Ислом Нури

Мақолалар

 

Эътикоф

 

Ҳозирловчи:«أنا مسلم» (Мен мусулмонман) электрон саҳифаси

 

Мутаржим: Абу Абдуллоҳ ал-Бухорий

 

Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, Унинг оиласи барча саҳобаларига салавoту саломлар бўлсин.

Сўнг ...

Бу - шайх Холид ибн Алий Мушайқиъ - Аллоҳ уни ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин - таълиф этган «Фиқҳул-эътикоф» китобига асосланиб ёзганим эътикоф аҳкомлари ҳақидаги мухтасар рисоладир. Мен унинг кучли далилларга асосланган сўзларига баъзи қўшимчаларни қўшдим, холос. Аллоҳ таолодан бу рисолани манфаатли қилишини сўрайман... Зеро, У саҳоватли зотдир..

Аввало: эътикофнинг таърифи.

Эътикофнинг луғавий маъноси:

«Эътикоф» - (араб тилида اعتكاف) бир нарсага боғланиш ва берилиш маъносидаги « عَكَفَ يَعْكِفٌ عُكُوفٌ ъакафа, яъкифу, ъукуфун» феълининг «ифтиъолун افتعال» бобидаги шаклидир. Бу феъл мутааддий (ўтимли) бўлиб келганида масдари «ъакф عَكْفٌ», лозим (ўтимсиз) бўлиб келганда эса, масдари «ъукуфун عُكُوفٌ» бўлади.

«Ъакафа عَكَفَ» феъли ўтимли бўлиб келганида, «тўсиш» ва «ман қилиш» маъноларида истеъмол қилинади. Масалан:  (عكفته عن حاجته أي: منعته) маъноси: уни ҳожатидан тўсиб турдим яъни ман қилдим.

(وَالْهَدْيَ مَعْكُوفاً أَنْ يَبْلُغَ مَحِلَّهُ) (الفتح:25)  أي : محبوساً. Ҳадя (қурбонлик қилиш учун олган ҳайвонларингиз) ни эса маҳбус бўлган ҳолида, ўз жойига етишидан тўсган кимсалардир. (Фатҳ: 25) Маъкуф яъни маҳбус.
 «Ъакафа عكف» феъли ўтимсиз бўлиб келганда, «бир нарсани лозим тутиш», «давомийлик», «иқбол қилиш», «яхши ёки ёмон бўлсин, бир нарсада сабот билан туриш» ни ифодалайди. Бунинг мисоли Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир:

( وَلا تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنْتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ) (البقرة:187)

«Сизлар масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда, (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қовушмангиз!» (Бақара: 187);

( مَا هَذِهِ التَّمَاثِيلُ الَّتِي أَنْتُمْ لَهَا عَاكِفُونَ) (الانبياء:52)

«Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир» (Анбиё: 56);

( وانظر إلى إلهك الذي ظلت عليه عاكفاً )

«... Устидан жилмай ибодат қилган илоҳингнинг ҳолига боқ!» (То-Ҳа- 97).

«Эътикоф» нинг истилоҳий маъноси: Бирон шахс тарафидан муайян услубда Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун масжидни лозим тутиш.

 

Иккинчи: Эътикофнинг ҳикмати

Қалбнинг самимийлиги, Аллоҳ таоло томон юриш асносида Аллоҳ таолога иқбол қилиш, мубоҳ нарсаларнинг ортиқчаларини тарк қилиш, Аллоҳ таолога бўлган унсиятни рўёбга чиқариш, Аллоҳ таоло учунгина ишлаш ва Унинг розилигига эришиш йўлида тафаккур қилиш билан бирга собитқадам бўлишидир.

Шариатда мавжудлигининг далиллари:

Эътикофнинг шариатда мавжуд эканига Қуръон, суннат ва ижмоъ далолат қилади.

Қуръоннинг далолати:

Аллоҳ таоло деди:

(وَعَهِدْنَا إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ أَنْ طَهِّرَا بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْعَاكِفِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ) (البقرة:125)

«Биз Иброҳим ва Исмоилга: «Менинг Байтимни тавоф қилувчилар, ўша ерда ибодат қилиб турувчилар, рукуъ - сужуд эгалари учун пок тутинг»- деб буюрдик» (Бақара: 125);

( وَلا تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنْتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ) (البقرة:187)

«...Масжидларда эътикофда бўлган пайтингизда улар (хотинларингиз) билан қовушмангиз!» (Бақара: 187).

Бу ерда масжидларга боғлашнинг Аллоҳга ибодат қилишга катта алоқаси бор. Рамазон ойининг кечаларида ҳам хотинлари билан қовушишни тарк қилиш - Аллоҳга яқин бўлишнинг бир кўринишидир.

 

Суннатнинг далолати:

Оиша разияллоҳу анҳо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларига қадар рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф қилдилар. Расулуллоҳдан сўнг рафиқалари ҳам (рамазон ойининг охирги ўн кунида) эътикоф қилар эдилар» (Имом Бухорий ривояти: 2026; Имом Муслим ривояти: 1172).

Бундан бошқа ҳадислар ҳам кўп.

 

Ижмоънинг далолати:

Эътикоф қилишга мусулмонларнинг ижмоъсини Ибн Мунзир, Ибн Ҳазм, Нававий, Ибн Қудома, шайхулислом Ибн Таймийя, Қуртубий, Ибн Ҳубайра, Заркаший ва Ибн Рушдлар нақл қилдилар.

 

Тўртинчи: Эътикофнинг ҳукмлари

Бунинг учта масаласи бор:

Биринчи масала: Эътикофнинг эркаклар учун ҳукми

Эътикоф қилиш - хотин-қизлардан бошқалар учун суннатдир. Чунки эътикоф, юқорида зикри ўтган далилларга биноан, шариатда баён қилингандир. Бироқ, моликий мазҳабига мансуб баъзи олимлар имом Моликдан ривоят қилинган нақлга биноан, эътикоф қилишни макруҳ ҳисобладилар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Мен бирон бир саҳобанинг эътикоф қилганини кўрмадим. (Имом Молик раҳимаҳуллоҳ фақатгина бир киши - Абу Бакр ибн Абдурраҳмоннинггина эътикоф қилганлик хабари етганини эслатади). Менимча, бу - эътикофнинг оғирлигидан бўлса керак. (Баъзилар имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг эътикофни макруҳ ҳисоблаганининг сабаби, унинг раҳбонийликка (ибодат учун одамлардан узоқлашишга) ўхшатгани ёки эътикофнинг шартларини тўла адо этиш қийинлигини назарда тутган бўлса керак, деб изоҳладилар.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: «Балки у (имом Молик) эътикоф учун муайян бир шаклни тасаввур қилган бўлса керак. Бўлмаса, кўплаб саҳобанинг эътикоф қилганини нақл қилганмиз»- деди.

 

Иккинчи масала: Эътикофнинг хотин-қизларга нисбатан ҳукми.

Уламолар ўртасида хотинларнинг эътикоф қилиш-қилмасликлари ўртасида ихтилофлар бўлсада, жумҳури уламо хотин-қизларнинг эътикоф қилишлари суннат эканига ҳукм қилганлар. Улар бунга қуйидаги хужжатларни далил қилганлар:

1. Эътикофнинг шаръий нарса эканига далолат қилган ҳужжатларнинг умумийлиги ва унда эркак ва хотинлар ўртасини ажратмаслик.

2. Аллоҳ таолонинг сўзлари:

( فاتخذت من دونهم حجابا )

«... Улардан беркиниб олган пайтда...» (Марям: 17);

كلما دخل عليها زكريا المحراب) )

«... Закариё у (Марям) нинг олдига - ҳужрага кирганида ...» (Оли Имрон: 37).

Бу оятларда зикр қилинган ибодат - масжиддаги эътикоф ва одамлардан пардаланиш бўлиб, у биздан аввалгиларга ҳам шариатларида баён қилинган. Бизга эса, уни рад этган бирон бир ривоят ва нақл бўлмагани учун шаръийдир (яъни шариатда рухсат берилган ибодатдир).

3. Оиша разияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг у ва Ҳафса  онамиз разияллоҳу анҳумоларга эътикоф қилишларига рухсат берганлари зикр қилинган ҳадис (Имом Бухорий: 2414; Имом Муслим: 1173).

4. Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қизил ва сариқ истиҳоза қони кўрган, намоз ўқир экан тагига тос қўйган баъзи рафиқалари ҳам эътикоф қилган эди» (Имом Бухорий: 309). Баъзи шарҳловчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу рафиқалари Умму Салама разияллоҳу анҳо эканини ёзадилар.

5. Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилиш асносида ҳайз қони кўрган аёлларни масжиддан пок бўлгунларига қадар чиқариб юборар эдилар» (Ибн Қудома, «Муғний»: 4/487; ибн Муфлиҳ «Фуруъ» китобида Абу Ҳафс Абқарийдан нақл қилди: 3/176; Ибн Батта: «Бу ҳадиснинг исноди яхшидир»- деди).

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари билан бирга эътикоф қилмоқчи бўлган рафиқаларининг чодирларини бузиб ташлашлари, уларнинг рақобатлашишларидан қўрққанликлари учун эди. Шунинг учун ҳам уларга: «Сизлар яхшиликни хоҳлайсизларми?!», деган эдилар.

Учинчи масала: Эътикофнинг рамазондан бошқа ойларда ва рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги ҳукми.

Бу ҳақда олимлар ўртасида ихтилоф бўлса-да, қувватлироқ ҳукм - жумҳури уламо ҳукми, эътикофнинг суннат эканидир. Жумҳури уламо қуйидаги хужжатларни далил қилиб олдилар:

1. Эътикоф қилиш далилларининг умумийлиги. Бу ҳукм - рамазон ва бошқа ойларни, рамазоннинг охирги ўн куни ва бошқа кунларни ҳам  ўз ичига олади.

2. Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилган ушбу ҳадис: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилмоқчи бўлсалар, бомдод намозини ўқиганларидан сўнг эътикоф қилинадиган ерга кирар эдилар... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофни тўхтатдилар ва Шаввол ойининг охирги ўн кунида эътикоф қилдилар» (Имом Бухорий: 2040);

«.. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаввол ойининг биринчи ўн кунида эътикоф қилдилар» (Имом Муслим: 1173).

Бу ҳадислардан эътикоф қилиш учун шариатда рухсат берилган пайт рамазон ва ўн кунликлар экани маълум бўлмоқда.

3. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо дедилар: «Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Мен жоҳилият пайтида Масжидул-Ҳаромда бир кеча эътикоф қилишни назр қилган эдим. (Нима қилай?)»- деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Назрингга) вафо қил!»- деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий: 2032; Имом Муслим: 1656).

Бу, рамазон ойи, рамазоннинг охирги ўн кунлари бошқа кунларнинг барча кечалари эътикоф қилиш учун муносиб вақт эканини кўрсатмокда.

4. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар рамазон ойи ўн кун эътикоф қилар эдилар. Вафот этган йиллари эса йигирма кун эътикоф қилдилар» (Имом Бухорий: 2044). Бу ривоят эътикоф рамазоннинг охирги ўн кунидан бошқа кунлар ҳам эътикоф вақти бўлиши мумкин эканини кўрсатмокда.

Бундан бошқа далиллар ҳам кўп.

 

*     *     *

 

 

   ЮкоригаÎ