Ислом Нури

Мақолалар

 

 

Мусулмон тижоратчининг одоб-ахлоқи ҳақида

 

Доктор Абдуллоҳ ал-Фақиҳ раҳбарлигидаги фатво ҳайъати тайёрлаган

 

Ислом Нури таржимаси

 

 

Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала Росулиллаҳи ва ала алиҳи ва соҳбиҳ. Аммо баъд:

Аввало, мусулмон тожир яхши англаб олиши лозимки, мол Аллоҳнинг моли, одамларга эса уни омонат қилиб берилган ва уларни унга вакил қилинган, омонатдор-вакил мол эгасининг изни-иродасидан ташқарига чиқишга ҳақли эмас. Акс ҳолда у вакиллик лаёқатини йўқотган ҳисобланади ва мол унинг қўлидан бошқага олиб берилади, қўлида сақланиб қолган тақдирда ҳам унинг жавобгарлиги оғир бўлади.

Ислом шариати мусулмон тижоратчини покиза ва раббоний (художўй) бўлиши, бошқалар билан ўзаро меҳр-мурувватли бўлиб, худбинликдан йироқ бўлишига хизмат қилувчи бир неча қонун-қоидаларни тузиб берган. Қуйида ушбу қоидаларни қисқача баён қиламиз:

1) Солиҳ – яхши ният. У одатий ишларнинг ҳам ибодатга айланишига сабаб бўлади. Бу кишининг ўзи учун яхшилик исташида, ўзини ҳаромдан поклаш ва тиланиш хорлигидан сақлаб қолишида, шунингдек, тижоратни қариндошлар билан алоқа боғлаш ва яқинларга марҳамат кўрсатишга восита қилишида кўринади. Ундан ташқари, бошқаларга яхшилик исташ, омманинг эҳтиёжларини қондириш, умматни бошқаларга суянишдан қутқаришда ва шу каби мақсадларда кўринади.

2) Ростгўйлик, омонатдорлик, битимларга вафо қилиш, ҳақларни чиройли адо этиш ва чиройли талаб қилиш, қийналиб қолган, камхарж одамдан қарзни қаттиқ қистамаслик, имкон бор бўла туриб қарзни тўламасдан чўзиб юрмаслик, алдов ва хиёнатдан сақланиш каби чиройли хулқлар.

Биз мусулмонлар чиройли хулқни дин ва дунёнинг устуни деб биламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал ахлоқларни камолига етказиш учун юборилганлар. Мусулмон тижоратчи гўзал хулқ билан безанаркан, бошқалар қилаётганидек, фақат манфаат кетидан югурмайди, балки у Аллоҳга тоат, пайғамбарига эргашиш ва бунинг ортидан ажр исташ устига барпо бўлувчи собит диний кўзқарашдан келиб чиқиб ҳаракат қилади. Тижоратининг ривож топиши, ҳамкорларининг кўпайиши каби ҳосил бўлувчи бошқа манфаатлар у учун асл мақсад бўлмай, йўл-йўлакай амалга ошувчи мақсадлардан саналади.

3) Ҳалол-пок нарсалар билан тижорат қилиш. Мусулмон тижоратчи наздида пок билан нопок баробар ва фарқсиз эмас. Гарчи нопок нарсалардан кўпроқ даромад ва фойда кўрилса ҳам, у улардан воз кечади, ҳалолни ҳалол, ҳаромни эса ҳаром санайди, Аллоҳ таоло ўрнатган чегаралардан чиқмайди, мол-дунёнинг ширинлиги ва фойданинг кўзни қамаштириши уни Аллоҳ ҳаром қилган ишни қилишга етаклай олмайди. Маст қилувчи ичимлик, тўнғиз маҳсулотлари, ҳаром йўл билан сўйилган гўштлар каби ҳаром нарсалар ва бузуқлик тарқатувчи ҳар қандай кўринишдаги нарсалар савдосига қўл уриш у ёқда турсин, улар билан тижорат қилиш ҳақидаги фикр унинг кўнглига ҳам келмайди. Бу эса солиҳ тижоратчини ҳалол билан ҳаром-ҳариш ўртасини ажратмайдиган, фойда кетидан ҳар қандай тижоратдан тап тортмайдиган кимсалардан ажратиб турадиган белгилардир.

4) Ҳақларни чўзиб юбормай ва ортга сурмай адо қилиш ва бу борада энг аввал Аллоҳнинг молдаги ҳаққи бўлмиш фарз закотларни адо қилиш, сўнг хизматчиларнинг иш ҳақи ва қарз эгасининг ҳаққи каби бандаларнинг ҳақларини адо қилиш.

5) Судхўрликдан ва унга олиб борувчи бузуқ – ношаръий битимлардан эҳтиёт бўлиш. Судхўрлар Аллоҳ ва Расули тарафидан уруш эълон қилинган кишилардир. Рибо – судхўрлик еттита ҳалок қилувчи катта гуноҳнинг бири, унинг соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиллари билан лаънатлангандир.

6) Одамларнинг молларини ботил ва ноҳақ ейишдан сақланиш. Зотан, мусулмон кишининг моли худди қони каби ҳаром – ҳурматлидир, мусулмоннинг моли унинг розилигисиз ҳеч кимга ҳалол бўлмайди. Хиёнат, алдов, қиморда ютиш, монополия, порахўрлик каби йўллар билан бировлар молини ейиш одамларнинг молларини ноҳақ ейишга киради.

7) Бошқаларга зиён етказишдан сақланиш. Мусулмон тижоратчи ўз тижоратида чиройли рақобат йўлини тутади, унинг барча тижорий ишларида «Зарарланиш ҳам, бировга зарар бериш ҳам йўқ»  қоидаси ҳукм суради. Бу – саноқсиз фиқҳий масалалар унинг остига кириб кетадиган умумий фиқҳий қоидалардан биридир.

8) Шариати исломияга зид келмайдиган тартиб-қоидалар ва йўриқномаларга амал қилиш. Зеро, уларга риоя қилмаслик билан молиявий жазо ва жарималарга гирифтор бўлиб қолиш мумкин.

9) Мўминларни дўст тутиш. Мусулмон тожир ўз умматига холис муҳаббатли, уммат манфаатларига содиқ бўлади, унинг қаршисига душманларига ёрдам бермайди, унинг душманлари билан унга зарар етказувчи тижорий шерикчиликка қўл урмайди.

10) Шариати исломиядаги тижорат ва муомала ҳукмларини ўрганиш. Бу юқорида айтилган ишлар ичидан энг биринчи бўлиб бошлаш зарур бўлган ишдир. Зеро, илм йўлбошчи, амал эса унга эргашувчидир. Амирул-муъминийн Умар розияллоҳу анҳу олди-сотдига оид ҳукмларни билмаган ҳолда бозорда савдо билан шуғулланаётган кишиларга дарра урар ва: «Бозорларимизда фақат динимизни яхши билган кишилар савдо қилсин!» дердилар (Имом Термизий ривояти).

Валлоҳу аълам.

Доктор Абдуллоҳ ал-Фақиҳ раҳбарлигидаги фатво ҳайъати тайёрлаган

 

 

   ЮкоригаÎ