Ислом Нури

 

Китоблар

 

7. Саҳобаи киромнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозда эканлар пойафзалларини ечганларини кўрган заҳот пойафзалларини ечганлари

Суйган суюклисининг амрларига итоат қилиш билан тўхтамайди, балки, унинг ҳаракатларини кузатиб, қилишга интилади. Унинг юзидаги ўзгаришлар, кўзларининг ишоратларини кузатади. Шояд бу билан суюклисининг бирон бир ишини билиб, уни ҳаётига татбиқ этар ёки нафрат этган бирон бир ишни билиб, ундан узоқ бўлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни самимй суйган у бахтли инсонлар ҳам шундай эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларини бажо келтириш ва таъқиқларидан узоқ бўлиш билан кифояланмадилар, аксинча, у қилаётган ишларни кузатишар эдилар. Улар буни завқу-шавқ билан қилар эдилар. Чунки улар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни юракдан истар эдилар. У қилган бир ишни кўришлари биланоқ, уни шошилиб қилишар, бирон бир ишдан узоқлашганини кўрганлари он ундан зудлик билан узоқлашар эдилар.

Бунга далолат қилган мисоллардан бири имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Абу Саид розияллоҳу анҳудан келтирган ушбу ривоятдир:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга имом бўлиб намоз ўқир эканлар, бирдан оёқ кийимларини ечиб, чап тарафга суриб қўйдилар. Буни кўрган саҳобалар ҳам зудлик билан пойафзалларини ечдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни тугатганларидан сўнг: "Пойафзалларингизни ечишингизга нима сабаб бўлди?!- деб сўрадилар. Саҳобалар: "Биз Сизнинг оёқ кийимларингизни ечганингизни кўриб, пойафзалларимизни ечдик"- деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Жибрил (алайҳиссалом) келиб пойафзалимда нажосат борлигини айтди"- дедилар.

Сўнгра шундай дедилар: "Сизлардан бирингиз масжидга келса, оёқ кийимларига қарасин. Агар унда нажосат ёки ифлос нарсалар бўлса уни тозаласин ва у (пойафзал)лар билан намоз ўқийверсин". ("Саҳиҳу Сунани Аби Довуд": 605; 1/128).

Аллоҳу Акбар! Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишда нақадар тезкор эканлар! Аллоҳ улардан рози бўлсин, мукофотлар билан хушнуд этсин ва бизга ҳам улар юрган йўлда юришни насиб айласин!

 

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг огоҳлантиришини эшитиши билан бир аёлнинг билагузукларини чиқариши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиш эркакларгагина хос эмас эди. Билъакс, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни самимий суйган аёллар ҳам эркаклардан қолишмас эдилар. Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан келтирган ушбу ривоят сўзимизнинг яққол далилидир:

"Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнига келди. У билан бирга қизчаси ҳам бор эди. Бу қизчанинг қўлида қалин икки билагузук бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Буларнинг закотини берасизми?"- деб сўрадилар. Аёл: "Йўқ"- деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ таолонинг Қиёмат кунида буларнинг ўрнига оловдан икки билагузук тақишини ҳоҳлайсизми?!"- дедилар. Аёл унинг қўлларидаги билагузукларни чиқарди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига қўйиб: "Булар Аллоҳ ва расули учундир"- деди (Албоний раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг ҳасан эканини баён қилди. "Саҳиҳу Сунани Аби Довуд": 1382; 1/691).

Аллоҳу Акбар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган аёл, билагузукларининг закотини бериш билан кифояланмади, аксинча, улардан воз кечиб, Аллоҳ учун садақа қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тақдим этди. Аллоҳ ундан рози бўлиб, (Қиёмат кунида) хушнуд этсин!

 

9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлнинг чеккасида юриш ҳақидаги буйруғига итоат этиб, хотин-қизларнинг деворларга ёпишиб юришлари

Ҳеч ким бу аёлнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига зудлик билан итоат этишида танҳо ёки истиноий ҳолат эди, деб ўйламасин. Йўқ, Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, саҳобия хотин-қизларнинг барчасининг тарихини текшириб кўрсангиз, бундай итоатнинг уларнинг ҳаммаси ўртасида ёйилганини биласиз. Энди улар ҳақида имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг Абу Усайд Ансорий розияллоҳу анҳудан келтирган ушбу ривоятга қулоқ берайлик: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиддан чиқаётган эдилар, аёллар эркаклар билан аралашиб кетишибди, шунда (хотинларга қарата): "Тўхтанглар! Сизнинг йўл ўртасида юришга ҳаққингиз йўқ! Сиз йўлнинг чеккасида юрингиз!"- дедилар. Шундан кейин аёл киши кўчада юрса, деворга тегиб юрар эди. Шунчалар тегар эдики, эгнидаги кийимлари деворга илашиб қолар эди" (Саҳиҳу Сунани Абу Довуд": 4392; 3 / 989).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшнинг тўртинчи аломатларига ўтишдан аввал, ўзимизни текшириб кўриш учун бир оз тўхтайлик:

Биз ҳоҳ эркак ва ҳоҳ аёл бўлайлик, саҳоба ва саҳобияларга ўхшаймизми?!

Бизнинг кўпчилигимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини бирин-кетин йўқ қилмаяпмизми?!

Мусулмонлик даъвосини қилган қанча-қанча хотин-қиз бозор ёки йиғинларга чиқар эканлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хилоф ишларни қилмаяптими?!

Ҳоҳ эркак ва ҳоҳ хотин-қиз хорижий жамиятларга кетар экан, уларнинг мусулмон ёки христиан ёхуд яҳудий экани ажралиб турибдими?!

 

Тўртинчи аломат

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига ёрдам бериш ва у олиб келган шариатни ҳимоя қилиш

Маълумки, суйган суюклисининг жони, молу дунёси ва барча нарсасини фидо этган нарсасига ўз жони, молу дунёси ва барча нарсасини фидо этади. Аллоҳнинг расули бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ берган куч-қудрат, мол-дунё, барча имконият ва жонини инсонларни зулматлардан ёруғликка, бандаларга қул бўлишдан бандаларнинг Роббисига қул бўлишга чиқариш учун фидо этдилар. Аллоҳ йўлида Аллоҳнинг сўзи олий ва кофирларнинг сўзлари оёқлар остига тушгунича курашди. Ер юзида фитна, яъни, ширк қолмасин ва дин бутунлай Аллоҳники бўлсин дея жангга кирдилар.

Уни суйганлар бу мавзуларда у кўрсатган ҳидоят йўлидан юриб, Унинг турмуш тарзидан намуна олдилар. Ўтмишдан ушбу кунимизга қадар қўлларида бўлган барча имкониятларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақти, мол-дунёси ва жонини фидо қилган нарса учун фидо қилдилар ва қилмоқдалар. Қуйида у солиҳ инсонлар қилган баъзи фидоийликларни қаламга оламиз.

 

1. Анас ибн Назр розияллоҳу анҳунинг Аллоҳ йўлида жонларни фидо қилишга чақириши ва шахсан ўз жонини фидо этиши

Аввал айтиб ўтганимиздек, Уҳуд жанггида мусулмонлар сафида парокандалик вужудга келди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлдирилгани ҳақида ёлғон хабар тарқади. Бу нохуш хабардан баъзи саҳобалар таъсирланиб, чорасиз бир ҳолатда ерга ўтирдилар. Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу уларнинг ёнига келиб: "Нега ўтирибсизлар?"- деб сўради. Улар: "Расулуллоҳ ўлдирилибди!"- деб жавоб бердилар. Буни эшитган Анас розияллоҳу анҳу: "Ундан кейинги ҳаётни нима қиласизлар? Ўринларингиздан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима учун ўлган бўлсалар, ўша учун жонларингизни фидо қилинглар!"- деди" (Ибн Ҳишом, "Сийра", 3/30. Қаранг: "ас-Сийратун-Набавийя", 225. Ибн Ҳазм, "Жавамиъус-сийра", 162).

Динни ҳимояси ва Аллоҳнинг исмини олий қилиш учун бу саҳоба шахсан нима қилди? Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ  Анас розияллоҳу анҳу айтган қуйидаги сўзларни бизга нақл қилмоқда:

"Уҳуд куни мусулмонлар орқага чекиндилар. Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу: "Аллоҳим, Мен улар (дўстларим)нинг  қилган ишларидан узр сўрайман. Анави (мушрик)ларнинг қилган ишларидан узоқ эканимни билдираман"- деди.

Сўнгра, жанг қилиш учун олдинга интилди. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу унга пешвоз чиқди. Анас розияллоҳу анҳу унга: "Эй Саъд, Жаннат! Мен унинг бўй(ҳид)ларини Уҳуд томондан топмоқдаман!"- деди.

Саъд розияллоҳу анҳу айтади:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: "Ё Расулуллоҳ, мен у қилган ишни қила олмадим!"- деди".

Анас розияллоҳу анҳу айтди: "У ўлганида баданида найза ва камон ўқларидан саксондан ортиқ жароҳат бор эди. Жуссаси мусла қилинган (аъзолари кесиб ташланган) эди. Уни синглисигина бармоқ учларидан таний олди.

Биз Аллоҳ таолонинг: "Мўъминлар ичида Аллоҳга берган аҳду-паймонларига содиқ кишилар бордир" (Аҳзоб: 23) оятини у ва у каби инсонлар ҳақида нозил бўлган деб билар эдик" (Имом Бухорий: 2805; 6 / 21).

Аллоҳ улардан рози бўлсин ва дин йўлида қилган хизматлари учун улкан мукофотлар бериб уларни хушнуд этсин!

 

2. Ҳаром ибн Милҳан розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватини етказгани сабабли ўлдирилишидан бахтиёрликни ҳис қилиши

Суюклисига садоқатли бошқа биттаси, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг даъватини етказиш йўлида ўлдирилди. Фақат, у охиратга кўчиш олдидан ичидаги бахтиёрликни ифода этиш учун қулай фурсатни бой бермай, айтиб қолди. Бу садоқатли суйганнинг ҳайқириши нима эди? Энди унинг бошидан ўтган бу ҳодисани имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда ўқийлик:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Сулаймнинг укаси бўлган тоғасини етмиш суворий билан жўнатдилар. Умму Сулаймнинг укаси бўлган Ҳаром –ки, у чўлоқ эди- (ва фалончи қабиладан бир киши кетдилар.(-ки, у чўлоқ эди- жумласи ҳақида ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ шундай демоқда: -ки, у чўлоқ эди- жумласи ҳадисда котиб тарафидан билмасдан олдинга олинган. Аслида, кейин ёзилиши керак эди. Яъни, шундай дейилиши керак: "Ҳаром ва чўлоқ бўлган бир одам кетдилар" ("Фатҳул-Борий", 7 / 387)).

Ҳаром розияллоҳу анҳу: "Сиз яқинда туринг, мен эса уларнинг яқинига борай. Агар улар менга омонлик беришса (сизлар ... бўласизлар ("Агар менга омонлик беришса" жумласи бошқа ривоятда: "Агар менга омонлик берсалар, сизлар ҳам ёнимда бўласизлар" дейилган. ("Фатҳул-Борий", 7 / 387)). Агар мени ўлдирсалар, шерикларингизнинг ёнига қайтасизлар"- деди.

Ҳаром розияллоҳу анҳу: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғомини етказишга менга имконият берасизларми?"- деб сўради ва уларга гапира бошлади. ("Уларга гапира бошлади" жумласи Табарий раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида қуйидагичадир: Ҳаром чиқди ва: "Эй Беърул-Маъуна аҳолиси! Мен сизларга (юборилган) Расулуллоҳнинг элчисиман. Шунинг учун, Аллоҳ ва расулига иймон келтирингиз!"- деди. Шу онда бир одам уйидан бир найза билан чиқди-да, унинг орқасига санчди. Найза Ҳаром розияллоҳу анҳунинг кўкрагидан чиқди" (Фатҳул-Борий", 7 / 387). Улар бир одамга ишора қилдилар ва Ҳаромнинг орқасидан келиб, унга найза санчди.

Ҳадиснинг ровийларидан бири бўлган Ҳаммод раҳимаҳуллоҳ: "Менимча найзани унга жуда қаттиқ санчди"- деди.

Ҳаром розияллоҳу анҳу: "Аллоҳу Акбар! Каъбанинг Роббиси номига қасам, зафар қучдим!"- деди (Имом Бухорий: 4091; 7 / 385 – 386).

Мана сизга, суйгани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғомини етказар экан жонини фидо қилишни зафар деб билган ва севгисида садоқатли бўлган бир инсон!

Каъбанинг Роббиси номига қасам ичиб айтаманки, ҳақиқий зафар шудир. Аллоҳим, бундай зафардан бизларни маҳрум этма! Омийн, ё Роббал-оламийн!

 

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафоти ва оғир вазиятга қарамай Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Усома розияллоҳу анҳунинг бўлинмасини жўнатиши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг саҳобалар оғир синовлар билан юзма-юз қолдилар. Чунки, араб қабилаларининг аксари Ислом динидан қайтиб, муртад бўлган эдилар. Улар мусулмонларга – Мадина ан-Набавийяга ҳужум қилишни режалаштирдилар. Саҳобаи киром, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу таърифлаганидек, чўпонсиз қолган туя подасига ўхшаб қолдилар. Мадина ан-Набавийя эса, яна Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таъбирича, бир узукдан ҳам тор бўла бошлади (Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ, "ас-Сийратун-набавийя", 428).

Шундай оғир дамлар бўлишига қарамай, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал Мадинадан узоқ ерларда душманлар билан жанг қилиш мақсадида тайёрлаган Усома розияллоҳу анҳунинг бўлинмасини жўнатиш амрини берди. Чунки, бу бўлинма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг касаллиги оғирлашгани, кейин эса вафот этганликлари сабабли йўлга чиқишдан кечиктирилган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни юракдан суйган Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу амр олдида нима қилди? Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ Осим ибн Адий розияллоҳу анҳудан қилган ушбу ривоятга қулоқ осайлик:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотидан икки кун ўтгач Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дарғачиси шундай қичқирди: "Усома лашкарлари билан жўнатилсин! Усома бўлинмасидаги аскарлардан биронтаси Мадинада қолмасин, ас-Сурф деган ердаги (ас-Сурф – Мадинадан Шомга кетар экан, уч мил узоқликдаги ер. (Мўъжамул-булдан": 3053; 2 / 149)) қароргоҳига кетсин" (Табарий, "Тарих", 3 / 223).

Вазиятнинг ўзгариш эҳтимолини кўз олдига келтирган Усома розияллоҳу анҳу, бўлинмаси билан Мадинада қолиш истагида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ушбу сатрларни ёзди: "Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрини бажо келтиришдан бошқа севимли нарса йўқдир. Бироқ, йиртқич қушларнинг мени олиб кетишлари бу ишдан (яъни, Сизнинг истагингизни бажо келтиришдан) кўра мен учун яхшироқдир (Тарихул-халифат ибн Қайёт", 100).

Араб қабилалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотини эшитишлари билан Мадинага ҳужум қилишлари эҳтимоли борлигига ишора қилинганида Абу Бакр розияллоҳу анҳу шу сўзларни айтдилар: "Агар мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборишни ҳоҳлаган қўшинни қайтарсам, (итоатсизликка) ўта журъаткорлик қилган бўламан. Жоним қўлида бўлган Зотнинг номига онт ичиб айтаманки, араб (қабилалари)нинг устимга бостириб келишлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жўнатган бир бўлинмани тўхтатишдан кўра мен учун яхшироқдир" (Заҳабий, "Тарихул-ислам": "Хулафоур-ношидийн даври", 20 – 21).

Табарий раҳимаҳуллоҳнинг ривоятига кўра Абу Бакр розияллоҳу анҳу шундай деди: "Абу Бакрнинг жони қўлида бўлган Зотнинг номига қасам ичиб айтаманки, йиртқич ҳайвонларнинг мени парчалаб ташлашларини билсам ҳам, Усоманинг бўлинмасини Расулуллоҳ амр қилганларидек жўнатаман" (Табарий, "Тарих", 3 / 225).

Ўзидан бошқа ҳақ илоҳ бўлмаган Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақиқатан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйганларнинг энг буюгидир!  У ҳақиқатан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни самимий суяр эди.

Сўнгра уни Усома розияллоҳу анҳу от устида, унинг эса пиёда юриб қўшинни кузатганини кўрамиз. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Усома отининг жиловидан ушлаб олган эди. Усома розияллоҳу анҳу: "Эй Расулуллоҳнинг халифаси, Аллоҳ номига қасамки, ё сиз отга минасиз, ёки мен отдан тушаман!"- деди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу унга хитобан: "Аллоҳ номига қасамки, сен (отдан) тушмайсан ва яна Аллоҳ номига қасамки, мен ҳам отга минмайман. Аллоҳ йўлида оёқларим бир оз чанг бўлса менга нима зарар қилади?!"- деди. (Табарий, "Тарих", 3 / 226).

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Усома розияллоҳу анҳуга ушбу тавсияларни берди: "Аллоҳнинг расули сенга берган амрларни бажо келтир! Аввал қузоъаликларнинг диёридан бошла, сўнгра Обилга бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган амрларнинг барчасини тўла-тўкис амалга ошир!" (Табарий, "Тарих", 3 / 227).

Бошқа ривоятда шундай дейилган: "Эй Усома, амр қилинган тарафга қараб лашкарларинг билан юр. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ерда ғазотингни қил!" (Заҳабий, "Тарихул-ислам", 20 – 21).

Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Аллоҳнинг расулига бўлган самимий муҳаббат, шудир: Аллоҳнинг динини ҳимоя қилиш, Ҳақ Сўзни олий қилиш учун  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганидек жиҳодга чиқиш — Роббимнинг салавот ва саломлари Унга ёғилсин.

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ