Ислом Нури

 

Китоблар 

 

Япония мусулмонларига Муҳаммад Султоннинг ҳадяси

 

Мусулмон киши тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга эргашишга мажбурми?

 

Аллома Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ал-Хўжандий раҳимаҳуллоҳ

 

Тақдим, тахриж, таҳқиқ ва изоҳлар муаллифи Салим ибн Ийд ал-Ҳилолий

 

Ислом Нури таржимаси

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Аммо баъд..

Мазҳабларга эргашувчилар ўртасидаги тортишув ва ихтилофлардан бохабар одам «мазҳабчилик таассуби фитнаси» мусулмонларнинг қолоқликка юз тутишлари омилларидан бири эканига шубҳа қилмайди. Чунки, айни шу омил уларнинг ақлларини ишлатмайдиган қилиб қўйди, натижада улар бировларнинг ақллари билан фикрлашга одатландилар. Ҳолбуки, имомларнинг илк даврдаги шогирдлари раҳимаҳумуллоҳ уларнинг сўзларига кейинги даврдаги кўр-кўрона тақлид қилувчилар қилганидек таассуб қилмасдилар, бу (кейинги даврдаги)ларнинг ўртасига шайтон адовату нафрат уруғларини экди, ўрталарида жангу жадал оловини ёқди, натижада улар мужтаҳид имомларнинг сўзларидан юз ўгириб, мазҳабларнинг номидан бошқа нарсасини қолдирмаган мутааххирларнинг ифтирозий (фаразий, ҳаётда бўлмайдиган) гапларига маҳкам ёпишдилар.

Ушбу ҳақиқатни асрлар оша жуда кўп уламолар тушуниб етдилар, бу ҳақда ёздилар, очиқ-ойдин тушунтириб, баён қилдилар. Маъсумий раҳимаҳуллоҳнинг «Япония мусулмонларига Султоннинг ҳадяси» номли ушбу рисоласи ҳажми кичик бўлишига қарамай, бу мавзуда ёзилган китоблар ичида энг фойдалиси бўлса ажаб эмас. Зеро, рисола ўзининг лафзларининг енгиллиги ва ҳужжатларининг кучлилиги ва мавзуни тўлақонли ёритиб бериши билан ажралиб туради. Мен ушбу рисолани «мазҳабчилик таассуби фитнаси жон томирига берилган зарба» деб атаган бўлардим.

Ушбу рисола бир неча бор нашр этилган – бу ҳақда қуйироқда муаллиф таржимаи ҳолида айтиб ўтаман – бироқ, улар таҳқиқ қилинмаган, шарҳланмаган ва ҳадислари тахриж қилинмаган бўлиб, ушбу камчиликлари тўлдирилган янги бир нашрга эҳтиёж бор эди.

Рисолани нашрга ҳозирлар эканман, унга қуйидагиларни зиёда қилдим:

1)                 Унга тақдим (сўзбоши) ёзиб, унда «мусулмон киши тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга эргашишга мажбурми?» деган саволга жавоб беришга уриндим, ушбу саволнинг ислом жамияти ичида пайдо бўлиши ва мусулмонларнинг онгига сингдирилиши омиллари ҳақида сўз юритдим.

2)                 Тахриж қилдим, яъни муаллиф истишҳод (ўз сўзларини далиллаш) учун келтирган Қуръон оятларининг сура ва рақамларини, ҳадиси шарифларнинг манбаларини келтирдим.

3)                 Таҳқиқ қилдим, яъни уламоларнинг сўзларидан келтирилган нақллар хусусида имкон қадар аслиятга мурожаат қилиб, бироз бошқачароқ бўлиб қолган жойлар бўлса, уларни асл манбадагисига алиштирдим. Қўшимча тушунтириш ва тафсилотга эҳтиёж кўрганим ўринларда мўжаз изоҳлар бериб ўтдим, бироз чўзилиб кетгандек кўринган жойларини салгина қисқартирдим.

Агар тўғриликка эришган бўлсам, «(Бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман» (Ҳуд: 88). Агар хато ва нуқсонларга йўл қўйган бўлсам, «Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса албатта барча ёмонликларга буюрувчидир» (Юсуф: 53).

Аллоҳ таборака ва таолодан ушбу амалимиз билан мусулмонларни фойдалантиришини, Ўз даргоҳида ҳусни қабул айлашини, қиёмат куни ҳасанотларимиз мезонида қилишини сўрайман.

Салим ибн Ийд ал-Ҳилолий

27 муҳаррам 1403 ҳижрий.

 
 

Муаллиф ҳақида

 

Замонаси ва яшаган муҳити:

Кўр-кўрона тақлиднинг одамлар орасида кенг ёйилиши кейинги асрлардаги мазҳабчилик кўринишларининг энг катта кўринишига айланди, ҳатто исломий ўлкалардан биронта ҳам ўлка ундан холи бўлмади. Мовароуннаҳр ҳам мазҳабчилик таассуби батамом истило этган диёрлардан бўлиб, таассуб бу диёр аҳлларининг ақлини чирмаб олган, бунинг натижасида уларнинг эътиқоди қуйидагича кўриниш олганди:

- Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳабига тақлид қилган кишигина мусулмон саналади;

- Моликийлар, шофиийлар, ҳанбалийлар ва аҳли ҳадислар хато ва залолат устида;

- Ҳанафий мазҳабидаги киши шофиия аёлга никоҳланиши дуруст эмас, чунки шофиийлар истисно туфайли (яъни «Ин ша Аллоҳ мўминман (агар Аллоҳ хоҳласа мўминман)» деб иймонда истиснони жоиз санаганлари учун) кофир ҳисобланишади;

- Сўфий тариқат шайхларидан биронтасига байъат (қўл бериш) шарт, улар ичида энг тўғриси нақшбандийлик тариқати ҳисобланади;

- Аҳли сунна фақат мотурийдий ва ашъарийлардир, улардан бошқалар ҳаммаси бидъатчилардир.

Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ана шундай сўфиёна муҳит ичида ўсиб улғайди.

 

Туғилиши, насл-насаби:

Исми шарифи Абу Абдилкарим Муҳаммад Султон ибн Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ўрин ибн Муҳаммад Мир Саййид ибн Абдурраҳим ибн Абдуллоҳ ибн Абдуллатиф ибн Муҳаммад Маъсум ал-Маъсумий ал-Хўжандий бўлиб, бобокалонига нисбатан Маъсумий номи билан машҳур бўлган.

Киндик қони тўкилган ватани Мовароуннаҳрнинг Фарғона ўлкасидаги, Сайҳун дарёсига (Сирдарёга) яқин Хўжанд шаҳридир.

1297 ҳижрийда (1880 милодий) ўзига тўқ, фозил, олим ва адиблар хонадонида дунёга келди, ота-онаси қўлларида хат-саводи чиқди.

 

Илм таҳсили, ушбу мақсадда қилган сафарлари, устозлари:

Маъсумий дастлаб ўз диёри аҳли тили бўлмиш форс тилида битилган китоб ва рисолаларни ўқиб чиқади, сўнгра араб тилининг сарф, наҳв, балоғат қоидаларини ўрганишга киришади ва «Муъзий», «Занжоний», «Авомил», «Кофия» каби китобларни мутолаа қилади. Сўнгра илм таҳсилига чуқурроқ киришиб, мантиқ ва фалсафага оид китобларни, чунончи «Мусалламул-улум»ни Қози Муборак шарҳи билан, «Ҳикматул-айн»ни шарҳи билан, Ибн Синонинг «Ишорот»ини, ақоидга оид «Насафия», «Азудия», «Таҳовия», «Жавҳаратут-тавҳид», «Санусия» ва бошқа китобларни устозлари Муҳаммад Аваз ал-Хўжандий ва Абдурраззоқ ал-Марғилоний ал-Бухорий қўлларида ўқийди.

Йигирма уч ёшида унда мутолаа малакаси ҳосил бўлди ва муқаллидларнинг хатолари, ўзаро зиддиятлари ва имомларга мухолифликлари ҳақида одамлар ичида ошкора гапира бошлади. Мазҳабчилик таассуби гирдобига шўнғиб кетган муқаллидлар ота-боболарининг йўлига ҳамият қилиб, ғазабдан бурунлари қизариб, унга маломат тошларини ота бошладилар. Ўртада талашиб-тортишувлар кучайиб кетгач, Маъсумий Ҳижоз сафарини қасд қилади ва 1323 ҳижрий шаввол ойида (1905 й) Аллоҳга таваккул қилиб, йўлга чиқади. Бухородан поездга ўтириб, Красновод шаҳрига етиб келади. Ундан кемага ўтириб, Каспий орқали Боку шаҳрига ўтади. Ундан Тифлисга, сўнг Новороссийскка, сўнг Ялтага, сўнг Севастополга, сўнг Одессага, сўнг Истанбулга келади ва шу ердаги Юлдуз жомеъ масжидида жумъа намозига ҳозир бўлади. Султон Абдулҳамид раҳимаҳуллоҳ қабулида бўлади, усмонийлар халифалиги пойтахтида ҳақиқат талаб мўминнинг қалбини қон йиғлатадиган ҳолатларга шоҳид бўлади.

Маъсумий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «... Сўнгра мен китоб бозорини ва айрим босмахоналарни айланиб чиқдим. Шу аснода Тафтазонийнинг «Ал-ақоидун-насафия шарҳи» қўлимга тушиб қолди, кўп ўқиганимдан у менга ёд бўлиб кетган эди. Китобни варақлар эканман, «Имомат ҳақидаги боб» ундан олиб ташланганига гувоҳ бўлдим. Сабабини суриштирсам, айтишдики, унда имомлар Қурайшдан бўлади, бошқалардан бўлиши жоиз эмас, деган масала бор экан. Султон Абдулҳамиднинг пири Абул-Ҳуда ушбу масаладан воқиф бўлгач, айни шу масала арабларни туркларга қарши қўзғотади, шунинг учун уни китобдан олиб ташлаш лозим, деб султонга уқтирибди. Шундан сўнг султон Абдулҳамид «Имомат боби»ни китобдан олиб ташлашга амр берибди ва китобни ушбу бобни олиб ташлаб, босиб чиқарибдилар. Бу гапни эшитганимдан кейин туркларга жаноза нидоси билан нидо қилдим (яъни, булар ҳам тугабди, деб улардан қўлимни силтадим) ва бир ҳасратимга ўн ҳасрат қўшилди»[1].

Шундан сўнг Маъсумий пароходга миниб, Измир, Искандария, Сувайшдан ўтиб боради ва 1323 ҳижрий, зул-ҳижжа ойининг саккизинчи кунида (1906 й) Маккаи Мукаррамага етиб келади. Ҳаж амалларини адо этади ва Ҳижоз уламоларидан баъзиларини зиёрат қилади. Бу ерда шайх Шуъайб ибн Абдурраҳмон ал-Мағрибий ал-Моликийда «Саҳиҳайн», «Ал-муваттоъ», «Мишкотул-масобийҳ» китобларини ўқийди, шайхнинг санади ва ижозасини олади. Шунингдек, шайх Солиҳ Камол ал-Ҳанафий, шайх Муҳаммад Мурод ар-Рамзий ал-Қозоний, шайх Муҳаммад Саид Бобсил аш-Шофиий, шайх Аҳмад ал-Ҳазровий ва бошқалар билан мулоқот олиб боради. Уларнинг кўплари сўфий шайхлар бўлиб, Маъсумий улардан таъсирланади ва шайх Муҳаммад Маъсум ибн Абдуррашид ал-Мужаддидий ан-Нақшбандийга байъат (қўл) беради. Шайх унга сўфиёна сулук йўл-йўриқларини таълим беради, Исми Муфрадни (яъни, Аллоҳ таолонинг исмини) кўп такрор қилишга ва зикр пайтида шайхнинг сиймосини кўз олдига келтириб олишга буюради, сўнг муридларга сулук таълимини беришга ижозат беради. Бироқ, Маъсумийнинг қалби бундай ишларга таскин топмайди. Аллоҳдан мадад сўраб, мўътабар тафсир китобларини, шунингдек ҳадис девонларини ва уларнинг шарҳларини ўқиб ўрганади.

Маъсумий Байтуллоҳда тўрт мазҳаб учун алоҳида мақом (меҳроб) қилинганлик бидъатига шоҳид бўлади, ҳанафийнинг шофиий имомга иқтидо қилмасдан, сафлар орасида ўз имомини кутиб ўтиришини ва аксинча, бошқа мазҳаблар аҳли ҳам шундай қилишини ўз кўзи билан кўради.

Ал-Баладул-Аминда, яъни Маккаи Мукаррамада уч йил истиқомат қилганидан сўнг Мадинаи Мунавварага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлари зиёратига боради, у ерда Мадина уламолари билан учрашади, шайх Абдуллоҳ ал-Қаддумий ал-Ҳанбалийда «Муснад»нинг бир неча жузъини ва «Кашфул-хафоъ»нинг аввалги қисмларини ўқийди, шайх Аҳмад ал-Барзанжийда «Саҳиҳул Бухорий»ни ўқийди ва улар унга ижозат санадларини ёзиб берадилар.

Шундан сўнг Шом диёрига боришга азм қилади. Туяга миниб, Хайбарга, сўнг Алога, сўнг Солиҳнинг Мадоинига боради. Кейин поездга ўтириб, Табукка, ундан Маъонга, ундан Диръга ва ниҳоят Шом Дамашқига етиб келади. У ерда Шомнинг забардаст уламолари билан, жумладан шайх муҳаддис Бадруддин Юсуф ал-Муаммар, шайх Абдулҳаким ал-Қандаҳорий, шайх Абул-Хайр ибн Обидийн кабилар билан мулоқот олиб боради ва барчаларининг ижозатларига эришади.

Дамашқда у мавлавия тариқати шайхларининг зикр мажлисларида бажарадиган рақс, айланиш, сурнай ва чилдирма чалиш каби ишларини инкор қилади (мункар-нотўғри санайди), Батоиҳий Рифоийларнинг шайтоний зикрлари ва иблисона ҳаракатларини инкор қилади. Кейин Байрутга жўнайди. У ерда Абдурраҳмон ибн Дарвеш ал-Ҳут ва шайх Юсуф ан-Набҳонийлар билан учрашади. Сўнг ал-Масжидул-Ақсони зиёрат қилиб, у ерда бир неча кун туради. Сўнгра Порт Саид ва Исмоилия йўли орқали Мисрга сафар қилади. Қоҳирага келиб, ал-Жомиъул-Азҳарда равоқи сулаймонийда истиқомат қилади. Шайх Муҳаммад Бухайт ал-Мутийъий ва шайх Муҳаммад Рашид Ризо билан кўришади, «Ал-манор» мажалласида ўз мақолалари билан иштирок этади, мажалланинг барча сонларини ва шайх Муҳаммад Абдуҳнинг китобларини, шунингдек, шайхулислом Ибн Таймия ва унинг шогирди Ибн Қаййим ал-Жавзияларнинг босмадан чиққан китобларини сотиб олади. Унинг сотиб олган китоблари сони рисолалар ва мажаллалардан ташқари мингтага етган эди.

Шундан сўнг ватанга қайтиш тараддудига тушади. Аввал Юнонистонга, сўнг Истанбулга, сўнг Одессага келади. Поездга ўтириб, Харков, Москва, Пенза, Самара, Оренбург ва Тошкентдан ўтиб, Хўжандга, ўз уйига, ота-онаси ва яқинлари бағрига етиб келади.

Юртга қайтиб келгач, шайх Маъсумий отаси ташкил қилган мадрасада дарс бериш билан машғул бўлади, Ибн Таймия, Ибн Қаййим ал-Жавзия ва Ибн Абдилбар раҳимаҳумуллоҳ китобларини мутолаа қилишга боши билан шўнғийди ва улар орқали ҳақни топади. 1328 ҳижрийда шаръий маҳкамага муфтий ва раис этиб тайинланади. Маъсумий ҳаётининг мана шу босқичи ҳар бир масаланинг асоси ва далилини имкон қадар чуқур ўрганиш ва текшириш даври бўлиб қолди. У китобларни китобларга солиштирар, ҳар бир масалани Китоб ва Суннат тарозисига солиб ўлчарди. Ўқиш ва изланишлар орқали салафлар манҳажининг энг соғлом манҳаж эканини англаб етади ва уни маҳкам ушлайди. Қадимги ва янги муқаллидлардан кўпларига раддиялар битади. Унинг саъй-ҳаракатлари таъсирида Мовароуннаҳр диёрида янгиланиш ҳосил бўлди, салафлар фикри ёйилди. Аллоҳни қўйиб, сиғиниб кетилган мозорлар, қадамжо ва сағаналардан кўплари бузиб ташланди.

 

Синов ва имтиҳонларга дучор бўлиши ва уларга сабр қилиши:

Маъсумий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳга бўлган даъватида шу йўсин давом этаркан, шу орада 1917 йилги болшевиклар инқилоби юз берди. Кўпчилик оддий халқ болшевикларнинг озодлик ва тенглик ҳақидаги чўпчакларига алданиб, ушбу инқилобни қучоқ очиб кутиб олдилар, «Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб ёзилган, остига эса «ҳуррият, адолат ва тенглик» сўзлари битилган байроқларни баланд кўтардилар, исломий шўро (парламент) ва маҳкамалар таъсис қилдилар ва Маъсумийни ўзлари устидан раис қилиб сайладилар. У оқсоқоллар ва делегатларнинг мажлисларида иштирок этиш учун Москвага ҳам борди. Бироқ, бир неча ой ичида вазият ўзгариб, Ленин ва Сталин бошчилигидаги қизил саратон тиш қайраб, чор атрофга фасод ёйишга киришди, уламоларни қирғин қилдилар, минг-минглаб инсонларни Сибирга сургун қилдилар, жуда кўпчилик аҳли илмлар ҳалок қилинди, айримларигина Аллоҳнинг фазли билан ўлимдан қутулиб қолдилар. Маъсумий ҳам 1342 ҳижрий (1924 й) Хўжандда ҳибсга олинади, сўнгра Аллоҳнинг фазли билан қутулиб чиқади. Кейин 1344 ҳижрий (1926 й) иккинчи марта қамалади, бу сафар ҳам Аллоҳнинг инояти билан қамоқдан қутулиб, Хўжанддан Марғилонга кетади. Марғилон аҳли уни илиқ қарши олиб, қозилик мансабига тайин қиладилар. Бироқ, болшавойлар уни қаттиқ назорат қилишгани боис ҳақ билан ҳукм қилиш имкони қолмаганидан сўнг қозиликдан бўшаб кетади. Бироқ, олдинда уни яна синов ва имтиҳонлар кутиб турарди. Тошкентда кўпчилик жамоат кўзи олдида худосиз атеистлар билан мунозара ўтказиб, уларнинг шармандасини чиқаради. Шунинг учун Марғилонга қайтганидан сўнг ғазабга тўлган атеистлар унинг уйига бостириб кириб, барча мол-мулкини мусодара қиладилар. Унинг ўзини учинчи марта қамоққа ташлаб, бу сафар отувга ҳукм қиладилар. Бироқ, Аллоҳ таоло бу сафар ҳам уларнинг макридан нажот бериб, Маъсумий 1928 йили Хитойга қочиб ўтишга муваффақ бўлади. У ерда бир неча йил тургач, 1353 ҳижрийда (1934 й) зул-қаъда ойида Хитойдан Маккаи Мукаррамани қасд қилиб, йўлга чиқди ва 1353 ҳижрий зул-ҳижжа ойида Маккага етиб келиб, шу ерни ватан тутди ва Маккаи Мукаррамадаги «Дорул-ҳадис»да мударрислик қила бошлади. У кўп йиллар мобайнида ҳаж ойларида Масжидул Ҳаромда турк тилида дарс ўтар, туркий тилда сўзлашувчи ҳожилар унинг дарсларида иштирок этишарди. Шайх Маъсумий 1380 ҳижрийда (1960 й) вафот этди, Аллоҳ раҳматига олган ва Ўз фазлу карами билан жаннатларидан жой берган бўлсин.

 

Ёзган асарлари:

Маъсумий раҳимаҳуллоҳнинг туркий ва араб тилларида битган бир қанча рисолалари бор. Жумладан:

1) «Ҳадийятус-султон ила қурроил-Қуръан»;

2) «Фий адабит-тилава ва ахзил-ужрати алайҳи»;

3) «Иршадул-умматил-исламийя фит-таҳзийри мин мадарисин-насронийя»;

4) «Аз-заҳабул-асийл фил-ҳавзил-мудаввари ват-товийл»;

5) «Ал-лаъалил-аалия фир-риҳлатил-ҳижазийя»;

6) «Ад-дуррул-масувну фий асаанийди уламааир-рубъил-маскуун»

7) «Ад-дурарус-самийна фий ҳукмис-солати фий сиябил-базила»;

8) «Табйийнул-умуур фий ахзил-кафароти ваз-золаматил-хирожа вал-мукууса вал-ушуур»;

9) «Ас-сайфус-соримул-ҳатуф фий тахтиъати муса бикийюв»;

10) «Санадул-ижаза литолибил-ифада»;

11) «Туҳфатул-аброр фий фазоили саййидил-истиғфар»;

12) «Ал-ҳадийятул-маъсумийя фий низомит-тижара»;

13) «Ал-мустадрак анил-асаанийдил-мустаҳлак»;

14) «Рафъул-илтибас фий амрил-хазири ва иляс»;

15) «Туҳфатус-султон фий тарбиятиш-шуббан»;

16) «Жалаъул-буус фий инқилаби биладир-руус»;

17) «Ал-қовлус-садийд фий тафсийри суратил-ҳадийд»;

18) «Ҳукмуллоҳил-ваҳидис-сомад фий ҳукмит-толиби минал-маййитил-мадад»;

19) «Ал-бурҳанус-саатиъ фий табарруъил-матбуъи минат-таабиъ»;

20) «Танбеҳун-нубалаи минал-уқолаъи ила қовли Ҳамид ал-Фақий аннал-малаиката ғойру уқолаъи»;

21) «Ал-мушаҳадатул-маъсумийя инда қобри хойрил-барийя»;

22) «Тамйизул-маҳзузийн анил-маҳрумийн фий тафсийри аятил-хитобатил-илаҳийя»;

23) «Авзоҳул-бурҳан фий тафсийри уммил-қуръан»;

24) «Ҳадийятус-султон ила муслимий биладил-ябан».

«Япония мусулмонларига Муҳаммад Султоннинг ҳадяси» деб номланган ушбу китоб таҳририни муаллиф 1358 ҳижрий муҳаррам ойининг ўн бешинчисида ниҳоясига етказган бўлиб, биринчи марта  1368 ҳижрийда (1949) Мисрдаги «Ал-бобул-ҳалабий» матбаасида чоп этилган. Шу йили шайх Албоний Маккаи Мукаррамага ҳаж фаризасини адо этгани бориб, аллома Маъсумийнинг зиёратида бўлади ва Маъсумий раҳимаҳуллоҳ унга ушбу китобдан бир нусха ҳадя қилади[2].

Ушбу «Ҳадийятус-султон» китоби то 1970 йилгача шайх Албонийнинг кутубхонасида туради. Шу йили Дамашқда Китоб ва Суннатга чақирувчи салафийлар ва мазҳабий тақлидчилар ўртасидаги хилоф ўта кескин тус олиб, тақлид тарафдорлари умуман салафия даъватига ва хусусан шайх Албонийга қарши иккита китоб чоп қилиб, тарқатишади.

Улардан бири шайх Муҳаммад Ҳомид раҳимаҳуллоҳнинг «Лузум иттибаъил-аимма ҳасман лил-фавзод-динийя» (Диний анархияга барҳам бериш учун имомларга эргашиш лозимлиги) деб номланган китоби бўлиб, муаллифи унда шайх Албоний «Сифату солатин-набий» (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг сифати) китоби муқаддимасида келтирган тўртала имомнинг сўзларидан парчалар нақл қилиб, уларни Китоб ва Суннатга қайтишга ва бу икки асосни салаф солиҳлар тушунгандек тушунишга чақирувчиларга раддия билдиришда ўз сўзларининг асосига айлантиради.

Иккинчи китоб Аҳмад ал-Баёнуний мушрифлиги (раҳбарлиги) остида чоп қилинган «Ижтиҳод ва мужтаҳидлар» китоби эди. Шундан сўнг устоз Муҳаммад Ийд Аббосий мазкур иккала китобга раддия сифатида ушбу «Ҳадийятус-султон» китобини қайта чоп қилдиради.

Устоз Муҳаммад Ийд Аббосий Аллома Маъсумийнинг ушбу рисоласи мавзусини ўқувчи онгига яқинлаштириш мақсадида унинг сарлавҳаси остига «Мусулмон киши тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга эргашишга мажбурми?» деган қўшимча сарлавҳа қўяди.

Лекин, мазҳабпарастлардан бири бу китобда келтирилган гапларга чидай олмай, тилига келганини айта бошлади ва ўзининг «Ал-ламазҳабийя ахтору бидъатин туҳаддидуш-шариъатал-исламийя» (Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир) деб номланган рисоласини чиқарди. Муҳаммад Ийд Аббосий унга раддия сифатида «Бидъатут-таассубил-мазҳабий» (Мазҳабчилик таассуби бидъати) китобини ёзди.

Аллома Маъсумий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу «Ҳадийятус-султон» (Япония мусулмонларига Султоннинг ҳадяси) китоби 1398 ҳижрий (1978), 1401 ҳижрий (1981) йилларда қайта чоп қилинди.

Учинчи нашри тугаб кетгач, ношир уни яна қайта чоп қилишга азм қилиб, мендан уни таҳқиқ қилишни сўради ва мен қўлимдан келганича уни таҳқиқ қилдим.

Мухолифлардан умид шуки, бизга нисбатан кўнгилларини кенгроқ қилсинлар. Чунки, фикрлардаги ихтилоф дўстона муносабатларга путур етказмаса яхши бўлади. Ва менга холис насиҳат қилишга уринсинлар. Чунки, насиҳат холис ниятли ва кўнгли тоза одамнинг тутумидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинганки: «Ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсасидир, қаерда топса ҳам унга ҳақлироқдир». Аллоҳ Ўзи мададкор бўлсин.


 

[1] Муҳаммад Султон ал-Маъсумий: «Ҳукмуллоҳил-ваҳидис-сомад фий ҳукмит-толиби минал-маййитил-мадад» (54-55-саҳифалар).

Мен (Ҳилолий) айтаман: Мана шу ҳодиса ҳам мазҳабларнинг ёйилиши ё ўртадан кўтарилишига сиёсатнинг роли катта эканига шоҳид бўлади.

[2] Муҳаммад Носируддин Албоний: «Таҳзийрус-сажид мин иттихозил-қубури масажид» (94-с).

 

Кейингига ўтиш►►►

   Юқорига