Пайшанба 2 Май 2024 | 23 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тилни эҳтиёт қилиш

3097 марта кўрилган

Эй фарзанд, сен қалбингдаги нарсаларни ифодалаб беришинг, сени хурсанд қиладиган ва сенга озор берадиган нарсаларни айтишинг ва фойдали ишлар қилиб, зарарли нарсаларни даф қилишда бошқалар билан ҳамкорлик қилишинг учун Аллоҳ сени бошқа жонзотлардан гапириш билан устун қилди. Сен тилингни эҳтиёт қил. Шунда одамлар орасида суюкли бўласан.

Одамлар орасида суюкли бўлиб яшашинг учун қуйидаги насиҳатларга амал қилишинг керак:

1. Доим тўғри сўзлашга одатлан. Чунки одамлар ёлғончи деб танилган кимсалар билан муомала қилишни ва уларнинг сўзига қулоқ солишни хоҳламайдилар.

2. Агарчи сендан даражаси кичик бўлса ҳам, одамларга гапирганда уларни ҳурмат қилишга одатлан. Чунки ўзингдан обрўси паст кишиларни камситишга тилинг ўрганиб қолса, ўзингдан улуғ кишиларга нисбатан ҳам одобинг ёмонлашади ва одобинг камлигидан узр сўрашга мажбур бўласан.

3. Дўстларингга сўкиш, ҳақорат ва улар ёмон кўрадиган лақаблар билан ҳазл қилишдан йироқ бўл. Чунки бу қабих сўзлар тарбиянг ёмонлигига ишорадир.

4. Бирон кишини ўзи йўқлигида у эшитишни хоҳламайдиган нарса билан уни эслама. Чунки ким одамларнинг айбини қидирса, одамлар ҳам унинг айбини қидирадилар.

5. Одамлар бир-бирлари билан хусуматлашиб ораларига адоват тушиши учун уларнинг орасида фасод тарқатадиган чақимчи бўлма.

6. Шарманда қилиб, айбларини ҳаммага ёйишни хоҳлаб одамларнинг сирларини фош этма.

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари доим қулоғингда турсин: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз гапирсин ёки жим турсин".

Ҳикоя

Бир куни бир амир отбоқаридан аччиқланди. Аммо у юмшоқ кўнгилли бўлгани учун ходимларидан бирини чақириб деди:

- Бу отбоқарни ҳақорат қил!

Ходим унга чиройли одоб ва камтарлик билан шундай деди:

- Эй ҳожам, мени бу ишдан озод қилишингизни сиздан ўтиниб сўрайман. Чунки мен тилим қабиҳ сўзларга одатланиб қолишидан қўрқаман.

Амир унинг чиройли жавобидан хурсанд бўлиб унга мукофот беришга буюрди.