккий «Қуутул-қулуб»да айтади: «Китоблар ва тўпламлар кейинчалик пайдо бўлган. Одамларнинг сўзларини айтиш, одамлардан бир кишининг мазҳаби бўйича фатво бериш, ҳамма нарса фақат унинг сўзини ушлаш ва ҳикоя қилиш ва бир мазҳабда фақиҳ бўлиш биринчи ва иккинчи асрларда одамлар ичида бўлмаган эди».

Икки асрдан сўнг улар ичида бир мунча тахриж пайдо бўлди. Лекин, текширишлардан маълум бўлишича, тўртинчи юз йиллик аҳли фақат бир кишининг мазҳабига тақлид қилиш, унда фақиҳ бўлиш ва фақат унинг сўзларини ривоят қилишга иттифоқ қилмаган эдилар. Балки, одамлар икки даражадан – олимлар ва авом халқдан иборат эди. Авомнинг иши шундай эдики, улар мусулмонлар ўртасида ёки жумҳур мужтаҳидлар ўртасида ихтилоф бўлмаган ижмоъий (яъни иттифоққа келинган) масалаларда фақат шариат соҳибигагина тақлид қилардилар. Улар таҳорат ва ғуслнинг сифатини, намоз, закот ва шу кабиларнинг ҳукмларини оталаридан ёки ўз диёрларининг олимларидан ўрганишар ва шунга амал қилиб кетишаверарди. Агар бирон камёб ҳодиса содир бўлиб қолса, унинг фатвосини тўғри келган муфтийдан сўраб олишар, унинг мазҳабига қарамас эдилар. Ибн Ҳумом «Таҳрир»нинг охирида айтганидек: «Улар бир бор бир кишидан, бошқа сафар бошқа кишидан фатво сўрайверардилар, битта муфтийни ўзларига лозим тутмасдилар».

(Валийюллоҳ Деҳлавий) раҳимаҳуллоҳ юқоридаги сўзини ўзининг «Ҳужжатуллоҳил-болиға» деб номланган қимматли асарида (1/153) ҳам айтади ва Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини нақл қилади: «(Кўр-кўрона) тақлид ҳаромдир, бирон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бировнинг сўзини ҳужжатсиз олиши дуруст бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга «дўстларга» эргашмангиз!» (Аъроф: 3).

«Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунинггиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади» (Бақара: 170).

Аллоҳ таоло тақлид қилмаганларни мақтаб, айтади:

«Менинг бандаларимга — сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар: 18).

Аллоҳ таоло айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз!» (Нисо: 59).

Аллоҳ таоло тортишув пайтида Қуръон ва Суннатдан бошқа бирон кишининг сўзига қайтишга рухсат бермади. Бу билан у талашиб-тортишилган вақтда бировнинг сўзини маржеъ қилиб ушлашни ҳаром қилди, чунки у Қуръон ва Суннатдан бошқа сўздир.

Аввалидан охиригача барча саҳобаларнинг, аввалидан охиригача барча тобиийнларнинг ва уларга яхшилик билан эргашган салафи солиҳийннинг бир инсон улар орасидан ёки улардан олдингилар орасидан айнан бир шахснинг сўзини қасд қилиши ва унинг барча сўзларини олишидан ман қилишга ижмоълари бор эди. Ким Абу Ҳанифанинг ҳамма сўзларини, ёки Моликнинг ҳамма сўзларини, ёки Шофиийнинг ҳамма сўзларини, ёки Аҳмаднинг ҳамма сўзларини ёки бошқа бировнинг ҳамма сўзларини олса ва Китобу Суннатда келган нарсага эътимод қилмаса, бутун умматнинг ижмоъ-иттифоқига хилоф иш қилган бўлади ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга эргашган бўлади. Бундай манзилатда бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз. Шунинг учун ўша фуқаҳоларнинг ҳаммалари ўзларига ё бошқаларга тақлид қилишдан қайтарганлар, уларга тақлид қилганлар уларга хилоф қилдилар...» (иқтибос тугади).

Имом Изз ибн Абдуссалом «Қоваидул-аҳкам фий масолиҳил-анам» китобида (2/134-136) ва шайх Солиҳ Фуллоний «Ийқозу ҳимами улил-абсор» китобида (77-78-саҳифалар) шу маънода айтиб ўтганлар.

Кенг ёйилган ушбу бидъат мазҳабларга тақлид қилувчилар ва уларга таассуб қилувчилар ҳолидан таажжубки, улар ўз мазҳабларига нисбат берилган сўзга гарчи далилдан узоқ бўлса ҳам эргашадилар ва бу сўз соҳибини гўё пайғамбардек эътиқод қиладилар. Бу эса ҳақдан тойиш ва тўғриликдан узоқлашишдир! Биз ўша муқаллидларнинг ўз имомлари ҳақида бундай зотдан хато содир бўлиши мумкин эмас ва унинг айтган ҳамма сўзлари мутлақо тўғри деб эътиқод қилишларини, гарчи далил унинг сўзига хилоф бўлса-да, дилида унга тақлидни асло тарк қилмасликка азму-қарор қилганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Бу эса имом Термизий ва бошқалар Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисга мувофиқки, у киши айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини... Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31) оятини ўқиганларини эшитиб:  «Ё Расулуллоҳ, улар уларга ибодат қилмасдилар», дедим. Шунда у зот: «Улар агар уларга бир нарсани ҳалол қилиб беришса, ўшани ҳалол санашар, агар уларга бир нарсани ҳаром қилишса, ўшани ҳаром санашар эди, шу уларга ибодат қилишларидир», дедилар» (Ҳасан ҳадис, Термизий (5/278), Ибн Жарир Табарий «Жомиъул-баён»да (10/81), Байҳақий «Ас-сунанул-кубро»да (10/116), Иб Ҳазм «Ал-иҳкам фий усулил-аҳкам»да (6/132) ривоят қилганлар).

 

Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бировга таассуб қилса, у адашган ва жоҳилдир!

 

Эй мусулмонлар! Агар бир кишининг мазҳабига эргашсак ва бизга гуноҳдан пок, маъсум зот бўлган, Аллоҳ таоло итоат қилишимизга буюрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари етса, шунда биз у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини тарк қилиб, ҳалиги кишининг сўзига ва мазҳабига эргашсак, биздан кўра ҳам золимроқ одам бўладими?! Қиёмат куни Парвардигоримиз олдида нима узр айтамиз?! Кимда-ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бир муайян шахсга таассуб қилса ва унинг сўзини мутлақо тўғри деб, бошқа имомлар сўзини қўйиб, фақат унинг сўзига эргашиш фарз деб кўрса, у адашган ва жоҳил одам бўлади! Ва ҳатто, кофир бўлиб, тавба қилдирилиши лозим бўлади! Агар тавба қилишдан бош тортса, ўлдирилади! Чунки, у ўша имомлардан айнан бирига эргашиш одамлар учун фарздир, деб эътиқод қилиши билан уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам манзилатларига чиқариб қўйган бўлади, бу эса куфрдир. Нари борса, омий (илмсиз) одам имомлардан бирларига, Зайдми, Амрми, тайин қилмасдан тақлид қилиши мумкин ёки лозим, деб айтиш мумкин бўлади. Аммо, ким имомларга муҳаббат қўювчи, уларни дўст тутувчи ва суннатга мувофиқлиги маълум бўлган сўзларида уларга тақлид қилувчи бўлса, жуда яхши иш қилган бўлади. Аммо, кимда ким бошқа имомларни тарк қилиб, имомлардан айнан бирига таассуб қилса, у саҳобалардан фақат биргинасига таассуб қилган ва бошқаларини тарк қилган рофизий-шиа, носибий ва хорижийларга ўхшаб қолади. Булар эса Китоб, Суннат ва ижмоъ билан уларнинг ҳақдан тойиб кетган фирқалар экани собит бўлган бидъат ва нафс-ҳаво аҳлининг йўлларидир.

Шайхулислом Аҳмад ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Фатово мисрийя»да айтади: «Агар бир киши, масалан, Абу Ҳанифага ё Моликка ё Шофиийга ё Аҳмадга – раҳимаҳумуллоҳ – эргашувчи бўлса ва айрим масалаларда бошқанинг мазҳаби кучлироқ эканини кўриб, ўшанга эргашса, бу борада яхши иш қилган бўлади ва бу иши унинг динига ҳам, адолатига ҳам ҳеч қандай айб-нуқсон етказмайди. Аксинча, бу киши ҳаққа лойиқроқ ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа муайян бир шахсга, масалан Абу Ҳанифага таассуб қилган кишидан кўра Аллоҳу Расулига суюмлироқ бўлади. Ўша муайян бир шахснинг сўзини эргашилиш лозим бўлган ҳақ деб, бошқа имомларнинг сўзларини эса ташланиш лозим деб кўрган киши жоҳил, балки айрим ҳолларда кофир ҳам бўлади, бундай бўлишдан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз».

«Ал-иқноъ» ва унинг шарҳида айтилишича, бир мазҳаб билан мазҳабланишнинг лозимлиги ва ундан бошқасига ўтиш мумкин эмаслиги ҳақидаги сўз йўқлиги машҳурдир. Жумҳур бирон кишига муайян бир мазҳабни лозим тутишни фарз қилмаган, бирон кишига Аллоҳ ва Расулига хилоф қилган ўринда эргашилмайди. Аллоҳ таоло ҳар бир кишига фақат Ўзининг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишнигина фарз қилган. Шайх Тақийюддин ибн Таймия «Ал-қазоу минал-инсоф» китобида айтишича, ким айнан бир имомга тақлид қилишни фарз қилса, уни тавба қилдирилади, бош тортса ўлдирилади. Чунки, бу фарз қилиш Аллоҳга Унинг рубубият хусусиятларидан бўлган қонун чиқариш ишида ширк келтириш бўлади.


 

[1] Масалан: «Бунга (яъни, уларнинг азобга гирифтор бўлишларига) сабаб Аллоҳ бир қавмга инъом қилган неъматини то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи эмаслиги ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи эканлигидир» (Анфол: 53) каби оятлар.

[2] Ҳато, иш шу даражага етдики, айримлар ҳанафийнинг шофиийя аёлга уйланиши жоиз эмаслиги ҳақида фатво бердилар. Чунки, шофиийлар (иймонда) истисно қилишлари (яъни, «мен Аллоҳ хоҳласа мўминман» деб айтишлари) сабабли кофир бўлади, дейишди. Шамсуддин Муҳаммад ал-Қаҳшоийнинг «Мухтасар ал-виқоя»га ёзган «Жомиъур-румуз» номли шарҳида шундай келган. «Муфтий ас-сақалайн» номли бошқа бирлари эса шофиияга уйланишни китобия (яҳудий ва насроний аёл)га уйланишга қиёслаб, жоиз деб фатво беради.

Мен (Ал-ҳилалий) айтаман: «Бу қиёс тақозосига кўра, худди китобий эркак муслима аёлга уйланиши жоиз бўлмагани каби, шофиий киши ҳам ҳанафия аёлга уйланиши жоиз эмаслиги келиб чиқади».

[3] Ибн Обидийн «Раддул-мухтор»нинг намоз китобида зикр қилишича, бу тўртта мақом (меҳроб) 500-ҳижрийдан кейин, мансабларни яхши кўриш авжига чиққан ва ихлосли кишилар бундан юз ўгирган даврларда пайдо бўлди. Ёмон уламолар буни султонларга чиройли қилиб кўрсатдилар.

Мен айтаман: Мана бу сўзларни айтган Абдуллоҳ ибн Муборакни Аллоҳ раҳматига олсин:

«Динни бузди султонлар

Ҳам аҳбору руҳбонлар».

Шайх Аҳмад Шокир раҳимаҳуллоҳ «Сунан ат-Термизий»га ёзган изоҳида (1/432) айтади: «Эшитишимизча, бу мункар иш Ҳарами Маккийда бўлган экан, тўртта мазҳаб аҳлига тўртта имом намоз ўқиб берар экан. Лекин, биз буни кўрмадик. Чунки, биз малик Абдулазиз ибн Абдурраҳмон оли Сауд даврида ҳажга бордик. Эшитдикки, у мазкур бидъатни бекор қилган ва Ҳарамдаги ҳамма одамларни битта имом ортига жамлаган экан. Аллоҳ таолодан Ўз фазли ва мадади билан мусулмон уламоларини барча ўлкалардаги барча масжидларда бу бидъатни бекор қилишга муваффақ этишини сўраймиз, Зотан У дуоларни эшитувчи Зотдир».

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Кейингига ўтиш►►►

   Юқорига